Тўлиқ исми Шаддод ибн Авс ибн Собит ибн Мунзир. Куня­лари: Абу Яъло, Абу Абдураҳмон Ансорий, Нажорий, Хазражий. Шаддод Байтул Мақдисда яшаган. Ундан Яъло, Абу Ибрис Хавлоний, Абу Асмо Раҳбий, Абулашъаф, Саноний, Абдураҳмон ибн ўанам, Жубайр ибн Нуфайр, Касир ибн Мурра, Башир ибн Каъб ва бошқалар ҳадис ривоят қилган.


Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) айтади: "Ҳар бир умматнинг ўз фақиҳи бор. Бу умматнинг фақиҳи Шаддод ибн Авсдир. Унга илм ва ҳилм берилгандир".

Саид ибн Абдулазиз эса: "Шаддод ибн Авс Ансорий икки хислат билан – фасоҳат билан сўзлаши ва ғазабини яшира олиши билан ажралиб турарди", деган.

Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ): "Шаддод ибн Авс саҳобадир. Баъзиларнинг фикрига кўра, Бадрда иштирок этган", деган маълумотни келтиради.

Ибн Саъд маълумотига кўра, бу саҳобий: "Фаластинда яшаган. Унинг авлодлари бор бўлиб, ўзи ҳижратнинг эллик саккизинчи йили, етмиш беш ёшида вафот этган. Шаддод ибн Авс ибодатда бардавом мужтаҳид эди".

Холид ибн Маъдан (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай эътирофни айтади: "Шом вилоятида Убода ибн Сомит ва Шаддод ибн Авсдан кўра ишончли, фақиҳ киши йўқ".

Муфассал ўилобий (раҳматуллоҳи алайҳ) фикрича эса: "Ансорларнинг зоҳидлари учтадир: Абу Дардо, Умайр ибн Саъд ва Шаддод ибн Авс".

* * *

Шаддоднинг бешта фарзанди бўлган. Ўғиллари Яъло, Муҳаммад, Абдулваҳҳоб, Мунзир ва қизи Хазраж Азд.

* * *

Қатода (розияллоҳу анҳу) Шаддод ибн Авсдан бундай ривоят қилади: "Эй одамлар, бу дунё ўткинчидир. Ундан яхши ҳам, ёмон ҳам насибасини олади. Охират абадий бўлиб, Қодир Подшоҳ унда ҳукм қилади. Огоҳ бўлинг, яхшиликнинг барчаси, тўлалигича жаннатдадир. Ёмонликнинг барчаси бутунича дўзахдадир".

 

ФАЙЗО тайёрлади.