Ифторини фаришталар билан кутганимиз, рўзасини севинч ёшлари билан тутганимиз Рамазон...

Бу шундай синовки, ажри-қувончига жуда тез етишамиз – субҳдан бошланган имтиҳон мукофотини шом пайти оламиз. "Гуноҳ кетди, томирлар ҳўлланди ва иншааллоҳ, ажр собит бўлди", дея Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мерос жумлаларни такрорлаб, рўзадорга ваъда қилинган иккинчи – энг улуғ мукофот умидида қўлларимизни дуога­ очамиз.

Саҳарларида баракот, шому тунларида бошимиздан раҳмат-мағфират ёғилган Рамазон...

Бу шундай ибодатки, энг яширин, риёдан узоқ, хайри, ажри мўл. Ўқилган намоз, қилинган ҳаж, берилган закотга бандалари гувоҳ бўлгани ҳолда, тутилган рўза, чекилган машаққатдан Аллоҳ таоло ва рўзадорнинг ўзигина хабардор. Бошқа ҳамма ибодат банданинг ўз манфаати учун бўлгани ҳолда, рўзадор рўза тутиш билан нафсини Аллоҳ таоло розилиги учун тияди. Қудсий ҳадисда айтилганидек, бунинг мукофотини Улуғ ва Меҳрибон Зотнинг Ўзи беради, банда ҳар бир яхшилиги эвазига ўн баробар мукофот олади.

Жаннат эшиклари, дилларимиз қулфи очилган Рамазон...

Бу шундай йўлки, машаққатида роҳат, очлик, ташналигида ҳаловат бор. Қийинчиликларидан малолланмасак, пасту баландини бирдек сабр, ихлос ва ишонч билан босиб ўтсак, бизни ёруғ манзилга, Дийдорга етказгай, иншааллоҳ.

Илоҳий даргоҳдан раҳмат шабадалари эсган Рамазон...

Бу шундай насимки, соғинч тўла дилларимизга Саодат асридан хушхабарлар келтиради. Ҳорғин руҳимизга тетиклик бахш этиб, онгимизда кўҳна тарихнинг энг гўзал кунларининг соғинчли хотираларини бир-бир уйғота бошлайди. Шом азони қулоғимизга кираркан, ҳазрат Билол ёдимизга тушадилар. Худди бу азон билан Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) "Ифторга шошилинглар", деган тавсияларини бизга, Сао­дат асрини соғинган умматларга етказаётгандек туюладилар. Очлик ва ташналикда юрарканмиз, дилимизда ифтихор туямиз – ўзимизни дунё бахтга кўмилган муаззам асрга, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), асҳоби киром ва Суффа аҳлларига ҳар кунгидан яқин ҳис қиламиз. Қорни бирда тўйиб, бирда тўймаган, дунё оёқлари остига келса-да, қараб қўймаган, ҳеч нарсани Аллоҳга ибодат, Расулига итоатдек суймаган улуғ зотлар билан бирга юргандек бўламиз.

Дунёнинг қайсидир бурчида очлик, ташналикда яшаётганлар ҳолини ўзимиздан ўтказамиз ва улар ҳаққига қилаётган дуоларимиз чин маънода самимиятга йўғрилади.

Еган-ичганимиз ибодатга қувват, ҳамроҳимиз қаноат бўлган Рамазон...

Бирор мавсум йўқки, энг кичик амалларгача бу ойдагидек ихлос ва ишонч билан киришган бўлсак. Бировга қаттиқ гапиришдан, бефойда сўздан, ғазабдан тиямиз ўзимизни. Бундай пайтларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўргатган жумлалар дилимизда айланади: "Мен рўзадорман!" Вужуд ҳолсиз бўлса ҳам, тетик руҳ ила таровеҳга турарканмиз, бу ойнинг кундузларини соим, кечаларини қоимликда ўтказиш саодатига етказмоғини ва бунинг ажрига ноил бўлмоқ бахтини тилаб, дуо қиламиз.

Боши раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан қутулиш фурсати бўлган Рамазон...

Кун-тунларини, минг ойдан хайрли Қадр кечасини қадрига муносиб ўтказмоқни, келаси Рамазонга тинчлик-омонлик, тўкис-тугаллик, ёруғ юз ила етмоқни насиб этсин.

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи