Куз. Кузак сарғайган япроқларни дарахт шохларидан беомон юлиб олмоқда. Кечагина яшнаб кўзларимизни қувонтирган барглар бугун оёқларимиз остига тўкилмоқда. Узилган япроқларнинг чирт-чирти, оёқ остида эзилиб нола қилаётган хазонларнинг шиғир-шиғири... Уларнинг дардига бир қулоқ тутинг-а, улар куйлаяптими ёки йиғлаяптими? Улар гўё:

Йиллар пойимизга сингиб бормоқда,
Ҳаётдан юлганча вақтнинг парчасин.
Умр кексаликнинг дилин ёрмоқда,
Бир кун... Ташлаб кетажакмиз барчасин,
дейишаётгандек...

Хазонлар қўшиғи кучайиб бормоқда: чирт-чирт, чирт-чирт.  Бир дам юрагингиз унинг маъюс  сасидан чўғланади, озорланади. Наҳотки инсон умри ҳам бир лаҳзалик? Ибтидо борки, интиҳо бор, деб куйламаяптими хазонлар? Улар тўрт кунлик дунёда шунчаки яшаб ўтма, савоб ишлар қилиб қол, деб огоҳлантирмаяптими? Япроқлар-чи япроқлар? Бизни чанглардан қутқариб танамизни кислород билан тўйинтиргани уларнинг хизмати эмасми? Демак, биз ҳатто ана шу япроқлардан ҳам ибрат олишимиз керак. Шундай яшаб ўтайликки,  умримизга боқиб, қанчадан-қанча қалблар чўғлансин, яхшилик қилишга чоғлансин!

Зебо ОМОНОВА