Ўтганларни эслаш тирикларнинг бурчи, зеро, Қуръон хулқи билан фазилатланган кишиларнинг ибратли ҳаёти ҳамма учун сабоқ бўлиши шубҳасиз. Исмоил қори Исмоил сўфи ўғилларининг ҳаётига доир айрим воқеа ва ҳодисаларни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: "Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни бошқаларга ўргатганларингиздир" (Бухорий, Термизий, Абу Довуд ривоятлари).

Отам Исмоил қори Исмоил Сўфи ўғли (1911–1991) ана шундай, умматнинг яхшиларидан эди, деб ўйлайман. Қуръони каримга муҳаббат болаликлариданоқ дилларига жо бўлган. Чиройли тиловатни тинглаганида ҳайрат-ҳаяжонда қолар эканлар. Кейинроқ, бурро-бурро гапирадиган бўлгач, "Отажон, менга ҳам Қуръон ўқишни ўргатинг", деганлар. Зеҳни ўткир, хотираси кучли бўлганидан тезда ҳарф таниб, дона-дона ўқий бошлайди. Боласидаги бу иштиёқни кўрган бобом жиддий шуғулланишга киришади. Иштиёқ ва меҳнат самарасини бериб, отам тўққиз ёшида Қуръони каримнинг ўн уч порасини ёд олади. Шунда Рамазон ойида биринчи марта таровеҳ намозида қорилар қаторига қўшишади. Элнинг дуоси билан ўн бир ёшида Қуръони каримни ёд оладилар.

Бобом тез-тез такрорлайдиган: "Қуръони азмуш-шаънни шундай ёд олиш керакки, умр­нинг охиригача хотирадан кўтарилмайдиган бўлсин", деган ўгитларини ҳам бир вазифа сифатида қабул қилади. Каломуллоҳ у кишининг дилига мус­таҳкам ўрнашган эди. Бир дўстига: "Қуръон ўқиб туриб ухлаб қолсам, уйқумда ҳам тиловат қилишда давом этган ҳолатларим бўлган", деганларини эшитганман.

Ўн олти ёшида етим қолган отамнинг бошига рўзғор ташвиши тушади. Укаси ва синглиси ёш, уларни боқиш, тарбия қилиш керак. У-бу юмушларни қилиб юргач, иморат қурувчи устага шогирд тушади. Тиришқоқлиги боис ғишт териш, дурадгорлик билан бирга электр симларини улаш, том ёпиш ишларини ҳам уддаларди.

20-йиллар очарчиликлари, 30-йиллар қатағонлари, 40-йиллардаги иккинчи жаҳон уруши қанча уламолар, устозларни ҳам ҳаётдан олиб кетади. Одамлар тирикчилик ташвишига тушди. Отам ҳам тирикчилик аравасини тортдилар, шу билан бирга масжиддан узилмади. Қуръони каримга бўлган муҳаббатлари ёши улғайгани сари кучайди.

Айтишларича, ўшанда отамнинг ёши ўттиздан ўтган пайт экан. Бир куни чиройли тиловатини тинглаган кексароқ киши ўқилган оятларнинг маъноларини сўраб қолибди. Отам жавоб қайтаришга қийналибдилар. Шунда отахон: "Қори болам, қўлингизга узук тақибсиз-у, кўзи йўқ экан-да..." дебди. Бу гўзал мажозни "Аллоҳ марҳамат қилиб кучли зеҳн ва хотира берибди, қори бўлибсан, лекин Қуръоннинг маъноларини тушунмасанг, фақат сўзга маҳлиё бўлиб ўтасан, ҳамма ҳикмат уни англашда", деб тушунган отам сарф-наҳв, балоғат, Ислом тарихи ва тафсир илмларини ўрганишга жидду жаҳд қилади. Шу тарзда диний илмларни мустаҳкам эгаллаб, халқ ва аҳли илм ўртасида ҳурмат қозонади. У кишининг илми шу даражага етдики, 1964–1968 йиллари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси (ўша пайтда идора шундай номланган) чоп этган Қуръони каримнинг Усмон Мусҳафига мослигини текширувчиларнинг охиргиси, яъни сўнгги назардан ўтказувчи қори отам бўлади. У киши: "Беадад шукр, мар­ҳамат қилиб илми ладуний ҳам берди", деб кўп қайтарарди. Кундалик нашрларни доимий кузатиб бориши, рус тилида бемалол сўзлаши ҳам фазлига фазл қўшганди.

 Ўша пайтлар отамдек илм­ли бўлиш ҳаммага ҳам насиб қилавермас эди. Шу сабаб уни кам сонли масжидлардан бирига имомликка таклиф қилишди. Рози бўлмади, ўрганган касби – устачиликни ташламади. Аммо эшигидан савол сўраб келганларни, саводини чиқариш истагида бўлганларни қайтармади.

У киши шукрона тарзида: "Қанча одам билан суҳбатлашмай, дилимда Қуръон ўқиб туравераман", дер эдилар. Ўзим ҳам бунга кўп гувоҳ бўлганман. Суҳбат асносида ҳам оғзидан Қуръон жумлалари чиқиб кетар, бу ҳолдан ўзини ноқулай сезиб, узр сўраб қўяр эди. Ҳатто бир гал... талабалик пайтим эди. Кечқурун: "Эртага мени автобусга солиб юбор, Жиззахга бориб келаман", деб қолди. Тонг­да уйғо­нибоқ болахонага қарадим. Чироқ ёниқ эди. Намозларини ўқиётган бўлсалар керак, деб ўйладим. Бир оздан ке­йин чиқиб салом берсам, бош қимирлатиб алик олган бўлдилар. Машинага ўтирдик. Шунда: "Машинада олиб бориб кела қолай?" десам, бошни инкор маъносида чайқаб, автобусда жўнаб кетдилар. Тушдан ке­йин ўқишдан қайтганимда, ярим соатлардан кейин отам келди. Чиқиб салом бердим, ҳол-аҳвол сўрадим. Индамай болахонага йўл олди. Ярим соат ўтар-ўтмас, чой, деган овоз эштилди. Югуриб чиқдим. "Яхши бориб келдингизми?"– дедим. Отам жавоб қайтарди:

–     Алҳамдулиллаҳ! Бомдод намозидан кейин хатм бошлагандим, ҳозиргина тугатдим. Сен билан борсам, шунча вақт гап-сўз билан ўтиб кетар эди, ўқишдан ҳам қолар эдинг. Вақтни қадрлаш керак!

Отам ҳалолликни ҳамма нарсадан устун қўяр эди. Бир куни дўстининг маслаҳати билан гўшт комбинатига чорва молларини топшириб, пулига машина олмоқчи бўлади. Шу мақсадда молларни олиб йўлга чиқади. Кечувдан ўтишаётганида, негадир машина тўхтайди.

–     Нима гап, машина бузилдими? – сўрайди отам.

–     Қори ака, молларни бир суғориб олайлик.

–     Нега суғорасиз, ҳозир етамиз-ку! – ҳайрон бўлади отам.

–     Сизга ёрдам бўлсин деб, молларга сув ичирмагандим. Ҳозир олтита молнинг ҳар бири сув ичса 50 килога оғирлашади! Ҳаммаси 300 кило! Пулингиз етмай юрмасин!

–     Кўнглимни хира қилманг, – дейди отам. – Етмаса, пулини тўлармиз, аммо бунақа олғирлик қилиш керак эмас.

Моллар топширилганда, гўшт кўзланганидан 150 кг ортиқча чиқади ҳам. Ҳайдовчи: "Қори ака, ҳисоблаб қўйган экансиз-да", деб кулган бўлади. Шунда отам жиддийлик билан яна бир чиройли сабоқ беради:

–     Барака ҳалолликда! Худо баракасини берсин!

Назаримда, отам кўп соҳанинг билимдони эди. Хоҳ оилада, хоҳ ишда бўлсин яхши маслаҳатлар берарди. Ҳақ амри, ҳақиқатни ҳамма нарсадан устун қўяр, ким бўлишидан қатъи назар, ҳуқуқ ва мажбуриятларини эслатиб турарди. Оилали бўлганимиздан кейин бизга: "Аёл ожиза! Унга доимо адолат ва меҳр-шафқат билан муомалада бўлиш керак! У билан кенгашиш, гапини эшитиш ҳам лозим. Бироқ ҳар бир масалада эркак кишининг ўз мус­тақил фикри бўлиши керак", – деб таъкидларди.

Суҳбатларида бўлганлар аксарият ҳолларда гапларини ҳужжат ўрнида ишлатишар, аммо отам тақвоси ва фатво беришга эҳтиёткорлиги сабаб бундан қайтариб: "Сизлар мендан ўрганганингизни ўзингиз учун сарфланг, бировларга гапириб юрманг. Чунки айтганимдек тушунтириб бера олмаса­нгиз, мени ҳам, ўзингизни ҳам маломатга қўясиз", дерди.

Отам ёрдам сўраб келганни ҳеч қачон ноумид қилмас, маҳалладаги камхарж оилалар, боқувчиси йўқларга доимий равишда ёрдам берарди. Бу ишларни Аллоҳ розилиги учун савоб умидида қиларди.

Бир куни тоблари қочиб қолди. Шифокор олиб келдик. Бир пайт отам: "Ука, уйқумда омонатни топшириб қўймасмиканман?!" деб сўради шифокордан. Ўшанда ёшлик қилиб: "Одам қанча узоқ умр кўрмасин, барибир яшашни истайверадими?" деб юборибман. Менинг ўринсиз саволимдан хафа бўлиш ўрнига зав­қланиб жавоб берди: "Эшигимни тақиллатиб, масала сўраб келган одам жавобимдан қониқиш ҳосил қилиб турибди. Бу мен учун охират захираси. Кимнинг захирадан бебаҳра қолгиси келади!" Отам шу ётганича ўрнидан турмади. Икки ойдан кейин омонатини топширди. Йиллар ўтгани сари у кишининг бир гапларини кўп эслайдиган бўлдим: "Оламдан ўтган яқинларинг қилиб юрган ишларингни кўриб туришади. Агар яхшиликка интилсанг, руҳлари шодланади, аксинча бўлса, аччиқланишади. Шунда ҳам: "Эй Парвардигор, болам ҳозирча ноқобил бўлиб юрибди. Тавба қилмагунича жонини олиб қўйма!" деб дуо қилишаркан.

Ҳозиргача ҳар ишда отамнинг талабчан нигоҳларини ҳис этиб тураман. У кишига муносиб ворис бўлиш – фарзанд­лик бурчим. Зеро, элда фақат яхшилиги, билимдонлиги билан эсланган отага муносиб фарзанд бўлмоқ ҳам улкан масъулият.

 

Абдуғани қори ИСМОИЛ қори ўғли,

"Ниёзмат ота" жоме масжиди имом-хатиби