Аллоҳ таолога минг шукрлар бўлсинким, юртимизда таълимга, жумладан, диний таълим тизимига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Бир нечта ўрта-махсус ислом билим юртлари, институт, университет ишлаб тургани сўзимизнинг тасдиғидир. Мен 2006–2010 йилларда собиқ “Мулла Қирғиз” (ҳозирги “Ҳидоя”) мадрасасида ўқиганман. Яқинда, наманганлик курсдошим қўнғироқ қилиб, билим юртимизга янги ном берилгани ва янги бино ажратилгани ҳақида тўлқинланиб гапирди. Эшитиб жуда хурсанд бўлдим. “Ҳидоят” журналининг 1-сонида билим юрти ҳақидаги мақолани ўқиб, фотолавҳаларини кўрдим-у, ўз кўзим билан кўриш иштиёқи туғилди. Айтишади-ку, “Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал” деб. Масжидимиз жамоасидан ҳам мен билан бирга билим юртини зиёрат қилишни истайдиганлар чиқди. 45 нафардан иборат ёшу қари Наманган шаҳрига отландик.
Кези келганда айтиш лозим, мадраса деганда ҳозиргача баъзи инсонлар онгида қадим ўтмишдаги ҳолат намоён бўлади. Талабалигимда ҳам мендан кўпчилик қизиқиб: “Қандай ҳолатда дарс ўтасизлар, хонтахта атрофига кўрпача ёзиб ўтирасизларми?” деб саволлар беришарди. Мен эса: “Йўқ, ундай эмас, бизлар ҳам замонавий билим юртлари каби кенг, шинам, ёруғ хоналарда дарс ўтамиз”, деб жавоб берардим.
Шундай қилиб, Наманган шаҳрига етиб келдик. Юртимизнинг барча гўшаларида ободонлаштириш, қурилиш ишлари олиб бориляпти. Жумладан, Наманганда ҳам бу ердаги ўзгаришларни кўриб, ҳайратда қоласан киши. Кўзлаган манзилимизга етиб келдик. Бизларни билим юрти мударрислари ва мутасаддилар кутиб олишди. У ердаги сокинликни кўриб, тоза ҳаводан нафас олиб, худди бошқа оламга тушиб қолгандай бўлдик. Марғилондан келган меҳмонларга билим юрти илмий мудири Сиддиқжон домла Матмусаев ҳамроҳлик қилиб, билим юртидаги шарт-шароитлар билан бирма-бир таништириб ўтди. Ўқув хоналари, кутубхона, ётоқхоналар, мажлислар зали, ошхона ва бошқа жойларни кўрдик. Бундай гўзал гўшаларда билим олиш мустақиллик туфайли эришилган энг гўзал неъмат десак, муболаға бўлмайди. Марғилондан меҳмонлар келганини эшитган наманганлик саховатпеша, меҳмондўст кишилар зиёфат дастурхони уюштирдилар. Зиёфат сўнгида дуойи хайрлар қилинди. Аввало, шундай шароитлар яратиб бераётган муҳтарам Юртбошимиз ҳақларига, диний идорамиз раҳбарияти устоз уламолар ҳақларига, бундай эзгу ишлар замирида тинчлик-хотиржамлик ётганлиги, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик доим барқарор бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб хайрли дуолар қилинди.
“Ҳидоя” мадрасасини, бу ерда илм олиш учун яратилган шароитларни кўриб, яна талабаликка қайтгим келди.
 
Ҳасанбой ЮСУПАЛИЕВ,
Марғилондаги “Зиё” жоме 
масжиди имом-хатиби