Тўлиқ исми: Барака бинти Саълаба ибн Амр ибн Ҳусойн ибн Молик ибн Салама ибн Амр ибн Нўъмон Ҳабашия. "Умму Айман" ҳамда "Уммуззабо" куня­си билан танилган. Бир ривоятда Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оталаридан, яна бошқа ривоятда оналаридан мерос қолган, де­йилган. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энагалик қилгани эвазига у зотнинг баракотларидан Умму Айманга баракали умр берди.

Асли ҳабашистонлик. Исломни аввалда қабул қилиб, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) вафотларидан сўнг оламдан ўтган. У ҳақда бундай дейилган: "Расулнинг (алайҳиссалом) туғилишларидан вафот этгунларига қадар у зотга саҳоба бўлиш нақадар бахт".

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Умму Айманга "Онажон", деб мурожаат қилар, "аҳлимдан колган ёдгорим", "Умму Айман, онамдан сўнг онам", дердилар.

Воқидий мадиналик ровийлардан ривоят қилади: «Умму Айман Набийга (алайҳиссалом) сув ичаётганларида: "Менга ҳам ичириб қўйинг", деди. Шунда Ойша (розияллоҳу анҳо): "Буни сен Расулуллоҳга (алайҳиссалом) айтяпсанми?" деди. Умму Айман: "У кишига мен кўпроқ хизмат қилганман", деб жавоб қилди. Набий (алайҳиссалом): "Рост айтдинг", деб, сув олиб келиб ичирдилар».

Расулуллоҳ (алайҳиссалом) вафотларидан сўнг Абу Бакр Умарга (розияллоҳу анҳумо): "Юр, худди Набий (алайҳиссалом) Умму Айманни зиёрат қилганлари каби биз ҳам зиёрат қиламиз", деди. Ҳузурига кирганларида у йиғлади. Улар: "Нима учун йиғлаяпсиз? Ҳабибуллоҳга (алайҳиссалом) Аллоҳнинг ҳузуридан кўра яхшироқ ер борми?" дедилар. Барака: "Мен ваҳийнинг тўхтаб қолганидан йиғлаяпман", дея икковларини ҳам йиғлатди.

 

ФАЙЗО тайёрлади.