Болаларни яхши кўраман...

Чунки уларнинг кулгиси самимий. Ҳаракатларида ясамалик учрамайди. Боладаги беғубор ва муаттар борлиқ катталар орасида йўқ. Кекса кишилар, хасталар, ёлғиз одамлар болалар билан овунишади, дилларига таскин беришади...

Болаларни яхши кўраман...

Чунки уларнинг нигоҳлари беғубор, қалблари тоза. Улар хиёнат нималигини билишмайди. Уларнинг ўзлари ҳам, кўзлари ҳам сизни ҳеч қачон алдамайди... Мурғаккина қалбларида энг тоза, беғубор туйғулар яшайди, масъум нигоҳларида содда туйғуларнинг тиниқ аксини кўрасиз...

Болаларни яхши кўраман...

Чунки улар кин ва адоват нималигини билишмайди. Ўзларига нисбатан қилинган қўпол ва совуқ муомалани жуда тез унутишади. Юзига тарсаки туширган қўлларни бир муддат ўтиб-ўтмай, чин муҳаббат билан, илиқ меҳр билан ушлайди... Қайноқ инжулар тўккан мужгонлари қуриб улгурмасдан, келиб бўйнингиздан қучоқлайди, юзларингиздан ўпади, чимирилган қошларингиз ўртасини, тиришган пешонангизни нозик қўлчалари билан силайди...

Болаларни яхши кўраман...

Чунки уларнинг кўзлари, қулоқлари ва оғизлари кўнгил ҳовузига гуноҳ оқизмайди. Қўлларидан, бармоқларидан ҳам гуноҳ томчиламайди. Шу сабаб уларнинг қўллари теккан нарса “кирланмайди”.

Болаларни яхши кўраман...

Чунки уларнинг вужудларида гул ҳиди, райҳон нафаси бор. Уларнинг кўзлари дунёни бошқача – тоза рангларда кўради.

Болаларни яхши кўраман...

Чунки уларда менга ҳам Аллоҳ инъом қилган, лекин аллақачонлар йўқотиб юборганим покиза туйғулар бор...

Болаларни яхши кўраман...

ГУЛБАҲОР,

Ғузор тумани