Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхонимнинг болалик йиллари ҳақидаги хотираларида шундай манзаралар тасвирланади: “Катта боғ-роғли ҳовлимизда эрта баҳордан кеч кузгача хушбўй ва хушрўй гуллар очилиб ётарди. Етти оға-ини оилалари билан битта ҳовлида яшардик.

... Рамазон ойларида ўртага катта дастурхон ёзиб, чойнак-пиёлаларни ярақлатиб ювиб, ёнғоқларни чақиб, майизу узум шинниларини чиройли идишларга солиб, рўза ифторини кутиб, руҳинг тиниқлашиб, чеҳралар ҳам майин тортиб, ўзаро муносабатларда эзгулик барқ урар эди...”

Ҳақиқатан ҳам, умримиз китобини варақлаганда, ҳар гал қалб энтикади: болалигимиздан моҳи Рамазоннинг ҳар бир куни байрам эди. Оталаримиз оила дастурхонини тансиқ таомларга сероб этишар, оналар эса ҳовлию уй-жойларнинг ҳар доимгидан ҳам озода, саришта, чиройли бўлишига бош-қош эдилар. Хонадонларда осойишта, тиниқ кайфият...

Биз, болалар учун рўза ифтори арафасида Рамазон қўшиқларини айтиб келадиган офтобда тобланган аёлларни нариги маҳаллаларгача кузатиб бориш, уларга қўшилиб қадрдон қўшиқларни айтишнинг завқу шавқи бошқача эди.

Рамазон, ё Рамазон, ё Рамазон,

Муҳаммад умматига байрам Рамазон.

Менинг ота-онам болалигимизда, ўсмирлигимизда маҳаллада бўладиган тўй-маъракаларга киришимизга қатъий рухсат беришмасди. Айримларга ўхшаб тўй дастурхонидан нималардир кўтариб ҳам чиқишмасди-ю... Лекин Рамазон оқшомларида болаларга қўшилиб қўни-қўшниларнинг дарвозасини тақиллатиб:

Рамазон айтиб келдик эшигингизга,

Худойим ўғил берсин бешигингизга.

Шу уйнинг орқасидан ой кўринар,

Шу уйнинг эгалари бой кўринар.

Рамазон, ё Рамазон, ё Рамазон,

Муҳаммад умматига байрам Рамазон, –

деб куйлаб юришимизга рухсат беришарди. Бор овозда куйларканмиз, хонадон эгалари бу хушхабар, қувончни ҳар куни миннатдорчилик билан кутиб олишарди, бизни ширинликлар билан сийлашарди...

Адабиётга, шеъриятга ёшлигимиздан қизиқишим борлигиданми, айниқса, Рамазон қўшиқларини айтиб келадиган аёлларнинг шевасидаги ўзига хосликларгача мен учун қизиқ эди.

Рамазон айтишамиз, келинг, қани,

Рўзанинг закотини беринг, қани.

Йиллар ўтгани сайин бу қўшиқлар менинг ҳам қалб мулкимга айланди. Айниқса, улардаги соддалик, ихчамлик, самимият... моҳи Рамазоннинг азизлиги, ғаниматлигини тасвирлаш асносида онгимизга улуғ ҳикматларни сингдиришини англаганим сайин уларни беихтиёр такрорлайдиган бўлдим:

Рамазон айта-айта одатим-а,

Ёқамга ўттиз тумор қададим-а.

Ёқамда туморлардан бири қани,

Бултурги мўминлардан бири қани?..

Ҳа, ҳали маъносини англаб-англамай бу қўшиқларни куйлай бошлаганимга ярим асрдан ортиқ вақт ўтди. Моҳи Рамазон – Аллоҳнинг бандаларига чексиз марҳамати ҳар йили қалбимизни, хонадонларимизни нурга чулғади. Халқнинг бу қутлуғ ойга муҳаббати, соғинчи, эзгу тилаклари ифодаси бўлган равон сатрлар дилдан ўтаркан, хаёлдан: “Республикамизнинг турли ҳудудларида биз билмаган яна қанча Рамазон қўшиқлари бор. Уларни тўплаш, ёшларга айтиб бериш фарзандларимиз маънавиятини бойитади, моҳи Рамазонга муҳаббатини орттиради”, – деган фикр кечаверади.

Ҳа, “Бултурги мўминлардан бу йил қани?”

Ғанимат умримиздан икки дунёмизни обод этувчи эзгуликлар қолиши насиб этсин!

 

Муҳтарама УЛУҒОВА