Кекса кишиларнинг: “Етказганингга шукр”, деган гаплари қулоғимиз тагида ҳамон жаранглайди. Бугун эса ўзимиз ҳам ёш эмасмиз.  Ҳар кун,  ҳатто лаҳзаларнинг ғанимат эканини инсон улғайгани сайин чуқур англаб бораркан. Ражаб, Шаъбон, Рамазон ҳам ҳаш-паш дегунча ўтиб кетади. Ушбу ойга етказгани учун шукрини қила оляпмизми?

Шафоат, раҳмат, мағфират каби фазилатларга тўла саноқли кунлардаги баракотли ойни интиқлик билан кутиш, унинг яқинлашганини кишиларга эслатиб туриш ва муносиб тайёргарлик билан бошлаш кераклигини ҳар бир мўмин ёдда тутиши лозим. Салмон (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаъбоннинг охирги куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: “Эй одамлар! Дарҳақиқат, муборак бир ой бошланмоқда. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади. У сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойидир. У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади“, дедилар. Шунда: “Эй Аллоҳнинг расули, рўзадорни ифторлик қилдиришга ҳамманинг ҳам қурби етмайди-ку?“ дейилди. У зот: “Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилдирган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан  сув ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг савобича ажр бўлади, унинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди...“» (Имом Абу Фазл “ Муснад”ида келтирган).

Муалло ибн Фазл айтади: «Биздан олдин ўтганлар Рамазонга етказишини сўраб Аллоҳга олти ой дуо қилишган бўлса, кейин олти ой бу ойдаги ибодатларининг қабул қилинишини сўраб илтижо этишган».

Хабарларда, Рамазоннинг охирги кечаси ҳам мағфират кечаси бўлади, дейилган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Рамазоннинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади“, дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг расули, у Қадр кечасими?“, деб сўрашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўлиқ қилиб берилади“, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Демак, саховат ва Қуръон ойи бўлган Рамазони шарифнинг ҳар бир соатлари, ҳатто дақиқаларини беҳуда ўтказиш мўмин учун катта йўқотишдир. Ҳатто ўтган пайғамбарлар бу ойнинг уларга берилишини орзу қилишганида, Ҳақ таоло ҳабиби Муҳаммаднинг умматларига  (алайҳиссалом) хосланганини баён этди. Биз ожиз инсонлар бу ойга етказганига шукр этайлик, ғанимат онларни беҳуда ўтказиб юбормайлик.

 

Баҳодир МИРКАМОЛОВ,

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани “Саъд ибн Ваққос” жоме масжиди имом-хатиби