Маърифатли аёл

Унинг ҳузурида ўзимни самимиятдан сабоқ олгандек ҳис этаман. Таниш ҳикмат, ривоятларни ундан эшитар эканман, худди биринчи бор тинглаётгандек бўламан. Чунки у ҳайратини, кўзёшларини қўшиб сўзлайди. Китобдан неча бор ўқиган бўлсам-да, ундан эшитганимда кўпроқ таъсирланаман. Ҳузуридан ҳамиша ёқимли таассурот билан қайтаман.

 

Ирода

Болалигимда укам билан эшик олдида ўйнаб ўтирсак, ёнимиздан чап қўлида челак кўтариб, ўнг қўлининг эса, енгини осилтириб бир аёл ўтиб кетди. Анграйиб қолдим. У ҳақда бувимдан сўрадим. "Холбиби холангни кўрибсан-да, бояқишнинг бир қўлини тирсагидан пасти йўқ. Чап қўли билан кир ювади, нон ёпади, болаларини бешикка белайди. Рўзғорининг кам-кўсти йўқ. Икки қўли бутун бўлса-да, эшикма-эшик гурунг­га чопаётган аёлларнинг ҳам куни ўтяпти, Холбибининг ҳам уйим, бола-чақам деб куни ўтяпти..." дедилар. Ўшанда бувимнинг сўзларига унчалик ҳам тушунмаган эдим. Энди билсам, Холбиби холанинг кучли иродаси унинг ўнг қўли вазифасини бажарган экан.

 

Ҳайратим ошади

Мен уни ҳаммадан яхшироқ англагим келади. Қалби сирларга тўлами, дейман.

Айтади, эшитаман: "Менга қаттиқ гапирганларга қаттиқ гапирай дейман-у, аммо сукут билан жавоб қайтараман. Билсам, кўнглимдаги калималар бундайин қаттиқ сўзларни тилимга чиққани қўймас экан". Ҳайратим ошади. Сўзлари эртакларга уланиб кетгандек бўлади. Айтаётган ҳикматлари, тафаккури, фикрлари етмиш китоб ичидан ҳам топилмаслигига амин бўламан. Сўзларидан таъсирланаман. Қорачиқларим намланади. У эса менинг ҳолимни кўриб яна айтади: "Ҳикматдан таъсирланиб титраганимизда Жаброил қаноти билан сийпагандек бўлади..." Ё Худо, дейман, илм, файз, маърифат бир аёлда бўлса, шунчалик бўлар.