Эркин ВОҲИДОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири

 

“Девону луғотит турк”да “эдгу” деб битилган, яхшиликни англатувчи бу асл туркий сўз бугунги адабий тилимизда “эзгу” шаклида қўлланилади. Худди арабча “дарб”ни “зарб”, “даиф”ни “заиф” деб айтганимиз каби. Тил тараққий этгани сари қаттиқ товушлар юмшоқлари билан алмашиб боради, чоғи, қадимги “одоқ” сўзи “оёқ”, “адиқ” сўзи “айиқ” бўлди. Усмонли турк тилида қаттиқ “ҳ” товуши йўқолиб бўлган.

“Эзгу”га айланган “эдгу” сўзидан бора-бора халқ тилида “з” ҳам тушиб қолди. Эгиликнинг кечи йўқ, дейдиган бўлдик.

Турк қардошларимиз талаффузни енгиллаштиришда биздан ҳам ўзиб кетдилар.Улар эдгу ҳам, эзгу ҳам, эги ҳам деб ўтирмай, “ийи” дедилар-қўйдилар. “Яхши” сўзи турк тилида “ийи” бўлди.

Агар тилни муайян халқнинг жамоавий интеллектуал мулки десак, сўзларни бузиш, қисқартириш, ҳар қандай ўзгартириш қатъий тақиқланиши керак эди. Лекин тил тўғрисида халқаро битим йўқ. Халқлар бир-биридан сўз ва атамаларни ҳеч бир ижозатсиз оладилар, ўзларига мослаб истаган шаклга соладилар, хоҳлаган маънони юклайдилар, таниб бўлмас ҳолга келтирадилар.

Ривоят қилишларича, Мирзо Бедил кўчада кетатуриб ўз байтларини бузиб хиргойи қилаётган деворзан ёнида тўхтабди ва индамай унинг терган ғиштларини йиқитаверибди. Ҳай-ҳайлаб дод солган деворзанга қараб шоир бундай дебди: “Мен фақат деворингни буздим, сен шеъримни бузиб, менинг хонумонимни вайрон қилдинг. Ким кўпроқ фарёд кўтариши керак, сенми ё менми?”

Деворзан тавба қилиб, узр сўраган экан.

Ажабо, шеърнинг эгаси бор, лекин сўзнинг эгаси йўқ. У бамисоли чарақлаган юлдуз, оқиб ётган дарё, эсиб турган шамол каби ҳамманики.

Ҳеч ким ҳеч кимга, ҳеч бир халқ бошқа бир халққа, менинг сўзимни олдинг, ўзгартирдинг, буздинг, дея даъво қилмайди.

Руслар фиръавнни “фараон”, Бобилни “Вавилон”, Сурияни “Сирия” деб айтсалар, бизнинг исмларимизни “Кадыр”, “Таджи”, “Гулям” деб талаффуз қилсалар, биров, ҳой, нима қиляпсан, демайди. Чунки бу ҳол кўпга келган тўй. Ўзимиз ҳам талай хорижий сўзларнинг додини берганмиз. Дамашқда бир араб шоирига Алишер Навоий девонларидан бирининг номи “Бадоеул васат” деб тушунтиролмадим. Араб тилида бунақа сўз йўқ, деб туриб олди. Ҳар қанча уринмай, уқтириб бўлмади. Жаҳлим чиқиб ичимда: Эҳ, ўзининг тилини билмаган араб, дедим. Бу баҳсни узокдан эшитиб турган бошқа араб ёнимизга келди-да, мендан сўради:

– Балки “Бадоеул” эмас, “Бадоиъул васат”дир?

У сўз ўртасидаги айн ҳарфини чуқур бўғиздан чиқариб, шундай ғайритабиий овоз билан айтдики, мен бунақа товушни ҳеч қачон ўхшата олмасман.

– Худди шундай, – дедим қувониб, – фақат бунақа талаффуз қилиш учун араб бўлиб туғилиш керакдир балким.

Ўша куни, ўзининг тилини билмаган араб, деб ичимда айтган гапимни яна қайтиб олдим.

Сурияда биз меҳмон бўлган жой араблари орасида насронийлар ҳам бор экан. Йўл четидаги насронийлар мозорида арабий ёзувларга кўзим тушди.

Араб ёзуви бизнинг онгимизга Қуръони карим хати, Ислом белгиси бўлиб жойлашгани учун бу манзара менга ажабтовур бўлиб кўринди.

Мени бир нарса фахрлантирди. Араб адиблари грамматика, яъни, сарфу наҳв устида тортишиб қолсалар, Замахшарийни “қози” қилар эканлар. Замахшарий бундоқ ёзган дейилса, тамом, баҳс тугар, эътирозга ўрин қолмас экан.