Қалам

 

Қалам ясовчи ҳозиргина йўнган қаламни қўлига олиб, бундай дебди: "Мана энди дунёга келдинг, хизматга тайёрсан. Лекин сени ишга жўнатишдан олдин айтадиган бешта сўзим бор. Сўзларимдан чиқмасанг, дунёдаги энг яхши қалам бўласан:

1. Қудратингни кўрсатиш учун кимнингдир қўлида бўлишинг керак.

2. Вақти-вақти билан йўнилиб, учланиб туриш азобига дуч келасан. Лекин бу азоб сенинг сифатингни сақлаш учун зарур.

3. Қилган хатоингни тузатиш имкониятинг доимо бор.

4. Унутма, сенинг энг муҳим бойлигинг ичингдаги нарсангдир.

5. Шароит, вазият қанча ёмон бўлмасин, ёзишда давом этишинг, ўзингдан аниқ ва равшан из қолдиришинг шарт".

 

Бир пиёла чой

Хаёл қилинг: олдингизда бир пиёла чой турибди. Унга бир қошиқ шакар қўшинг. Лекин аралаштирманг. Ичиб кўринг-чи, шакарнинг мазаси чиқдимикан? Алабатта, йўқ. Пиёлага бир оз боқиб туринг-да, сўнгра чойдан хўпланг. Қалай? Маза кирибдими? Менимча, йўқ.

Вақт ўтиб, чой совиб боряпти, бироқ сиз ҳали бирор хўплам ширин чой ичолганингиз йўқ. Бу туришда чой совуб, охири ҳеч ким ичгиси келмай ҳам қолади...

Ҳаёт ҳам шундай. У худди бир пиёла чой кабидир. Аллоҳнинг сизга берган ақл-заковати эса шакар. Агар уни ишлатмас экансиз, шакарнинг мазасини била олмайсиз.

Акмал АВАЗ