Қатра

 

Баҳор, сени соғиниб ҳаяжон билан кутдик. Қишнинг совуқ, қаҳратон кунларида сенинг хаёлинг билан кўнгилларимиз илиқлик туйди.

Баҳор. Ҳаволаринг худди мушк-анбарга ўхшайди. Чуқур-чуқур нафас олсанг ҳам, тўймайсан киши. Ям-яшил оламга термилиб бутун ташвишларинг унут бўлади. Шишадай тиниқ, мусаффо зангори осмондан поклик ёғилаётгандай. Кўкка талпиниб қад рост­лаётган майсаю гиёҳларда нур жилваланади. Баҳор ёмғири майсалардаги ғуборларнигина эмас, балки кўнгилдаги ғашликни, юракдаги дардларни ҳам ювиб кетади. Дарахтлар куртаклари шукрона айтмоқ учун кафтларини очаётгандай... Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси ғанимат, умр энг улуғ неъматлигини бизларга яна бир бор эслатаётгандай...

Табассумга лаб очмоқ бўлаётган ғунчаларга, ранго-ранг чечакларга, кўз тўймас яшилликларга боқиб тилларимиздан бир жумла учади: "Субҳаналлоҳ!.."

Ялпизларнинг хушбўйлари далалардан уйларимизгача кириб келди. Бу уйғониш, яшариш қувончидан ҳаттоки қиш давомида тўшакка михланиб ётган бемор ҳам бебаҳра қолмайди, ҳар тонгни эзгу умид билан қаршилайди. Юзларидан, кўзларидан нур ёғилиб турган отахон-онахонлар "Яна баҳорга етдик, елкамизга кўклам қуёши тегди", деб шукроналар айтишади.

Яшариш, гўзаллик фасли, хуш келдинг! Ҳар янги кунни Аллоҳ мунаввар, мукаррам этсин!

 

Шаҳрибону Султонова,

Тошкент