Кения аҳолисининг учдан икки қисми бенуэ-конго тилларида сўзлашувчи маҳаллий халқлардир. Қуйида уларнинг мақолларидан намуналар келтирилди.
• Ёлғон қанчалик тез учмасин, ҳақиқат уни қувиб ўтади.
• Кўр-кўрона ишонч хатарлидир.
• Хаёлингга келган илк фикрни тилингга чиқараверма.
• Шошилиш мақтов келтирмайди.
• Бўйсунишга мойил киши қўмондон бўлолмайди.
• Доим ҳар нарсадан норизо одам эътибордан қолади.
• Чўкаётган кемага дарға керак эмас.
• Онаси тарбия бермаганни ҳаёт тарбиялайди.
• Филлар жанжали бутага зиён.
• Лой қуримасдан ғишт қуй, болани ёшлигидан ўргат.
• Билганинг – ўзингники, гапирганинг – бировники.
• Бир қўл билан арқонни боғлаб бўлмайди.
• Тариқнинг қандайлиги хирмонда билинади.
• Яхши маслаҳат – бойлик.
• Тез топилган тез йўқотилади.
• Момақалдироқ ҳали ёмғир дегани эмас.
• Фазилат бойликдан афзал.
• Каламушга қўйилган қопқонга айбли ҳам, айбсиз ҳам тушиши мумкин.
• Бўш хумнинг жаранги баланд бўлади.
• Юзингни асраб қолиш учун бурнингни кесма.
• Энг яхши ғаввос ҳам чўкиши мумкин.
• Ҳар эшикнинг ўз калити бор. 
• Ўзингга ёрдам берсанг, Худо ҳам сенга ёрдам беради.
• Туганмас йўл йўқ.
• Тинчликка арзон йўл билан эришиб бўлмайди.
• Очлик ўлдирмайди, очлик қўрқинчи ўлдиради.
• Катта балиқ кичик балиқни еб битиради.
• Байрам мангу давом этмайди.
• Эркак уйнинг боши бўлса, хотин – юраги.
• Буқадан озор чеккан бузоқдан ҳам чўчийди.
• Дарё ҳеч қачон тоққа қараб оқмайди.
• Шер гўшт тополмаса, ўт ейди.
• Бировнинг омадини тортиб ололмайсан.
• Маймунга дарахтга чиқишни ўргатма.
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ 
таржимаси.