Болалигимда ёд олганим бир шеърда бундай мисралар бор эди:

Уруш!

Номинг ўчсин жаҳонда,

Ҳамон битмас сен солган алам.

Сен туфайли кўп хонадонда

ОТА номли буюк шодлик кам!

...Ҳовлимиз мактаб билан ёнма-ён бўлиб, кичик дарича эшик бизни мактаб боғига олиб чиқарди. Отам ўқитувчи бўлганидан, эрталаб шу эшик орқали ишга йўл оларди. Дарсга кириш ҳамда чиқиш учун чалинган қўнғироқ садоси уйимизга жаранглаб эшитиларди. Пешинда, дарслар тугайдиган пайтни мўлжаллаб, опаларим билан дарича томон югурардик. Отам ҳовлига кирибоқ ҳовучларимизни шоколад ва қанд-қурслар билан тўлдирар, бошимизни силар, мени эса опичиб оларди...    

Орадан салкам қирқ йил вақт ўтибди ҳамки, дарича ҳамон бор. Бироқ... энди ҳовучларимизни қанд-қурсга, юракларимизни меҳрга тўлдирадиган инсон ундан кириб келмайди... унга элтувчи чеккалари кўм-кўк ўт билан қопланган ёлғизоёқ йўлда болаларига шодлик улашадиган Отанинг фақатгина оёқ излари қолган, холос...

Уруш... Нақадар совуқ ва даҳшатли сўз.

Мен урушни кўрмаганман. Аммо у ҳукмронлик қилган жойда кўзёшлар, қонлар дарёдек оқишини тасаввур қила оламан. У туфайли фарёду изтироб, фиғону аламлар осмонлар қадар юксалишини ҳам биламан.

Мен жангу жадал кечаётган кўчалардан ҳам ўтмаганман. Аммо ота меҳрига тўйиб улгурмасдан ўксиб қолган қалбим шоҳидлигида айтаманки, болалик хаёлларим ҳамда зада руҳим уруш вайрон қилган кўчалардан отамнинг изларини ахтариб, йиғлаб югурган... Отам вафот этганида эндигина беш ёшда эдим. Қонли иккинчи жаҳон урушида орттирилган жароҳату асоратлар мен учун энг азиз инсонни бу дунёдан олиб кетди. Ҳовлимизни тўлдирган тумонат одам кетидан зор югураркан, уларнинг елкаларида мен учун энг қимматли бўлган инсон кетиб бораётганини гўдак шуурим билан ҳис қилолганман...

...Болалигимда ёд олганим кўплаб шеърлар бугун деярли хотирамдан ўчиб кетган. Аммо:

Уруш! Номинг ўчсин жаҳонда,

Ҳамон битмас сен солган алам!

мисралари армон ва алам тилкалаган қалбимни ҳануз тарк этган эмас... Негаки, мен “ОТА номли буюк шодлик”дан маҳрум ҳолда улғайдим. На онаизоримнинг меҳрибонлиги, на акаларимнинг шафқати-ю на опаларимнинг парвоналиги ота меҳрининг ўрнини боса олган, на кемтик кўнглимни дунё неъматлари тўлдиролган...

Бугун ер юзида бирорта гўдак менингдек ота меҳридан жудо бўлмаслиги, энг қимматли кишисидан ажралиб, болалик сурурини суриш ўрнига тобут ортидан зор-нолон қолмаслиги учун: “Уруш, номинг ўчсин жаҳонда!!!” дея ҳайқираман.

Дуога қўл очган ҳар бир инсондан ер юзига тинчлик тилашини сўраркан, тинчликдек бебаҳо неъматнинг қадрига етишларини ҳам истайман.

Пошшолигим бўлган болалигимни мендан юлиб олгани, норасида руҳимга аламли соғинчлар таъмини эрта тоттиргани боис, урушниям, уруш тарафдорлариниям кечирмайман, кечиролмайман!..

Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ