Анчадан буён ўзим билан ўзим овораман. Уй юмушлари, болаларга ўралашиб, атрофимда нималар бўляпти, қўни-қўшним, ёр-дўстларимнинг аҳволидан ҳам бехабар қолиб кетдим. Кўнглимдаги ҳисларим рангсизлашиб қолган эканми, “менга тегма, мен ҳам сенга тегмайман” қабилида яшайвердим. Ҳаётим бир маромга тушиб қолгандек, хотиржам эдим.
Шундай кунларнинг бирида ён қўшним меҳмонга чақирди. Кирдим, суҳбат асносида қўшнилар муносабатидаги ғайритабиийликни сезиб қолдим. Суриштириб билсам, тахминан бир йилча аввал икки қўшнимиз жанжаллашиб қолган экан. Ҳар иккисининг атрофида ўз тарафдорлари. Уришган қўшнилар бир-бири билан гаплашмайди, атрофидагилар эса пичинг гап айтишади. Ўзимни ноқулай ҳис эта бошладим, бирор баҳона билан даврани тезроқ тарк этиш ҳаракатига тушдим. Шу он ёдимга Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг: “Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, лекин бу имоннинг энг заиф даражасидир”, деган ҳадислари тушди (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Жанжаллашиб қолган икки аёл ўртасини ислоҳ қилиш, бу ишлари хатолигини тушунтиришга уринмаётгани учун қўшниларимдан ранжидим. Ҳаммадан кўпроқ ўзимдан хафа бўлиб кетдим. Менга жаннат берилишини хоҳлайман, мендан Аллоҳ рози бўлишини истайман, силаи раҳм қилиб, ризқимни орттириш ҳаракатидаман, қўни-қўшничилик ҳақларини имкон қадар ўрнига қўйишга уринаман. Бироқ аразлашган икки қўшнимни ўз ҳолига ташлаб қўйибман.
Жанжаллашган аёлларнинг ёши каттароғига яқинлашдим:
– Уришиб қолганингизга анча бўлдими?
– Вой, эшитмаганмидингиз, бир йил бўлди, – жавоб қилди у.
– Яқин дугона эдинглар, доим бир-бирингизга кўмаклашаётганингизни кўриб, ҳавасим келарди. Шундай қўшнилар бир йилдан бери гаплашмай юрса... Сиз биздан яхшироқ биласиз, мусулмон кишиларнинг бир-бири билан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ярамайди. Кечирим сўрай қолинг, савобнинг каттасини олиб кетасиз!
Гапларим қўшнимга ёқмади. Кескин рад жавобини берди:
– Мен-а?! Ундан кечирим сўрайманми? Ҳеч қачон!..
Бир кўнглим, қўлимдан келганини қилдим, деб жим кетмоқчи ҳам бўлдим. Аммо бу тўғри эмаслигини қалбдан ҳис этиб турардим. Хотиржам тортолмадим. Эртасига кечга яқин бир коса ош кўтариб иккинчи қўшнимнинг уйига чиқдим. Тушунишидан умид қилиб, биринчи кечирим сўраган кишига бериладиган ажрдан гапирдим. Бунисининг ҳам паст тушгиси йўқ, фақат юзимдан ўта олмай жим турарди. Унга яхши маслаҳат берган бўлдим:
– Эртага арафа (бу ҳам Аллоҳнинг бизга берган жуда гўзал имкони эди), ҳамма қўшнилар қатори унга ҳам бир коса ош чиқаринг, шу билан барча дилхиралик барҳам топсин.
– Майли, сиз атайлаб чиқиб, менга яхшиликни илиниб турганингиз учун, сиз учун шу ишни қиламан!
Кўнглим равшан тортди, жисмимга тоза ҳаво киргандек бўлди. Ҳикоятда айтилганидек, ёмонлик, гина, кин, адоват ёмон ҳидга ўхшайди. Агар уни ўз вақтида тўхтатилмаса, тўрт тарафни ёқимсиз ис тутиб кетади.
Ривоят қилинишича, Ҳорун Рашиднинг дўсти Баҳлул Доно: “Эй халойиқ! Гуноҳ ва ёмон ишлардан узоқ бўлинг!” деб барчага насиҳат қилар экан. Баъзи одамлар буни ёқтирмай Ҳорун Рашидга шикоят қилишибди. “Дўстингизнинг насиҳатларидан тўйиб кетдик. Биз гуноҳ иш қилсак, унга нима? Ҳар бир қўй ўз оёғидан осилади”, дейишибди. 
Ҳукмдор: “Тушунарли”, деб бир қўй сўйдириб, кўчага остириб қўйибди. Бир неча кун ўтгач осилган тана сасий бошлабди.
Халқ яна подшоҳнинг олдига келиб: “Қўйни бу ердан олдириб ташланг. Бадбўйидан безор бўлдик”, дебди. Ҳорун Рашид айтибди: “Сизга нима, ҳар бир қўй ўз оёғидан осилади”.
Шундагина одамлар хатоларини тушуниб етишган экан…
Нигора МИРЗАЕВА