Тўлиқ исми: Усмон ибн Аффон Абул Ос ибн Умайя Қурайший. У жаннат башоратини олган ўн кишининг бири. Абу Бакр Сиддиқнинг чақириғидан сўнг Исломни қабул қилган.

Умар тавсия қилган олти кишилик машварат аъзоларидан бири бўлган. Расулуллоҳ ундан рози ҳолда вафот этганлар.

Исломни қабул қилиши. Ҳазрат Усмон жоҳилият пайтида бой ва обрўли кишилардан бўлиб, нубувват келганидан озгина ўтиб, Исломни қабул қилади ва илк мусулмонлар қаторидан жой олади. Шунингдек, у жуфти ҳалоли Руқия бинти Расулуллоҳ билан икки марта Ҳабашистонга кўчган. Ҳазрат Усмоннинг ўзи бу ҳақда бундай дейди: “Албатта, Аллоҳ таоло Муҳаммадни ҳақ билан жўнатгандир. Мен Аллоҳ ва Унинг расули чақириғига лаббай дедим ва Муҳаммадга юборилган нарсага имон келтирдим. Сўнгра икки марта ҳижрат қилдим. Расулуллоҳнинг куёвлари бўлдим ва у зотга байъат бердим. У зотга ҳеч қачон исён қилмадим ва ёлғон гапирмадим”.

Расулуллоҳнинг икки қизига – олдин Руқияга, у дунёдан ўтгач, Умму Гулсумга (розияллоҳу анҳумо) уйлангани учун “Зиннурайн”, яъни “Икки нур эгаси” номини олади. Умму Гулсум оламдан кўз юмгач, Расулуллоҳ куёвларига ачинадилар ва: “Жоним измида бўлган Зотга қасам, эй Усмон, агар учинчи қизим бўлганида, албатта сенга берган бўлардим”, дея марҳамат қиладилар.

Аёли Руқиянинг бетоблиги сабаб Бадрда иштирок этолмаган. Расулуллоҳ : “Сенга Бадрда қатнашган ва ундан улушини олган кишининг ажри берилади”, деб марҳамат қилганлар.

Худайбия куни Расулуллоҳ уни Маккага юборадилар. Шу вақтда Ризвон воқеаси бўлиб ўтади. Набий ўнг қўллари устига қўйган чап қўлларини “Бу Усмоннинг қўли”, деб айтадилар.

Усмон Рума қудуғини йигирма минг динорга сотиб олиб, мусулмонлар ихтиёрига топширади. Йигирма беш минг динор сарфлаб, Масжиди Набавийни кенгайтириб қурдиради.

Ғазотларнинг бирида Расулуллоҳ билан саҳобалар очликдан қийналишди. Шунда мусулмонларнинг юзларида хафалик кўриниб, мунофиқларнинг юзига табассум югуради. Бу ҳолни кўрган Расулуллоҳ : “Аллоҳга қасам, қуёш ботмасидан туриб, Аллоҳ сизга ризқингизни етказади”, дея марҳамат қиладилар. Аллоҳ ва Унинг Расули рост сўзлашини билган Усмон ўн тўртта туяни устидаги озиқ-овқат юки билан сотиб олади ва тўққизтасини Набийга инъом қилади. Расулуллоҳ : “Бу нима?” деб сўрайдилар. Саҳобалар: “Бу сизга Усмондан ҳадя”, дейишади. Пайғамбаримиз қўлларини баланд кўтариб, унинг ҳақига дуо қиладилар.

Ҳазрат Усмон “Усра” қўшинини тўққиз юз элликта туя ҳамда элликта от билан жиҳозлаб беради. Ўша куни Расулуллоҳ ҳазрат Усмонни дуо қилиш билан машғул бўладилар. Усмон қўшинни таъминлаб бўлгач, минг динорни у зотнинг олдиларига қўяди. Расулуллоҳ динорларни қабул қилиб: “Усмоннинг бу кундан кейин қилган иши унга зарар келтирмайди”, дейдилар

Набий : “Умматим орасида ҳаёда энг кучлиси Усмондир”, деб марҳамат қилганлар.

Ойша онамиз айтади: “Абу Бакр Расулуллоҳнинг ҳузурларига киришга изн сўради. Бу вақтда Набий тўшакларида ётар, болдирлари очиқ эди. Устиларида менинг ёпинчиғим бор эди. Ўзлари мана шу ҳолатда бўлатуриб, унинг киришига изн бердилар. Иш битгач, Абу Бакр кетди. Сўнгра Умар келди, унга ҳам киришга изн бердилар. Ўзлари ўша ҳолатларида эдилар. Умар ҳам кетди. Сўнгра Усмон келди. Расулуллоҳ ўтириб олиб, болдирларини ёпдилар. Сўнг Усмоннинг киришига рухсат бердилар. Кейин у ҳам кетди. Шундан кейин мен: “Ё Расулуллоҳ, нега Усмонни ўтириб қаршиладингиз. Абу Бакр ва Умар киришганида бундай қилмадингиз?” дедим. У зот : “Эй Ойша, Усмон ҳаёли киши. Ўша ҳолатимда уни хонага киритсам, заруратини айтолмасдан кетиб қолишидан қўрқдим”, дедилар. Бошқа бир ривоятда: “Фаришталар ҳаё қилган кишидан мен ҳаё қилмайинми?!” деганлари келтирилади.

Фазилатлари. Набий қизларининг уйига кирганларида, у Усмоннинг бошини ювиб қўяётган эди. Шунда у зот : “Эй қизалоғим, Абу Абдуллоҳга яхши қарагин. Албатта, у хулқда саҳобаларимдан менга энг ўхшашидир”, деб айтганлар.

Набий айтадилар: “Ким Усмонни ёмон кўрса, Аллоҳ уни ёмон кўради”. Яна у зот : “Ё Аллоҳ, Усмон сендан розилик сўраяпти, ундан рози бўл”, деганлар.

Расулуллоҳ ҳазрат Усмонни ваҳийни кўчирувчи котиб қилиб танлаганлар. У сабабли оятлар нозил бўлган. Шунингдек, ҳазрат Усмон ибн Аффон суннатга қаттиқ эргашувчи, кечалари кўп намоз ўқувчи инсон эди. У зот Аллоҳга имон келтирганидан сўнг бирон-бир жумани қул озод қилмасдан ўтказмаган.

Ҳазрат Усмон ҳижрий 23-йили ҳазрат Умар вафотидан сўнг учинчи халифа бўлди. Унинг халифалик даври ўн бир йил, ўн бир ой, ўн тўрт кун давом этди. Шаҳид бўлган вақтида ёши тўқсон ёки саксон саккизда эди. “Бақи” қабристонига дафн этилди. Бир кун олдин кўрган туши ҳақида ўзи бундай деган: «Тушимда Расулуллоҳни очиқ-ойдин кўрдим. Яна Абу Бакр, Умарни ҳам кўрдим. Улар менга: “Сабр қил, эртага биз билан ифтор қиласан”, дейишди».

 

Юлдуз АСҚАР қизи тайёрлади.