Энг яқин дўст
 
Китоблар, болалигимдан сиз билан биргаман. Ҳали ақлимни танимаган, ҳали фикрларимни дангал майдонга ташлашни билмасимдан илгари, митти гўдак ҳолимда, балки тилим чиқмасдан аввал, кўнгил дарвозамни қоққансиз. Билмадим, балки энам бешик тебратиб китоб ўқиган чиқар, сутга қўшиб шеър, нон билан ҳикмат тутгандир оғзимга, эҳтимол, атак-чечак юра бошлаганимда қўлтиғимда китоб бўлгандир. Китоб йиғиб юрганимда, мактабга бормасдан, ўзим сиғадиган катта жомадоним бор эди, лиқ тўла китоб. Китоблар дўстларим эди, улар-ла кеча-кундуз биргайдим, кўзим юмсам, тушларимга ранг-баранг китоблар кирарди, уйлардай катта китоблар, китоб тоғлари қатор эди... анҳор, ариқларда китоб оқарди шариллаб, ёмғирмас, турфа хил китоб ёғарди. Китоб ўсар ўрмонларда кезардим. Уйғонсам, қуёш китоб бўлиб нур сочарди. Тасаввур қиляпсизми, гуллар, ғунчалар ўрнида китоблар очиларди, чунки менга энг яқин дўст – китоб эди. Танимда қон эмас, сўз оқарди, тириклигим китоб билан, ҳаловатим китоб билан, китобсиз яшай олмадим...
 
 Сафар олдидан
 
Дунё – жимжима матоҳ, ҳар ким ҳолига қараб тутамлайди. Умр – қисқа йўл, ҳеч ким оқибатини билмайди, ким ҳаваслар гирдобида ғарқ, ким дарду ташвишлар кишанига маҳкум, ким бахтдан сархуш, ким ғамдан ночор.
Саҳар кўкнинг этагида сочларини ёйиб қуёш порлайди. Шовқинли кун чекка-чеккасида қушларнинг хил-хил чуғур-чуғури тўқилади. Яшаш бахтининг қадрига етадиган борки, бу мўъжизотлардан ҳайратда тафаккур кенгликларига отилади. Яратувчи синоатига тасаннолар ўқийди. Ақлини таниган борки, келинчак дунёдан охират қайиғига омонликда етишни ўйлайди. Кўнгил хотиржамлигини истайди. Ҳар дам эшик қоқиши мумкин бўлган, бир зумда олиб кетадиган ажал келишидан ғофил бўлмайди. Ибодат маконини қуриб, сафар тадоригини кўради...
 
Жамолинг истаб...
 
Ибодат, сенга талпинаман. Кўзларим қирғоғида гулласа кўз ёшлар, юзларимга терилса дуру жавоҳирлар, жаннат истаб тўкилган марваридлар шодасига кўмилсам, намозжой отлиғ тулпорда етти қават осмон, ўн саккиз минг оламни сар-басар кезиб, пушаймонлиғ қанотида тавба эшигини чертсам, ғунчалаган зикримни тоғ райҳонлари каби тўшаб, булут пиёлада узатсам фалакка, ҳовучимга титраб қўнса дуо отли қуш – учирсам...
Қалбим истар жамолинг...
 
Акмал ИКРОМ