Бани Қайн қабиласидан бўлган қароқчилар карвондагиларни талади. Кўпчилик қатори Суъданинг саккиз ёшли ўғли Зайд ибн Ҳорисани ҳам асир олиб, Уккоз бозорига олиб кетишди.

Қурайш қабиласидан бўлган Ҳаким ибн Ҳизом ибн Хувайлид ҳам шу бозорга борган эди. Унинг карвонига Зайд билан яна икки-уч нафар бола қўшилиб Маккага қайтишди.

Маккада Ҳаким ибн Ҳизом ўзини зиёрат қилиш учун келган аммаси, турмушга чиқиши арафасида турган Ҳадича бинти Хувайлидни (розийаллоҳу анҳу) хурсанд қилмоқчи бўлди: “Аммажон! Сизни жуда яхши кўраман. Уккоздан икки-уч ғулом олдим. Хоҳлаганингизни олинг, ўғлингиз каби хизмат қилиб юрсин” деди.

Хадича онамизнинг кўзига Зайд яхши кўринди. Фарзандидек тарбия қилишни ўйлаб, уни олишларини айтдилар.

Кўп ўтмай, Хадича онамиз билан Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўйлари бўлиб ўтди. Тўйдан кейин онамиз (розийаллоҳу анҳо) Зайдни Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бошлаб кириб: “Сизни хурсанд қилмоқчиман. Зайдни яхши кўришингизни биламан. Уни сизга бераман, хизмат қилиб юрсин”, дедилар.

*   *   *

Ёш Зайд муборак хонадонда фарзанддек меҳр, эътибор кўриб, катта бўлди. Ота-онаси уни соғиниб, қидирмаган жойлари қолмади.

Бир йили ҳаж мавсумида Маккада Каъбани тавоф қилаётган отасининг қавмдошлари худди Зай­дга ўхшаш болани кўришди. Суриштиришгач, у Зайд экани аниқ бўлди. Ҳажлари тугаб, ортларига қайтишганида Ҳорисага ўғли Маккада эканини айтдилар.

Эр-хотиннинг боши осмонга етди. Ҳориса дарров укаси Каъбни олиб, Маккага шошилди. Тўғри Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйига келди-да, эшикни тақиллатди. Расулуллоҳни кўргач, муддаосини айта бошлади:

– Эй Абдумутталибнинг ўғли! Сизлар муборак масжид атрофида истиқомат қилувчи қавмсизлар. Келган-кетганлардан яхшиликларингизни аямайсизлар. Шу десангиз, уйингизда югуриб юрган бола менинг ўғлимдир. Уни анчадан бери қидириб юрган­эдик, шу ердалигини билгач, сиз томон шошилдик. Ёнимизда бир мунча пул билан боламни олиб кетгани келдик. Пулни олинг-да, фарзандимизни қайтариб беринг!

– Ўғлим деб кимни айтяпсиз?

– Зайдни.

– Унда сизларга бир нарсани таклиф қиламан.

– Нимани?

– Зайдни чақирамиз, ўзидан сўраймиз. Агар сизлар билан кетишни истаса, пул бермасдан ҳам олиб кетишингиз мумкин. Агар қолишни хоҳласа, мен уни фикридан қайтаришга ожизман.

– Инсофли гапни айтдингиз. Биз рози.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайдни чақирдилар-да, меҳ­монларнинг кимлигини сўрадилар.

– Булар отам Ҳориса ва амаким Каъблар.

– Мен сенинг бир нарсани танлашингни истайман. Хоҳласанг, улар билан кетишинг мумкин. Истасанг, мен билан қол. Ихтиёринг ўзингда.

– Мен сиз билан қоламан.

Отасининг кайфи учди:

– Нималар деяпсан, Зайд? Ота-онангнинг олдига қайтишни хоҳламайсанми?

– Мен бу инсонда бошқаларда бўлмаган хислатларни кўрдим. Уни асло тарк этмайман.

*   *   *

Бу гапларни эшитган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайдни Каъбага, қурайшликлар ўтирадиган жойга бошлаб келдилар-да, баланд овоз билан дедилар:

– Гувоҳ бўлинг, қурайшликлар! Зайд менинг ўғлим ва меросхўримдир.

Бу ҳолатни кўрган ота ва амаки Зайддан кўнгиллари тўқ бўлиб, орқага қайтишди.

Ўша кундан бошлаб у Зайд ибн Муҳам­мад, яъни Муҳаммаднинг ўғли Зайд, деб чақирила бошланди. Бу ҳолат то Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ваҳий тушиб: «...уларни (асранди фарзандларни) ўз оталари (исми) билан чақирингиз» ояти нозил қилингунича давом этди. Шундан кейин  яна Зайд ибн Ҳориса деб чақириладиган бўлди.

*   *   *

Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарлик тушгач, эркаклардан биринчи бўлиб Зайд ибн Ҳориса (розийаллоҳу анҳу) мусулмон бўлди. Шундан сўнг у Расулул­лоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сирдоши, маслаҳатчиси, сафарларга чиққанларида ўринбосари бўлиб қолди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайдни (розийаллоҳу анҳу) қанчалар яхши кўришларини у зотнинг суюкли аёллари Ойша онамиз (розийаллоҳу анҳо) айтиб берадилар.

– Бир куни Зайд Мадинага қайтиб келганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менинг уйимда эдилар. Зайд эшикни тақиллатди. У пайтда Расулуллоҳ муборак елкалари очиқ ўтирар эдилар. Хурсанд бўлганларидан шу ҳолда бўлса ҳам, югуриб, унга пешвоз чиқдилар. Сўнг қучоқлаб кўришдилар. Аллоҳга қасам, ундан олдин ҳам, кейин ҳам Расулуллоҳни шу ҳолатда кўрмаганман.

Пайғамбаримиз қаттиқ муҳаббат қўйган­лари боис мусулмонлар уни “Зайдул ҳуб”, яъни Муҳаббат Зайди, деб чақиришарди.

Зайд ибн Ҳориса ҳижрий саккизинчи йили “Муъта” сафарида вафот этади. Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суюкли инсонларининг вафотидан  қайғурдилар. Таъзия билдиргани уйларига келганида, Зайднинг ўғли Усома ибн Зайд (розийаллоҳу анҳу) унсиз йиғлаб ўтирган эди. Набиралари Ҳасанга тенгдош Усоманинг йиғисидан У зот ҳам ўзларини тутиб туролмай, унсиз йиғладилар. Ёнларидаги Саъд ибн Убода (розийаллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ! Бу нима?” деб сўраганларида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу Ҳабибуллоҳнинг ҳабибига йиғисидир”, деб жавоб бердилар.

Зиёуддин МАҚСУДОВ тайёрлади.