Ҳазраж қабиласига мансуб Муоз ибн Жабал Исломни биринчи бўлиб қабул қилган мадиналиклардан эди.

Бу саҳобий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга ҳаёт синовларидан ўтди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан доим бирга бўлганлари боис у зотдан кўп нарсаларни ўрганди. Ҳатто Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Умматимнинг ичида ҳалол ва ҳаромни энг яхши билувчиси Муоз ибн Жабалдир”, дердилар.

Ямандан бир гуруҳ элчилар келиб, Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларига ҳақ йўлини кўрсатувчи устоз юборишни илтимос қилишди. Барча саҳобийлар бундай олий шарафга сазовор бўлишни истаб У зотдан ишора кутишарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса уларга Муоз ибн Жабални (розийаллоҳу анҳу) жўнатдилар.

Сафар олдидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у кишига саволлар билан мурожаат қилдилар:

– Эй Муоз! Ҳукм чиқаришда нимадан фойдаланасан?

– Аллоҳнинг китобидан.

– Агар Аллоҳнинг китобидан топа олмасанг-чи?

– Расулининг суннатидан қидираман.

– Расулининг суннатида ҳам топа олмасанг-чи?

– Ақлимни ишлатиб масалани ечаман. Эринмайман.

Шунда Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юзларида хурсандчилик аломатлари кўринди. Қувонганларидан: “Расулуллоҳнинг элчисини Аллоҳ ва расули рози бўладиган ишларга мувофиқ қилиб қўйган Раббимизга ҳамд бўлсин”, дедилар.

*   *   *

Муоз ибн Жабал (розийаллоҳу анҳу) саҳобалар орасида илми ва фаросати билан ҳам ажралиб турарди. Ушбу воқеани Оизуллоҳ ибн Абдуллоҳ зикр қилади:

– Умар ибн Хаттобнинг (розийаллоҳу анҳу) даврида Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидларига бир қанча саҳобалар билан кирдик. Ўттиз нафардан ортиқ одам суҳбатлашиб ўтирган мажлисга қўшилдим. Улар Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшитган ҳадисларини эслашарди. Ораларида қорачадан келган, ширинсухан истарали йигит ўтирарди. Менимча у қавмнинг орасидаги энг ёши эди. Саҳобалар ҳадис айтишса, ўша йигит шарҳлаб, фатво берар эди. Сўрамасалар жавоб бермасди, яъни ортиқча гапирмас эди. Мажлис тугаганидан кейин унга яқин бордим ва сўрадим:

– Эй Аллоҳнинг бандаси! Сиз кимсиз?

– Мен Муоз ибн Жабалман – деб жавоб берди саҳобий.

*   *   *

Умар ибн Хаттоб (розийаллоҳу анҳу) барча соҳада Муоз ибн Жабалнинг (розийаллоҳу анҳу) маслаҳати билан иш кўрар, унинг фатвосига таянар эди. Саҳобийга ҳурмати сабабли “Агар Муоз ибн Жабал бўлмаганида, Умар шак-шубҳасиз ҳалок бўларди”, дерди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этганларида Муоз (розийаллоҳу анҳу) Яманда ул зот буюрган ишларни бажараётган эди. Абу Бакр (розийаллоҳу анҳу) вақтида Мадинага қайтиб келди.

Муоз ибн Жабал (розийаллоҳу анҳу) бой эди. Келганидан сўнг Умар ибн Хаттоб Абу Бакр (розийаллоҳу анҳум) билан кенгашиб, Муоз ибн Жабалга (розийаллоҳу анҳу) молидан камбағалларга эҳсон қилишни маслаҳат берди. Муоз ибн Жабал (розийаллоҳу анҳу) эса ҳеч нима демади.

Эртаси куни тонгда Умар ибн Хаттоб Муозни (розийаллоҳу анҳу) ўз уйи олдида ҳаяжонланган, йиғлаб турган ҳолда кўрди. У киши йиғидан зўрға тийилиб, Умар ибн Хаттобга (розийаллоҳу анҳу) мурожаат қилди:

“Эй Умар, кеча кечаси туш кўрдим. Уммон гирдоби мени ўзига тортиб, ғарқ қилмоқчи бўлаётган эмиш. Шунда сиз келиб мени қутқариб қолдингиз...” Икковлари шу заҳоти Абу Бакрнинг (розийаллоҳу анҳу) олдиларига боришди. Муоз ибн Жабал Абу Бакрга (розийаллоҳу анҳум) ўз молининг ярмини олишини ва муҳтожларга истаганича эҳсон қилишини айтди...

*   *   *

Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муозни (розийаллоҳу анҳу) тонгда учратиб қолдилар ва саволга тутдилар:

– Эй Муоз, уйқудан қай ҳолатда уйғондинг?

– Ҳақиқий мўмин бўлиб уйғондим, ё Расулуллоҳ, – деди Муоз.

– Ҳар нарсанинг ҳақиқати бўлади, имонингнинг ҳақиқати нима?

– Уйғонганимда келаётган тунни кўра оламанми-йўқми – билмайман. Уйқуга кетишимдан олдин тонгни кўра оламанми-йўқми – билмайман. Яна қадам босиб юраётганимда кейинги қадамимни боса оламанми-йўқми – билмайман. Хаёлимда, ўтиб кетган қавмларга қиёматда китоблари берилаётганини, жаннат аҳли роҳатланаётганини, гуноҳкорлар эса қийналаётганини кўргандай бўлавераман.

Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом):

– Ҳақиқатни билибсан, унда бардавом бўлгин, эй Муоз, дедилар.

*   *   *

Муоз ибн Жабал умрини инсонларни тўғри йўлга бошлашга, фойдали илм қолдиришга бағишлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розийаллоҳу анҳу) у киши ҳақида: “Муоз Аллоҳга бўйсунувчи, ҳақиқий мусулмон эди. Биз уни Иброҳимга (алайҳиссалом) ўхшатар эдик”, дер эди.

Муоз ибн Жабал (розийаллоҳу анҳу) қариндош-уруғлари билан Шомга кўчиб ўтади ва у ерда илм билан шуғулланади. Бир қанча муддат ўтганидан сўнг Шомнинг амири Абу Убайда ибн Жарроҳ вафот этади. Умар ибн Хаттоб (розийаллоҳу анҳу) Муоз ибн Жабални Шомга бошлиқ этиб тайинлайди.

Ўлим тўшагида ётган Умар ибн Хаттобдан (розийаллоҳу анҳу) кимни ноиб қилиб кетишини сўраганларида, Умар шундай дейди:

– Агар Муоз ҳаёт бўлганида уни албатта ўзимдан кейинги халифа қилиб қолдирардим. Раббимнинг олдига борганимда у мендан: “Муҳаммаднинг умматига кимни бош қилиб қолдирдинг?” деса, Раббимга: “Уларга Расулуллоҳнинг: “Қиёматда олимларнинг бошлиғи Муоз ибн Жабал бўлади”, деганларини эшитганим учун Муоз ибн Жабални қолдирдим”, дер эдим.

Муоз ибн Жабал (розийаллоҳу анҳу) Шомга бошлиқ этиб тайинланганидан сўнг бир неча ой умр кўрди ва 33 ёшида оламдан ўтди.

 

Абу АЙЮБ тайёрлади.