Сафтер Нагаев 1941 йили 1 январда Қиримнинг Алушта тумани Кичик ўзан қишлоғида туғилган. 1944 йилги сургунда онаси билан бирга Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти ҳозирги Учкўприк туманига келиб тушади. Шу ерда ўрта мактабни тамомлаб, 1957 йил Тошкент Давлат университети журналистика факултетига ўқишга киради.

Сафтер Нагаев Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси эди. Унинг энг салмоқли асарлари қиримтатар адабиётида жиддий воқеа бўларди. “Маданий инқилоб аскари”, “Кўнгилга яқин одамлар”, “Фидокорлик”, “Исмоилбейнинг Туркистон сафари”, “Саҳролар алангаси”, “Минг бир ўлимни енгиб” ва бошқа китоблари адабиёт оламида ўзига хос из қолдирган. У халқаро “Аҳмад Яссавий” мукофоти ва “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. Адиб 2009 йил 2 июнда вафот этди. “Келдингми, балам?..” номли эссесини ёзувчи онасига бағишлаган бўлиб, унда халқимизнинг бағрикенглик, меҳмондўстлик каби фазилатлари акс этади. Қуйида ушбу эсседан парчалар чоп этилмоқда.

 

Сафтер НАГАЕВ

 

“Келдингми, балам?..” Бу ибора мен учун бир тимсол. Уйга қайтиб, эшикдан ичкарига қадам босар-босмасимдан раҳматли онам мени шундай деб кутиб оларди.

Менинг қимматли онажоним оддийгина аёл эди. Исмини зўрға ёзар, керакли қоғозларга “Робия” деб имзо қўярди, ожизагинам. Ёш бева қолиб, уч ўғлини қўлидан келганича тарбиялаган бир қишлоқлик муниса эди менинг онам…

2002 йилнинг 20 июли. Ёз чилласида сўнгги марта Тошкентнинг Дўмбиробод қабристонига бордим. Онамнинг қабрига яқин келдим. Шунда секингина, мулойим овоз билан “Келдингми, балам?..” деган сўзлари қулоғимга чалингандек бўлди. Сергак тортиб, атрофга алангладим. Ҳеч ким йўқ. Қабрнинг оёқ тарафига ўтиб, чўккаладим. Дуо қилиш учун қўлларимни очдим, аммо тилим айланмас, овозим чиқмасди. Гўё ичимдан бир нарса узилгандек… Ғам-андуҳга ботиб, гапира бошладим: “Онажон, мени кечиринг, энди олдингидек ёнингизга тез-тез келолмайман. Она тупроққа, сиз ва мен дунёга келган диёрга қайтишга, узоқ йиллар сургунликлар сурони олиб келган ва соғ-омон қолишимиз учун бағрини очган бу ўлкани тарк этишга мажбурман. Отам ётган маконга қайтаман. Оёқларим йўлда, кўзларим орқада, сиз билан видолашаман...”

Бир амаллаб қабристондан чиқдим. Йўл бўйи хаёлот дунёсига чўмиб, онамнинг долғали ҳаёти ҳақидаги хотираларимни бир-бир саҳифалаб борардим. Кўз ўнгимда онажонимнинг умр йўли қаергадир ошиққан поезд вагонлари каби гавдаланди. Машаққатли, оғир, чидаш қийин бўлган кунларимиз ипга тизилган мунчоқдек кўз ўнгимда кетма-кет пайдо бўларди...

Онам ўттиз ёшида уч боласи билан бева қолган. Орадан кўп вақт ўтмай, машъум уруш бошланади. Онамнинг исми Робия, Алушта туманининг Темирчи қишлоғидан бўлган. Оилада уч қиз ва бир ўғил бўлиб, Усмон тоғам урушга кетиб, қайтмайди. Кичик холам Хадичанинг эри Умар Муродов ҳам урушга кетиб, дом-дараксиз кетган. Бу воқеалардан кейин холаларим Темирчига қайтишга қарор қилишади ва онамни ҳам ўзлари билан бирга олиб кетмоқчи бўлишади. Аммо онам: “Болаларимнинг отасининг уйини ташлаб кетмайман”, деб Кичик ўзанда қолади.

Қишлоғимизни тарк қилиш воқеаси ҳам аянчли хотира бўлиб қолган. Онам эрта тонгда ғира-шира маҳали, болаларим тургунича боғларни суғораман, деб боғчага тушиб кетади. Шу пайт аскарлар уйма-уй юриб, одамларнинг уйига бостириб кириб, қишлоқнинг бир ерига мол ҳайдагандек ҳайдаб келтиришади. Шунда ҳовлимизда яшайдиган Тўқтар амакининг хотини София янга ораларида овсини Робия йўқлигини билиб, катта қизи Умайяни яширинча уйга жўнатади. Бизникига келса, уйда аскарларни кўради. Улар бизни уйғотишади. Мен: “Онам қаерда?” деб қичқириб йиғлай бошлайман. Умайя опа вазиятни тушуниб, боғчага югуради ва узоқдан: “Робия янга, тезроқ келинг, бизни кўчиришяпти”, деб онамни чақиради. “Тўхта, озгина қолди, шу ерниям суғорай, ҳозир бораман”, дейди у. Опам унга яқин келади-да: “Қишлоқда бир ўзингиз қолдингиз, ташланг шуни!” деб қўлидаги кетмонни олиб отади ва аҳволни тушунтириб, уйга бошлайди.

Қишлоқ паркида халқ тўпланган. Оқшом одамларни Оқмасжид вокзалига келтиришади. Мен темирйўл бўйи ёниб турган чироқларга қараганча, узоққа кетиб қолибман. Онам йиғлаб-сиқтаб мени топгунича вокзалда жомадонларимизни ўғирлашган. Шундай қилиб, қаттиқ чарчоқ ва ҳеч вақосиз йўлга чиққанмиз. Шўрлик онамнинг бошида яна не-не балолар бор эди...

Фарғона вилоятининг Молотов туманига келиб тушдик. Командир бир қанча оилани Суюнчол қишлоғи шийпонига жойлаштирди. Қишлоқнинг марказида чойхона ёнида кўлга ўхшаган катта ҳовуз бор эди. Унда уруғлик чигитни увитишарди. Бир оқшом болалар билан ҳовуз ёнида ўйнаётганимизда сувга йиқилиб тушдим. Ивиб шишган чигит томоғимга ёпишиб, мени пастга тортар эди. Бундан хабар топган онам етиб келиб, ўзини сувга отади. Чиқармоқчи бўлади, аммо у ҳам бўғила бошлайди. Шунда чойхонада ўтирган ўзбеклар бизни қутқариб қолишади.

Орадан кўп вақт ўтмай онам оғир хасталанди ва уни туман марказига олиб кетишди. Мен акаларим Сайёр ва Диловар билан қолдим. Билмадим, қачон ва қандайдир сақланиб қолган битта жун ёпинчиғимиз бор экан. Акам уни тўртта нонга алмаштирган. Кейин бизни туман марказига яқин Пахтачи колхозидаги Бегвача қишлоғига кўчиришди. Онам мактабда ва колхоз идорасида фаррош бўлиб ишлар, ҳар куни бир неча километр юриб туман марказидан почта ҳам таширди.

* * *

Бир куни онам почтага бораётиб мени ҳам ўзи билан бирга олиб кетди. Қўшни қишлоққа етганимизда онамнинг юзи оқариб, боши айланди шекилли, йўл юзидаги бир уйнинг эшиги олдида тўхтади. Деворга суяниб анча ўтирди. Эшик очилиб, бир киши чиқди. Бизни кўриб, яқинлашди-да: “Опа, нима бўлди? Уйга юринг, чой ичволасиз”, деди. Кейин хотинини чақириб: “Бечораларга бирор нарса бер, очга ўхшайди”, деди. Онам бирдан сергак тортди, кўзларини очиб, бегона одамга қаради-да: “Йўқ-йўқ, керакмас. Биз тиланчи эмасмиз. Бир оз ҳолсизландим. Ҳозир кетамиз”, деб ўрнидан турмоқчи бўлди. “Тиланчи эмаслигингиз кўриниб турибди, фақат чарчаган бўлсангиз керак, уйга кириб, иссиқ чой ичинг”, деди ҳалиги киши куюниб. Яхши одамлар экан, онамни ҳовлисига олиб кириб, сўрига чиқаришди, бошига ёстиқ қўйиб, ётқизишди. Ҳалиги одамнинг хотини онамга иссиқ чой тутди ва кейин бир муддат қаергадир ғойиб бўлди. Мен эса онамнинг ёнида ўтириб, қалтирардим. Қандай қилиб уйга кетишимизни ўйлаб, юзига қараб хавотирланардим. Бир оздан кейин қўлида бир коса сут, қўлтиғида битта нон билан аёл пайдо бўлди. Онамнинг бошига қўлини қўйиб, бир нималар деди. “Қўрқма, болам. Онанг ҳозир ўрнидан туради. Сен мана буларни еб ол”, деб косадаги сутдан пиёлага қуйди-да ноннинг ярмини менга узатди. “Насибангиз бор экан. Қўшнимиз ҳозиргина сигирини соғибди, тандирдан нон узибди. Тортинма, болам, ол, ол...”

* * *

1980 йили Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлдим. Аммо негадир аъзолик билетимни беришмади. Онам буни сезмай қолмади: “Балам, нима ташвишинг бор, афт-ангорингга қараб бўлмайди?” деди. Мен унга: “Айтганим билан барибир тушунмайсиз”, дедим. Онам менга қараб: “Тушунмас эмишман. Дунёга келтирганим, бир парча гўштлигидан ўстириб, катта қилганим болам тушунар экан-да, мен тушунмайманми?! Оналар ҳамма нарсани тушунади. Фақат улар ҳеч нарсага аралашишмайди. Идиш-товоқ орасида фарзандининг ташвиши билан яшайди. Майли, ҳозир айтмасанг, вақти-соати келиб юрагингни очарсан. Лекин билиб қўй, дардингни юрагингнинг энг чуқур жойларида сақла, сени хафа қилганлар маъюслигингни сезишмасин”, деди мардонавор оҳангда.

* * *

Орадан қанча вақт ўтса ҳам уйга қайтганимда гўё кўча эшик қаршисида креслога ўтирган онам “Келдингми, балам?” деб мени кутиб оладигандек бўлаверади. Онамниг вафотидан кейин Тошкентда яна йигирма йил яшаган бўлсам-да, уйда ёлғиз қолганимда доимо онамнинг “Келдингми, балам?” деган сўзи қулоғимга чалингандек бўлади.

Тошкентни тарк этиш олди қабристонга бориб, видолашган куним кечаси онамни туш кўрдим. Яна одатларига кўра: “Келдингми, балам? Сафаринг хайрли бўлсин”, деди менга яқин келиб, бошимни силади-да, мендан узоқлашди...

Зебунисо ҲУСАЙН таржимаси