Бугун – келажагингизнинг илк куни. Бу эса, нима бўлган тақдирда ҳам, ҳали бошлаш учун имкониятингиз бор дегани. Гарчи жуда қийиндек туюлса-да, ўтмишда йўқотганларини қайтадан топиш учун йўл излаш инсонга куч беради, бардошли қилади.

Зеро, бизга ёмонликдай туюлган ишларда ҳам бир яхшилик, ҳикмат яширин. Фақат бунга ишонсак, ўша яхшиликни қидириш, топишга иштиёқ туғилади. Бунинг учун салбий деб билганимиз воқеа-ҳодисаларга бирма-бир боқсак, қўрқув эмас, умид билан қаршисига чиқа олсак, кифоя. Масалан, ҳаётимизда нохушлик билан тугаган муносабатлар бўлса, ўзимизга бундай савол берганимиз маъқул: “Мен бу муносабатлардан фойдали нарса ўргандимми? Ўзим билан боғлиқ нимани тушуна олдим?”

Агар бугунгача ҳеч бир ишда узоқ вақт ишлолмаган бўлсангиз, ўзингизга бундай саволларни бериб кўринг: “Мен бу иш жойларимда нималарни ўргандим? Ишимни давом эттиришим учун нималар қилишим керак эди? Бундан кейин нима қилишим керак? Яхши томонга ўзгариш учун тажрибаларимдан хулоса чиқара оламан? Бу ишларни танлашда янглишмадимми?”

Хотирангизда қолган ҳар бир яхши-ёмон воқеадан хулоса чиқаришга урининг. Ана шунда олдинга янада теранроқ боқа бошлайсиз. Зеро, бу ақлли инсонларнинг сири. Улар эриша олган марраларга сиз ҳам етиша оласиз.

Бошлаш учун кеч эмас, аксинча, воз кечиш афсусланиш учун жуда эрта. Буни тушуна олсангиз, ҳамма нарса осон ҳал бўлади. Ўттиз ёшдаги одам ўқиш ёки бир иш бошини тутиш учун кеч деб ўйласа, бошқа бири қирқ ёшида университет талабаси бўлганига хурсанд. Кимдир қирқ ёшида оила қуришга кечикканига афсус чекиб ўтирса, яна кимдир олтмиш ёшида фарзандли бўляпти. Тўрт мучаси соғ одам енгилгани учун дунёга хафсаласиз боқса, мажруҳ кимса қаҳрамонлик даражасига чиқяпти. Бу инсонлар орасидаги ягона фарқ нуқтаи назарда. Тўхтаб қолганлар уддалай олмасликлари сабабларини қидираркан, олдинги сафдагилар яна нималар қўлидан келишини чамалашади.

Шундай экан, тушунчаларингизга диққат билан назар солинг, интилишдан тўхтаманг. Бўлган ишлардан тўғри хулоса чиқаришга ҳаракат қилинг. Эртанги ҳаётингизга яхши ўзгаришлар киритиш, ранг-баранг оламларни очиш учун бугун ҳаётга ишонч билан жилмайиб боқинг.

Зебунисо ҲУСАЙН