Тўлиқ исми: Али ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманноф Қурайший Ҳошимий. Куняси: Абул Ҳасан. Пайғамбаримизга  жиян, амакиларининг ўғли бўлади. Расулуллоҳ  униАбу Туробдеб атаганлар. Нубувват келишидан ўн йил олдин Макка шаҳрида туғилди. Пайғамбаримизнинг  тарбияларини олиб вояга етди.

Қурайш киборлари ­Ра­сулуллоҳни  ўл­дириш ниятида ўн икки қабиладан йигит тўплашади. Ўша кеча Жаброил  Расулуллоҳни  уларнинг мақсадидан огоҳ этади. Сўнг Набий  ҳазрат Алидан  яшил кийимларини кийиб, ўринларига ётишини сўрайдилар. Ҳазрат Али  рози бўлади. Қурайшликлар мақсадларини амалга оширолмай қолишади. Кейинчалик бу кеча “Тунаш кечаси” номини олади. Муфассирлар айтишича, Одамлар орасида Аллоҳнинг розилигини истаб, жонини берадигани ҳам бор (Бақара, 207) ояти ҳазрат Али  ҳақларида нозил бўлган.

*   *   *

Фазилатлари: Ибн Касир “Бидоя ва ниҳоя” асарида ҳазрат Али  ҳақида бундай ёзади: “Жаннат башоратини олган ўн кишининг Расулуллоҳга  насабда энг яқинидир”. Ҳазрат Али  Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилди. Табукдан бошқа барча ғазотларда иштирок этди. У Бадр ва Ризвон воқеалари иштирокчиси, хулафои рошидиннинг тўртинчиси ва олам аёллари саййидаси Фотима бинти Муҳаммаднинг умр йўлдоши, Ҳасан, Ҳусайн, Зайнаб, Умму Кулсумнинг  отаси.

Cаҳл  ривоят қилади: «Али ўзини “Абу Туроб” деб аташларини яхши кўрар ва шу ном билан чақирилса, хурсанд бўларди. Бир куни Расулуллоҳ  қизлари Фотиманинг  уйидан, ҳазрат Алини  топмагач, қизларидан: “Амакингнинг ўғли қаерда?” деб сўрадилар. Ҳазрат Фотима : “Орамиздан гап ўтди. Ғазаблари келиб, мен билан гап­лашмай қўйдилар”, деб жавоб қилди. Шунда Пайғамбаримиз  бир кишига уни қаерда эканини билиб келишни буюрдилар. Ҳалиги одам келиб, ҳазрат Алининг  масжидда ухлаб ётганини айтди. Расулуллоҳ ёнига келганларида ҳазрат Алининг  елкасидан ридоси ерга тушиб, тупроқ текканини кўрдилар. Пайғамбаримиз  ридонинг чангини қоқиб: “Туринг, эй Абу Туроб, туринг, эй Абу Туроб”, дедилар».

Расулуллоҳ  ҳазрат Али  ҳаққига: “Аллоҳ кимнинг дўсти бўлса, Али унинг дўстидир. Ё Аллоҳ, уни дўст тутганни Сен ҳам дўст тут, унга душманлик қилганга Сен ҳам душман бўл” (Имом Аҳмад), деб дуо қилганлар. Ҳазрат Алининг  ўзидан эса бундай ривоят келтирилади: «Расулуллоҳ  қасам ичиб айтганлар: “Мени фақат мўмин яхши кўради, мени фақат мунофиқ ёмон кўради”» (Имом Муслим).

Саъд ибн Абу Ваққос  бундай ҳикоя қилади: «Расулуллоҳ Алига  айтган уч нарсани эслайман. Қани эди улардан биттаси менга берилганида! Пайғамбаримиз  Табук ғазоти­да Алини  Мадинада ўринларига қўйиб кетмоқчи бўлдилар. Шунда Али : “Ё Расулуллоҳ , мени аёл ва болалар билан қолдириб кетяпсизми?” деб сўради. Расулуллоҳ : “Ҳорун Мусога ўринбосар бўлгани каби менга ўринбосар бўлишга рози эмасмисан? Фақат мендан сўнг пайғамбар келмайди”, деб жавоб бердилар. Яна Ҳайбар кунида Пайғамбаримиз : “Бу байроқни Аллоҳ ва Расулини яхши кўрадиган, Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўрадиган кишига, бераман”, деганларини эшитдим. Ҳаммамиз байроқни олиш ниятида эдик. Бироқ Расулуллоҳ : “Алини чақиринглар”, деб буюрдилар. Ўша пайт­лари Алининг  кўзи оғриган эди. Расулуллоҳ  унинг кўзига туфлаб қўйдилар, сўнг байроқни топширдилар. Аллоҳ таоло Алига  нусрат берди. “Келинглар, ўғилларимиз билан ўғилларингизни, хотинларимиз билан хотинларингизни, ўзимиз билан ўзларингизни чорлаб, сўнгра (биргаликда) илтижо қиламиз” (Оли Имрон, 61), ояти­ нозил бўлганида Расулуллоҳ  Али, Фотима, Ҳасан ва Ҳусайнларни  дуо қилиб: “Аллоҳ, булар менинг аҳлим”, дедилар».

*   *   *

Ҳадис ривоят қилиши: Ҳазрат Али ибн Абу Толиб  ҳаммаси бўлиб 586 та ҳадис ривоят қилган. У кишидан: Ҳасан, Ҳусайн, Муҳаммад, Умар ҳамда Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Жаъфар, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу Мусо Ашъарий, Абу Саид Худрий, Абу Рофиъ, Суҳайб, Зайд ибн Арқам, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Ҳурайра, Жобир ибн Самура, Барро Ибн Озиб, Жарир Ибн Абдуллоҳ ва бошқа саҳобалар, Саид ибн Мусаййиб, Қайс ибн Хозим, Алқама ибн Қайс, Абу Асвад Жаулий, Аҳнаф ибн Қайс, Шурайҳ ибн Ҳоний каби тобеинлар ҳадис ривоят қилгани келтирилади.

Муфассирлар ёзишича, ҳазрат Али : “Вафотим етгунига қадар мендан сўраб қолинглар. Инсонни яратиб, ердан уруғ ундирган Зотга қасам, агар менга Қуръоннинг ҳар бир оятидан савол берсанг­лар, унинг қачон ва нима сабабдан туширилганини, носих ёки мансух эканини, бир маънони ё кўп маънони англатишини, шунингдек, унинг барчага ёки хос одамларга доир эканини, Маккада ёки Мадинада нозил бўлганини айтиб бероламан», дейди.

*   *   *

Расулуллоҳ : “Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидларидир. Оталари эса у иккисидан ҳам яхшироқдир” (Ибн Можа), деб марҳамат қилганлар.

Халифалик даври уч ярим ойи кам беш йил давом этди. Ҳазрат Али  ҳижратнинг қирқинчи йили, рамазон ойи­нинг ўн еттинчи кечаси бузғунчилар фитнаси сабаб ҳалок бўлади.

 

Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.