Яқинда “Ислом нури” газетасида чоп этилган “Ислом дини террорга қарши” (муаллиф Айдарбек Тулепов) мақоласида ҳозирги кунда кенг ёйилаётган “исломофобия” – оммани Ислом динидан бездириш, чўчитиш ҳаракати аниқ далиллар асосида фош этилган.

 Турли бузғунчи оқимлар ўз қинғир қилмишларини Ислом дини билан ниқоблашмоқдаки, бу ҳол динимизга нисбатан салбий қарашлар эҳтимолини юзага келтираётгани бор гап. Шу маънода, муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, муқаддас динимизни пок сақлаш, уни турли ғаразли куч ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда...  

Дарҳақиқат, Ислом дини пайдо бўлибдики, мудом зулм ва жаҳолат билан курашиб келади. Бу ҳақда Айдарбек Тулепов мақоласида бундай дейилган: “Исломдан чўчитиш ҳаракати тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Муҳаммад (алайҳиссалом)га пайғамбарлик келган илк йилларда ҳам мушриклар Ислом динини ёмонотлиқ қилиш, яъни исломофобия уруғларини сочиш учун турли қинғирликлар содир этишган. Жумладан, Қуръони карим ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаънларига номуносиб гапларни айтишган. Ваҳоланки, дин душманлари Исломни қанчалик ёмон кўрсатишга уринишмасин, Аллоҳ Ўз динини азиз қилиб қўяверади”. 
Ислом – эзулик, бағрикенг­лик, тинчлик ва тараққиёт дини эканига шубҳа йўқ. Буни ҳатто Европа олимлари ҳам аллақачон тан олган. Хоссатан, инглиз тарихчиси Вилз “Инсоният тарихи ифодалари” китобида: “Европа ўзининг идорий ва тижорий қонунлари бўйича Исломдан қарздордир”, деб ёзади. Бутун дунёга машҳур  адиб ва файласуф Бернард Шоу: “Фақат Ислом динигина ҳаракатланувчи кучга  эгадир ва барча замонларда башариятнинг фойдасига хизмат қила олди”, дейдики, бу ҳақли эътироф замирида Ислом динига нисбатан катта эҳтиром мужассамдир. Ислом динини ёмонотлиқ қилиб, оламга айю­ҳаннос солаётган душманларнинг пуч даъволарига катта раддиядир.
Муқаддас Ислом дини ҳақида турли уйдирма ва бўҳтонларни уюштираётган кимсалар гўё имтиҳонга тайёргарликсиз келган абитуриентни эслатади. Ўзига ишонмайди, ўзи қўрқаётгани бир нав-ку,  бошқаларни ҳам ўзига ўхшашини хоҳлайди. Нав­бати етганда эса, оғзига келганини валдираб,  устозларнинг энсасини қотиради...  
 
Зокиржон ШАРИФОВ,
Тошкент шаҳридаги "Яккасарой" жоме масжиди имом-хатиби