Бу жумланинг кучини ҳеч ҳис қилганмисиз?

Мактабда ўқирдим. Телекўрсатувлардан бирида иншолар танлови эълон қилинди. Энг яхши иншо эгалари кўрсатувга таклиф этилиши айтилди. Мен ҳам ёздим. Таклиф этилганлар рўйхатида исм-шарифимни кўриб, қандай қувонганимни таърифлаб беролмайман. Ҳаяжоним чексиз, тинмай кун санайман. Аммо... қатнашолмадим. Ўша пайтдаги қайғумни ҳам ифодалай олмайман. Бироқ ўшанда она тили ва адабиёт ўқитувчимнинг бир оғиз сўзи бутун изтиробларимга малҳам бўлган эди: “Майли, бу ҳам насиба-да. Лекин, кўрсатувда қатнашганингизда, албатта, ғолиб бўлардингиз. Мен доим сизга, билими­нгизга ишонганман”. Ана шу ишонч мен учун ўша пайтда жуда катта ғамдек туюлган изтиробларни унуттирган, олдингидан ҳам яхшироқ ўқишга, ўрганишга ундаган.

Мен эса шуни била туриб: “Сизга ишонмайман”, дедим. Ва бунинг натижаси тезда намоён бўлди – мақсадга интилишингиз олдингидан ҳам сусайди. Ишончсизлик билан таъсир кўрсатмоқчи эдим, кутганимдай бўлмади. Шунда яна ўқитувчимнинг сўзларини эсладим: “Мен сизга ишонаман”.

* * *

Хонадан чиқиш олдидан ҳамкасбим сумкасидан ниманидир қидиришга тушди. “Нима йўқотдингиз?” деб сўрадим. У эса кулди: “Ҳеч нарса. Шу пайтгача бирор марта йўқотмаган бўлсам ҳам, уйнинг калитини тушириб қўйгандек бўлавераман. Сумкамни бир қараб, калитни кўрмагунимча кўнглим тинчимайди. Эрим доим: “Уйни қулф­лаганмисан? Калитни йўқотмадингми?” деб ишонч­сизлик билан сўрайверганидан кейин, калитни тушириб қўйган бўлишим мумкин, деган ваҳима одатга айланиб қолди”.

 

* * *

Дугонам билан фалон куни фалон соатда кўришишга келишдик. Ўчакишгандай ўша куни қанча ҳаракат қилмай, учрашувга кеч қолдим. Узр сўрадим, дугонам келишилган вақтдан эртароқ келганини эшитгач, баттар хижолат бўлдим. “Телефон қилиб, айт­мабсиз-да”, худди айб ундадек оғриндим. “Телефоним уйда қопкетибди”. Кулдим: “Шу бугунам ташлаб келасизми? Мен келмай қолганимда нима бўларди?” “Келмай қолмасдингиз... – деди дугонам хотиржам, – сиз билан келишиб бирор марта панд емадим. Барибир келасиз. Бир йил кейин бирор жойда учрашишга келишсак, ўшангача бирор марта хабарлашмасдан, айтган жойингизга боравераман. Чунки ўлимдан бошқа сабаб бўлмаса, албатта, келишингизга ишонаман”.

Шу гапдан кейин сабабсиз кечикишим мумкинми?..

 

* * *

Сиз: “Бу менга бир одат бўлди”, дедингиз. Кейин уялдингиз, кўзингизни олиб қочдингиз. “Сиз кучлисиз, – дедим. – Бундан катта синовлардан чиройли ўтгансиз. Бу одатдан ҳам қутуласиз, иншааллоҳ, сизга ишонаман”, дедим. Сўзларимда самимий эдим, кўзимга миннатдор боқдингиз. Биламан, ҳозироқ ўша одатдан воз кечолмайсиз, бу рост, лекин ҳар гал ўша ишга юз бурсангиз, сўзларимни эслашингизга ва бундан қутулиш учун бор кучингиз билан ҳаракат қилишингизга кўзим етади...

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи