*   *   *
“Алман зўр, – дейди айримлар, – гаплашсанг, маза қиласан”.
Унинг уйида бўлган киши ҳайрат билан кўрганини айтади: “Уйи тўла китоб экан”.
Кўп китоб ўқиган одам ҳақпараст бўлишини у вақтлар мен ҳали яхши англаб етмаган эдим.
Гоҳо у дўпписини бостириб кийганча кўчамиздан ўтиб қолади. Ҳеч кимга, ҳеч нарсага эътибор бермайди. Нималарнидир хиргойи қилади.
 
*   *   *
Далалар сукунат қўйнида. Каналдан оқиб ўтаётган сувнинг шовуллашигина қулоққа чалинади. Боя борлиқни босиб кетган қурбақалар садоси сўнган. Кўкка кўтарилган ой сирли тус олган, кўнгил алланечук маҳзун ҳисларга тўла. Алман шеър ўқиди.
 
Ёшлик – зангор фасл. Кечди. Сарғарди.
Тўкилди у, шафқат билмас баргрезон.
Қора совуқларга отиб юборди,
Шамоллар пойида синмоқда хазон.
 
Ёшлик – зангор фасл. Кечди. Сарғарди.
– Одамнинг йиғлагиси келади, – деди Алман.
“Ёшлик – зангор фасл. Кечди. Сарғарди”. Умр кетяпти. Сокин тун, ойдин кеча. Синиқ оҳангда ўқилган шеър... Қаршимда синовчан нигоҳини қадаганча Алман турарди. Унинг олдида ўзимни имтиҳон топшираётган талабадай ожиз ҳис этдим.
 
*   *   *
Алман юришдан тўхтаб, само тўла юлдузларга боқаркан, ўнг қўлини кўкка кўтарди. Бош бармоғи билан кўрсаткич бармоғини бирлаштирди.
 
Бир япроқ, томчи сув ё бир кафт тупроқ
Сингари бағрингда митти юракман.
Тупроқ – нон, сув – ҳаёт, нафасдир япроқ.
Эй Ватан, сенга мен нечук керакман?
 
Биз бир тепаликнинг устига чиқиб ўтирдик.
Кўзга кафтдек ташланиб турган қиш­лоғимизда бирин-кетин чироқлар ўча бошлади.
– Ухлашяпти, – деб гап бошлади Алман. – Жуда узоқ ухлашяпти...
 
*   *   *
Ўша куни ҳам эрталабдан лой қораётган эдим. Кўкда қуёш қиздирар, афту ангорим лойга қоришиқ афтодаҳол турардим. Алман мендан анча нарида тўхтади. Шеър ўқимоқчилигини сездим. Отимни ундан аввал қамчиладим.
 
Бир кун келар,
Худонинг сўлим мусичалари
Осмон ювган ҳалол тумшуқларида,
Олиб келадилар ўша бир кунни.
 
Алман ўнг қўлини хиёл кўтариб, бош бармоғи билан кўрсаткич бармоғини бирлаштирди; кўзларини ярим юмган кўйи нималарнидир эслашга ҳаракат қилди. Сўнг майин, таъсирчан товушда мен ўқиган шеърни давом эттирди.
 
Сени юпатмоққа журъат йўқ менда,
Сен менинг кечмишим, умрим бўлаги.
Фақат мен қайғулар тилайман сенга,
Каттакон қувончнинг унсиз ўланин.
 
– Сизга тенг келиб бўлмайди, – мақтадим уни.
– Нега ҳашарга айтмадинг? Уловидан тушови қимматга тушади деб ўйлаган бўлсанг керак-да.
Сўнг Алман билан узоқ вақт кўришмадик. Мен тирикчилик домига тортилиб кетдим. У эски бир машинани ямаб-ясқаб деҳқончилик қилиб юрди.
 
*   *   *
Мустақиллик йиллари Алман ўзини анча ўнглаб олди. Бир куни ишдан ҳориб келаётсам, янгигина “Нексия” йўл ёқасида тўхтади.
– Ўтир машинага, – таклиф қилди Алман, – чарчаган кўринасан, уйингга ташлаб қўяман.
Ҳол-аҳвол сўрадим.
– Мустақилликдан айланай, – деди у, – қара, мендай бир бекорчини одам қилди-я!
– Нима ишлар қиляпсиз?
– Деҳқончилик қиляпман, – жавоб қилди у кулимсираб.
Алман машинасини меникига эмас, уйига қараб бурди.
Унчалик катта бўлмаган ҳовлининг этагига ўзига хос иккита хона солинган, узун тортилган оқ мато ҳовли тўридаги уйни пана қилиб турарди.
Алман мени ўша кираверишдаги уйчага бошлади. Ўртадаги хонтахтада китоблар тахланиб турарди.
Мезбон китобларни оҳиста четга сурди-да, деразадан ҳовли тўрига овоз берди.
– Кампир, биз келдик, меҳмон бор.
Алманнинг ўғли дастурхон солди, чой келтирди. Мен эса китобларга назар ташладим: ёстиқ устида Қуръоннинг ўзбекча тафсири, сал нарида ҳазрат Яссавийнинг “Ҳикматлар”и...
– Катта ўғил пойтахтга ўқишга кетди-ю, уни қўллаб турай деб мен ишга зўр бердим. Машинани янгиладим. Топиш-тутиш ҳам ўзгарди.
– Намоз ўқияпсизми? – сўрадим ундан.
– Қазо қилганларимни қўшиб ўқияпман, – деди у, – борган сари енгил тортяпман. Масжидга чиққанимни кўриб, устимдан кулганлар ҳам бўлди. Лекин... Ишдан бўш кезларим Яссавийдан Румийгача, Сўфи Оллоёрдан Машрабгача ўқиб чиқдим.
– Румийни ўқимаганман, – дедим.
Алман ўрнидан туриб китоб титкилашга тушди ва Румийнинг “Маснавий”сини қўлимга тутқазди.
– Ҳамма ҳикмат шу ерда экан, биз олислардан қидириб юрибмиз.
– Нима ишлар қиляпсиз?
– Деҳқончилик.
– Мингбулоққа, қизимникига олиб бориб келинг, – деб илтимос қилдим ундан.
– Айтган кунинг тайёрман.
– Эртага тушдан кейин...
Эртасига айтган вақтимда кўчадан машина товуши эшитилди.
– Сен баҳона, – деди Алман, – эллик йиллар бурун савалашиб катта бўлган оғайниларни ҳам зиёрат қилиб келмоқчиман...
Ҳасан МАНЗУР