Ёшлигимдан бобом тиловатларини тинглаб улғайдим. Гоҳ Китобга қараб, гоҳ ёддан ўқирдилар. Кун сайин менда ҳам Қуръон ўқиш-ўрганишга муҳаббат ортиб борарди.

"Мулла Қирғиз" ўрта махсус Ислом билим юртида талабалик пайтимда курсдошларимнинг кўпчилиги Қуръон қорилари эканлиги мени ҳам мақсадим томон ундади. Мадрасани битиргач, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси бўлиш насиб қилди. Биринчи курсдалигимда чап кўзим ўнг кўзимга қараганда хира кўраётганини сездим. Шифокор дорилар ёзиб берди. Аммо рўйхатни йўқотиб қўйдим, менга эса бу парвосизлигимни хаспўшлашга яхшигина баҳона эди. Аммо дуо қилишдан чарчамасдим.

Рамазон кунларидан бирида масжидда Қуръон фазилатлари ҳақида суҳбат бўлди. "Қуръон тиловати кимни Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўрагувчиларга берадиган (нарсаларнинг) энг афзалини ато этаман" (Термизий ривояти). Мазкур қудсий ҳадисни олдин ҳам кўп маротаба эшитганман. Аммо бу галги таъсири бошқача бўлди. Қуръонни ёдлашга қасд қилдим ва кўзимга шифо бўлишига ҳам умид боғладим. Иккинчи курс­ни институтнинг "Таҳфизул Қуръон" кафедрасида давом эттиришга киришдим. Орадан уч-тўрт ой ўтгач, ўнг кўзим билан чап кўзимнинг кўриши бирхиллашгандек туюла бошлади. Бу ҳолатдан ташвишга тушдим. Яна ўша шифокорга учрашдим, аммо ташхис натижаларини билгим келмасди. Чунки ўнг кўзингиз ҳам хиралашибди, деган гапни кўтариш осон эмасди. Аммо хулоса тамоман бошқача бўлди: "Чап кўздаги хиралик кетган, икки кўзнинг кўриш қуввати тенглашган, яхшиланган. Ўтган йилги касалликдан асар қолмаган".

Кўзларимга ёш тўлди. Аллоҳ таолога ҳамду сано айтдим. Мен Қуръон шифо, "Мусҳафга қараш кўз нурини зиёда қилади", деган ҳикмат тасдиғини ўз ҳаётимда кўриб тургандим. Қуръон ўқигувчига ниятлари сўраганидан зиёда қилиб берилишини ҳам тўла ҳис қилдим. Дилимда эса бир жумла такрорланарди: "Қуръон кўзимнинг нуридир!"

 

Фозил ОХУНЖОНОВ,

Тошкент Ислом институти талабаси