Кўнгил баъзан дунё ташвишларидан безиб кетади, ғам-ташвишлардан йироқ бўлишни истайди. Шундай пайтларда бутун вужудим, қалбим билан Аллоҳнинг уйи сари ошиқаман. Қандоқ ҳам ошиқмай, ахир! Киши унга томон қўйган ҳар қадамига ажр олса, у ерда қилинган ибодатга зиёда мукофотлар белгиланган бўлса, ташвишлардан ҳориган вужудимга ором, хотиржамлик инса, ошиқмайдими?!

Бу масканда намоз ўқиб, Қуръон тиловат қилиб, тиллар, диллар яйрайди. Кўнгил Аллоҳга боғланади.

Бу масканда барча баробар, кишилар бой-камбағалга, оқ-қорага ажратилмайди. Бунда битта ўлчов бор – мусулмонлик!

Бу масканда мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, “ака-укалардай яқинлиги, бир-бирининг дарду қувончига шериклиги гўзал ҳаёт тарзи яна ҳам яққол кўринади. Ҳамма муқтадий бўлиб, охиратда энг олдин сўралувчи намозларини бир киши – имомга топширади. У эса шунча юкни зиммасига олиб, ҳамма учун намоз ўқиб беради.

Бу масканда кишилар фаришталар саф тортгандек саф тортади, ҳамма бир томонга юз буриб, ягона мақсад – Аллоҳ розилигини кўзлаб, ибодат қилади.

Бу масканда барча биргаликда намозни адо этиб бўлгач, Қуръони карим тиловат қилинади. Муборак Калом оятлари кўнгилларга сакинат бахш этади. Сўнгра Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, Уни улуғлаб барча зикрда бўлади.

Ва ниҳоят, дуога қўл очилади. Бунда ҳам ушбу масъулиятли ишни имом зиммасига олади, бошқалар эса бу эзгу дуолар ижобати учун “Омин!” деб туришади. Қанчалар яхши ҳолат! Бир мақсаддаги кишилар бир киши бошчилигида дуоларни қабул этгувчи ягона Зот – Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога юкунадилар, ёлворадилар...

Бундай жойга, хотиржамлик, ҳузур масканига ошиқмай бўладими?!

Ғиёсиддин МУҲАММАД ЮСУФ