Бомдодда эсган кучли шамол ғафлатдаги кимсага билинмади, у уйқуда давом этди. Аммо уйғоқни янада “уйғотди”. Деразам олдидаги дарахтнинг шамол эпкинида шиддатли силкиниши қалбимга қўрқув солади. Дарахт­га қўнган қушлар жон талвасасида шохларга ёпишганча “ёрдам сўрашгандай” чуғурлашарди. Шамол  дарахт шохларини эгган сари улар янада қаттиқроқ чириллашади. Худди кечагина қалбларга қўрқув солган ер силкинишида жони ҳалак аёлу эркак уйларидан кўчага югураётгани каби... Дарахт шохлари қарсиллаб синди. Узоқ-яқиндан ҳар хил ваҳимали овозлар эшитилди. 
  Алҳамдулиллаҳ,  ҳар иккиси ҳам бир зум давом этди.  Соатлаб ёки кунлаб давом этса, нима бўларди? 
“Эй инсонлар! Парвардигорингиздан қўрқингиз! Зеро, (қиёмат) соати (олдидаги) зилзила улуғ даҳшатли нарсадир. Уни кўрар кунингиз эмизаётган (оналар) эмизиб турган (боласини) унутар ва барча ҳомиладор (аёллар) ўз ҳомиласини ташлаб юборар: одамларни маст-аласт ҳолда кўрурсиз. Ҳолбуки улар ўзлари маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир” (Ҳаж, 1–2).
Яратганнинг “Менга дуо қилинглар, мен ижобат қиламан” (Ғофир, 60) ваъдаси ҳақ! Ишончим комил, уйғоқлар шу он Яратгандан: “Ё Раббий, офат, балодан Ўзинг асра!” – дея ёлбориб сўрашди. 
Шамол эпкини секинлашиб, шивирлаб ёмғир ёға бошлади. Қалбим хотиржам бўлиб, атроф­ни кузатаман... 
Яратганнинг: “Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушиш­ларидан ушлаб турур. Агар улар қулайдиган бўлсалар, Ундан ўзга ҳеч ким уларни ушлаб тура олмас. Албатта, У ўта ҳалим ва ўта мағфиратли бўлган Зотдир” (Фотир, 41); “Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер устида қимир этган жониворни қўймас эди. Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр. Ўша ажаллари келганда эса. Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчи Зотдир” (Фотир, 45), деб огоҳлантириш­лари ёдимга тушдию, бир зум ўйга толдим... 
Сарвари коинот (алайҳиссалом) умматларини яхшиликка чақириб, шундай марҳамат қилган эканлар: “Ким жаннатга муштоқ бўлса, яхшиликларга шошилади. Ким дўзахдан қўрқса, шаҳватлардан тийилади. Ким ўлимни кутса, лаззатларга бепарво бўлади. Ким дунёдан кўнгил узса, мусибатлари унга енгил бўлади” (Байҳақий ривояти). 
“Осмонда буржлар қилган ва унда чироқ ва нур сочгувчи ой қилган, кеча-кундузни бирин-кетин қилган” (Фурқон, 61–62), “Денгизни унда Ўз амри билан кемалар юриши учун ва сиз Унинг фазлидан исташингиз учун бўйсундириб қўйган” (Жосия, 12), “Ерни халойиқ учун қўйган, у(ер)да мевалар ва гулкосали хурмолар” (ар-Раҳмон, 11) қилган,  “Дарё-денгизларни бир-бири билан учрашадиган қилиб қўйган” (ар-Раҳмон, 19) Зот ҳузурида уялмаслик учун яхшиликларга шошилайлик. Кичик бўлса-да, яхшилик қилиб, дуолар олайлик. Зеро, дуолар ризқимизни, умримизни узайтиради. Ахлоқ-одобда чиройли бўлайлик, бу ишлар ила фарзандларимизга, атрофдагиларга намуна бўлайлик, етим-есир, камбағал ҳақларига ҳушёр бўлайлик. Улуғ неъматлар шукрини адо этайлик. Зеро, вақтимиз, умримиз ғанимат.
 
Райҳона Шомирзаева