Сувайба Асламия Абу Лаҳабнинг жорияси эди. У муборак чақалоқ туғилганини эшитиб, қувонди. Сўнгра гўдак туғилишини кутаётган хожасининг ҳузурига ошиқди ва хушхабарни етказди. Абу Лаҳаб укаси Абдуллоҳнинг фарзанди туғилгани ҳақидаги хабарни эшитиб, севинди ва эҳсон тарзида Сувайбани озод қилди.

Урва (розияллоҳу анҳу) айтади: "Абу Лаҳаб вафот этгач, аҳлидан бири уни тушида кўради ва ундан: "Ҳолинг не кечди?" деб сўрайди. Абу Лаҳаб: "Сизлардан сўнг менга ҳеч бир яхшилик етмади. Фақат Сувайбани озод қилганим эвазига чанқоғим қондирилди", деб бош бармоғи билан ўрта бармоғининг орасидаги чуқурчага ишора қилди" (Имом Бухорий).

Суҳайлий ва бошқалар (розияллоҳу анҳум) айтади: "Туш кўрган киши Аббосдир (розияллоҳу анҳу). Бу воқеа Абу Лаҳабнинг вафотидан бир йил ўтиб, бўлган".

Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оналари Оминадан сўнг Абу Лаҳабнинг жорияси Сувайба Асламия эмизган.

Барро бинти Абу Тижора (розияллоҳу анҳо) айтади: "Ҳалима келишидан илгари Сувайба ўғли Масрухнинг сути билан Расулуллоҳни (алай­ҳиссалом) бир кун эмизди. Бундан олдин Ҳамза ибн Абдулмутталиб, сўнг Абу Салама ибн Абдуласад Махзумийни эмизган. Шунинг учун улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан эмикдошлардир".

Набий (алайҳиссалом) Сувайбани ҳурмат қилар, уни тез-тез зиёрат қилиб турардилар. Хадича (розияллоҳу анҳо) онамиз ҳам Сувайбани қадрларди.

Сувайба Исломни қабул қилган.

Ҳижрий еттинчи йили вафот этган.

 

Иқболой НАРИМОНОВА тайёрлади.