Кўча дарвозасидан кирган йигит айвонда ўтирганлар орасида опасини кўриб, беихтиёр жилмайди:

– Эҳ-ҳе, меҳмонлар келишибди-да!

Опаси ҳам у томонга қаради-ю:

– Ана, тоғаси келди! – деб қучоғида ўтирган ўғилчасини кўтариб зиналардан пастга тушди, кейин болани ерга қўйди: – Бор тоғангга!

Эндигина атак-чечакни бошлаган болакай қўлчаларини лангар каби икки томонга ёйганча, рўпарасидан кўзлари чақнаб келаётган тоғасига талпинди.

– Ие, юриб кетибсиз-ку, Ҳикматилло! – тоғанинг қувончи янаям ошди, шошилиб келиб жиянини қўлига олди, "Полво-он!" деб боши узра даст кўтарди.

Ҳол-аҳвол сўрашишлардан кейин дастурхон атрофида гурунг аввалгидай давом этар, фақат кичкина Ҳикматиллонинг феъли ўзгарган эди. У энди аввалгидек онасига ёпишмас, инжиқлик қилмас, тоғасининг атрофида айланиб, ўз тилида нималарнидир гапирарди. Тоға ҳам унинг қилиқларидан, гоҳ у ёғидан, гоҳ бу ёғидан айланиб келиб елкасига осилишидан завқланар, меҳри товланган са­йин болакайнинг шўхлиги ортарди:

– Тавба, кабутар кабутар билан деганларидек, шу бир яшар гўдак ҳам ўғил болалигига бориб, тоғаси билан бошқача тил топишяпти-я, – деди буви.

Эҳтимол, бу гапда жон бордир. Қўғирчоғини меҳр-муҳаббат билан бағрига босиб, эркалатиб ўйнатаётган қизчаларни кўрганда онам раҳматли: "Ишқилиб, каттами, кичикми – ҳамма ўзининг асл касбини қилади-да", деб қўярдилар. Балки Ҳикматиллонинг қонидаги ўғил болалик туй­ғулари тоғасига оҳанрабодай тортаётгандир. "Фақат шугинамикан?" дея ўйланасан киши. Бу талпиниш ва қувонч­лар заминида Парвардигори олам миттивойнинг руҳиятига эш қилган қондошлик, жондошлик – тоға-жиянлик ҳиссиёти, меҳр-муҳаббати ҳам бордир эҳтимол. Ахир, унга бу хатти-ҳаракатларни ҳеч ким ўргатгани йўқ-ку! Қолаверса, бола-пошшо, ўз қалбининг истагу иродасига қулоқ солади, холос.

Ишқилиб, мана шу илоҳий ришта ўткинчи ҳою ҳаваслар, манфаатлар, кибру ҳаволарнинг чирсиллаган дамига учрамасин, унинг умри сулолалар тақдирида давом этаверсин. Мурғак қалблардаги меҳр куртакларини тоғалар, амакилар, аммаю холаларнинг муҳаббати, муруввати вояга етказиб, ширин мевасидан барча қариндош-уруғлар, одамлар баҳраманд бўлсинлар.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА