Хотирам кўчалари... баҳорда ёмғирлардан бўтана лойга тўлган, ёз чилласида майин тупроқлари тўпиққа урадиган, кузда икки ёндаги гувала деворлардан ҳам изғирин шамол нафаси келадиган, қишда эса сал эҳтиётсизлик қилсанг музлари сирпантириб йиқитадиган кўчалардан ўсмир бола ва унинг синглиси кетиб боради. Бу – акам ва мен. Худонинг берган ҳафтаси борки, камида икки марта Марғилондан Бўстон қишлоғига пиёда қатнардик: боришда қўлимизда оппоқ дурра рўмолга тугилган иккита иссиқ нон, қайтишда эса чўнтакларимиз тўла майиз, туршак, жийда... Назаримда, бир соатдан кам юрмасдик. Ёшлик-да, баъзида бизни танимаган болалар тош отишарди, қувлашарди, лекин биз бу ҳақда ота-онамизга айтмасдик ҳам. Онам тандирга нон ёпишни бошлаган замон йўлга чиқишга тайёргарликни бошлардик, Бўстон қишлоғига – опоғдадам Қозоқвой ҳожи (онамнинг оталари) ва бувимизга иссиқ нон олиб боришга қанотимизни қоқиб турардик...

Орадан ўтган ярим асрдан кўпроқ фурсат ҳам у йўлларда қалбимга тўлиб-тошган қувонч ҳароратини пасайтирмагандек, талпиниш суръатини сусайтирмагандек. Умр китобимда бир саҳифаки, бунақаси жуда кам, қайта-қайта очиб термулиб ўтиргим келади. Бизни оҳанрабодек ўзига тортган нима эди? Ширинликларга ўчлигимизми? Озми-кўпми қанд-қурс, қуруқ мевалар ўз уйимизда ҳам бор эди-ку. Ёки ўша кўчаларда юриш шунчалар завқлимиди? Ахир ҳовлимизнинг шундоққина орқасида шаҳар истироҳат боғи жойлашган, яқин-атрофда бошқа қариндош-уруғлар ҳам кўп эди... нега айнан Бўстонга бошқача интиқлик билан қайта-қайта боришга тайёр эдик?

Опоғдадам юз ёшдан ўтиб вафот этганларида, иккинчи синфда ўқирдим. Кейин бувим ҳам чин дунёга равона бўлдилар. Болалик оламимнинг бир нурли қасри эшиклари аста ёпилгандек бўлди. Йиллар тақдиримизни янги-янги йўллар билан боғлайверди, ўзимиз ҳам бобо, буви бўлдик. Лекин туғишганлар қачон йиғилишиб қолсак, албатта Бўстонга олиб борган кўчаларни эслаймиз, хаёлан бўлса-да, опоғдадамни зиёрату дуолар қиламиз. Улғайган сари англадимки, биз туршагу майизлар илинжида эмас, оиламиз шажара дарахтининг танаси, илдизига айланиб бораётган ғанимат инсонларнинг ҳеч кимникига ўхшамаган, донишманд кўзларида бизни сўзсиз эркалаб турадиган меҳру муҳаббатига ташналикдан Бўстонга қуш бўлиб учарканмиз. Мисоли булоқ сувлари, ёмғирдан кейинги мусаффо ҳаво каби қалбимизни улғайтирувчи ўгитлари, меҳрибонликлари... Бизни Бўстонга бобо ва бувимиз борлигидан қувончу ифтихоримиз етаклаб бораркан... Оиласида кекса ёшли ота-оналари, бобою бувилари бўлган одамларга: “Катта давлатингиз бор экан”, деб ҳавас қилишларининг сабаби ҳам шундан экан, менимча.

Барча ота-онага фарзандлари, невараю эваралари узоқ йиллар давомида талпиниб келиб хабар олиб туришлари насиб этсин.

Муҳтарама УЛУҒОВА