Яқинда мустақиллигимизнинг йигирма икки йилини қарши оламиз. Ўтган ҳар бир фурсат тарихнинг ўчмас зарварақларига олтин ҳарфлар ила битилиб бораверади.

Ватан деган ўлчам олам чегарасидан кўра кенг... агар олисда бўлса, соғинган қалбларга малҳам, муҳтожларга йўлдош, адашганларга маёқ бўлган ёруғ туйғудир. У имонли одамларнинг дилдошидир.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Мадинага келганларидан сўнг она шаҳри Маккаи мукаррамани эслаб бундай деганлар: «Агар Маккадан чиқиб кетишга мажбур бўлмаганимда эди, ҳеч қачон ихтиёрим билан у ерни ташлаб кетмаган бўлардим».

Ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаш, соғиниб яшаш инсоният фитратидаги нозик туйғудир. Ҳакимлар айтади: «Кишининг вафодорлиги Ватани учун қайғуриши, яқинларини соғиниши ва умрининг зое кетган вақтларига ачиниб яшаши билан ўлчанади».

"Ҳар қандай қалби қаттиқ инсон ҳам Ватан деган сўзни эшитган ҳамон кўнглидан алланечук бир соғинчни ўтказади. У туйғунинг нималигини балки ўзи ҳам сезмас. Аммо у ҳам соғинади", деган эди устозлардан бири. Ҳа, тилига чиқмаса-да, дунёдаги миллиардлаб кишиларнинг ич-ичидан ҳис этадиган туйғуси уни киндик қони томган тупроқ, вояга етган макони томонга тортаверади. Хорижда бир муддат яшаб қайтганлардан бири шундай деган эди: "Қиши қаҳратон, баҳори ҳайратомуз, саратони иссиқ ва қуруқ, кузаги эса одамларидек мунис бир маскан, ястанган кенгликлардаги одмигина қишлоғимни соғиндим..."

 

Абдувоҳид ЎРОЗОВ