Эрта тонгданоқ оиламнинг ширин ташвиши, унинг каму кўстини таъминлаш режаларини тузаман. Ахир мен оила бошлиғиман. Бу иш ҳам фарзим, ҳам бурчим. Янги кунга хайр, ишимга барака тилаб, қўлимни дуога очаман: “Ё Аллоҳ, Сендан ҳалол ризқ, қабул бўлувчи амал ва фойда берувчи илм сўрайман”. Озода ва сувлар сепилган, тупроқ иси таралиб турадиган ҳовлимизга чиқиб баҳри дилим очилади. Тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оламан. Оиламнинг файзи онажоним уйимнинг тўрида ўтириб дуо қиладилар. Яна янги кунга етказганига шукр. Аёлим тайёрлаган нонушта кўнглимга қувонч, танамга қувват бағишлайди. Нонуштадан кейин болаларни боғчага ва мактабга кузатиб, кўнглим хотиржам ишга кетаман. Чунки юртим тинч, осойишта меҳнат қилиш учун шароитлар таъминланган.

Йўл-йўлакай атрофимдаги одамларни кузатаман. Ким ишга, яна ким ўқишга шошади. “Бирни кўриб фикр қил”, деганларидек, ногоҳ айрим давлатлардаги беқарорлик, уруш-жанжаллар кўз олдимдан ўтади. Юртимни шундай фожиалар, нотинчликдан Аллоҳ сақласин! Эрта тонгда ширин ташвишлар билан дунёга юзланиш қайда-ю, кўздан уйқу қочиб, ҳар дақиқа қўрқув, хавотирда яшаш қайда?

Яқинларимнинг қўлига бесабаб тикан киришини истамайман. Раҳматли бувижоним иккинчи жаҳон уруши давридаги қийинчиликлар, қаҳатчилик ҳақида гапириб берардилар. ...Нонга навбатда туриб жон берган қария, унинг қўлидаги нонини тортиб олиш учун кимлар бир-бири билан... Бундай воқеаларни эслаш ҳам оғир...

Яхшиям ҳам юртим тинч, мўмин-мусулмонлар орасидаман. Бутун ер юзи, барча халқу элатларга энг ширин неъмат тинчлик тилайман.

Абдуқодир МУРОДОВ