Борлиқни сукунат қоплаган. Ҳамма уйқуда. Фақатгина майсалар орасидаги чигирткалар чириллаши бу жимжитликка эътироз билдираётгандек. Ана, узоқлардан азон садоси эшитила бошлади. Сергак тортаман. Хона деразасини каттароқ очиб, инсониятни нажотга чорлаётган овозни бутун вужудим билан тинг­лайман. Бу лаҳзада таъриф этиш жуда ҳам мушкул бўлган ўзгача лаззат борлигига яна бир бор амин бўламан. Атрофга теранроқ назар ташлайман ва мавжудотнинг зикрига қулоқ тутаман...

Дарҳақиқат, бутун борлиқ Яратган зикрида, У Зотга бўлган итоатини ифода этмоқда. Яноқларим ёш томчилари билан намланади. Аллоҳнинг раҳмат денгизидан тошган ҳидоят томчилари... Улар қалбдаги имон ниҳолларини суғоргай, иншааллоҳ.

Кўзда ёш, дилда умид, ожизлик ва фақирлик ила дуога қўл очаман: "Эй Раббим! Сенга сўнгсиз шукрлар бўлсин. Ёлғиз Сендангина сўраймиз, Сенгагина ёлворамиз. Истагимиз фақат Сен, Сенинг розилигингдир. Аллоҳим, бошланаётган ушбу кунни бизларга хайрли қил. Уни раҳматинг, мағфиратингга тўла бўлган лаҳзалар ила бойитгин".

 

Ирода ТЎРАХОНОВА