Тўлиқ исми: Усмон ибн Мазъун ибн Ҳабиб ибн Ваҳб ибн Ҳузофа ибн Жамҳ ибн Амр ибн Ҳасис ибн Каъб Жамҳий. Куняси: Абу Соиб. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эмикдош биродарлари. Исломни ўн учинчи бўлиб қабул қилган.

* * *

Исломни қабул қилиши: Усмон ибн Мазъун, Убайда ибн Хорис ибн Абдулмутталиб, Абдураҳмон ибн Авф, Абу Салама ибн Абдул Асад, Абу Убайда ибн Жарроҳ  Расулуллоҳнинг  ҳузурига келиб, ҳаммалари бир вақтда Исломни қабул қилишган.

* * *

Ибодати: У бундай дерди: “Ақлимни оладиган, одамларни устимдан кулдирадиган, ўзимга номуносиб аёлга уйланишимга мажбур қиладиган хамрни ичишни хоҳламайман”. Усмон ибн Мазъун кундузлари рўзадор, кечалари намоз билан машғул эди. У жоҳилиятдаёқ хамрни ўзига ҳаром қилган эди.

* * *

Матонати: “Қурайш бутунлай Исломга кирди” деган хабар тарқалганидан сўнг Усмон ибн Мазъун  издошлари билан Ҳабашистондан қайтди. Маккага яқинлашишганда бу хабар ёлғон экани маълум бўлди. Ортга қайтишнинг имкони йўқ, Маккага кириш ҳам мушкул эди. Сўнг Усмон ибн Мазъун  Валид ибн Муғийранинг ҳимояси остида Маккага кирди. Ўзи ҳимояда турган вақтда Расулуллоҳ  ва саҳобаларнинг мушриклар қўлида озор чекаётганларини кўргач, Валид­нинг олдига келиб: “Эй Абу Абдушшамс, вазифангни бажардинг. Ҳимоянгда эдим. Энди Расулуллоҳ  ва саҳобаларнинг ёнига қайтмоқчиман”, деди. Валид ибн Муғийра: “Кимдир сени хафа қил­дими?!” деб сўради. Усмон ибн Мазъун : “Йўқ. Мен фақат Аллоҳ ҳимоясида бўлишни истайман”, деб жавоб қилди. Валид: “Ундай бўлса, масжидга бориб, ҳимоямга ўтганингни ошкор қилганинг каби ҳимоямдан чиққанингни ҳам ошкор айтасан,  деб шарт қўйди. Масжидга боришди. Валид: “Усмон ибн Мазъун ҳимоямдан чиқмоқчи”, деб жар солди. Усмон ибн Мазъун : “Валид ваъдасига вафо қилди. Мен Аллоҳдан бошқанинг ҳимоясида бўлишни истамайман”, деб ошкор айтди.

Бу воқеадан оз фурсат ўтди. Лабид ибн Робиа Қайсий қурайшликлар билан ўтирган даврага Усмон ибн Мазъун  ҳам келиб қўшилди. Шунда Лабид бундай шеър айтди: “Огоҳ бўлинг! Аллоҳдан бошқа ҳамма нарса ботил”. Усмон ибн Мазъун : “Тўғри айтдинг”, деди. Лабид: “Ҳамма неъмат бир кун бўлар завол”, деди. “Ёл­ғон айтдинг”, деди Усмон ибн Мазъун­ .­ Ўтир­­ганлар Лабиддан шеърини такрор айтиши­ни сўрашди. Лабид такрорлади. Усмон ибн Мазъун (розиялллоҳу анҳу) ҳам айтган сўзларини так­рорлаб: “Жаннат неъмати завол бўлмайди”, деди. Ғазабга минган Лабид: “Аллоҳга қасам, эй Қурайш жамоаси, бу ерда нималар бўляпти?” деб бақирди. Шу вақтда мушриклардан бири Усмон ибн Мазъуннинг  кўзига мушт туширди. Ўтир­ганлардан бири: “Эй Усмон, яхши ҳимояда эди­нг, кўзинг ҳам соғ қоларди”,  деди. Усмон :­ “Мен­га Аллоҳнинг ҳимояси азизроқ. Ҳолбуки, ик­кин­чи кўзим биринчисининг аҳволига тушса ҳам, мен учун Расулуллоҳ ва саҳобалар­да ибрат бор”,­ деб жавоб қилди. Бу воқеадан сўнг Усмон ибн Мазъун  Мадина сафарига кетди.

* * *

Мадинада: Ансорлар му­ҳожир­ларни жойлаштириш мақсадида қуръа ташлашди. Усмон ибн Мазъун Уммул Аълонинг  оиласи чекига тушди. Уммул Аъло  бундай ҳикоя қилади: “Усмон ибн Мазъун бизникида хас­таланиб қолди. Вафот этгунига қадар унга ҳамширалик қилдим. Ўлганида кийимига кафанладик. Расулуллоҳ уйимизга келдилар. Мен: “Эй Абу Соиб, Аллоҳ сизни раҳмат қилсин. Шубҳасиз Аллоҳ сизни икром қилганининг шоҳиди бўлиб турибман”, дедим. Шунда Пайғамбаримиз : “Аллоҳ уни икром қилганини қаердан биласан?” деб сўрадилар.

Умму Аъло: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ. Аллоҳ бу кишини икром қилмай, кимни икром қилсин?” дедим. У зот : “Аллоҳга қасам, Усмонда қалб хотиржамлиги бор эди. Аллоҳ ҳақи, шубҳасиз, унга яхшилик тилайман. Лекин мен Аллоҳнинг расули бўлатуриб, охиратда ҳолим не кечишини билмайман”, дедилар. Мен: “Аллоҳ ҳақи, бундан кейин бирор кишини гуноҳлардан пок деб айтмайман”, дедим. Кейин дилим ғаш бўлиб ухлаб қолдим. Тушимда Усмон ибн Мазъун  учун оқиб турган булоқни кўрдим. Эрталаб Расулуллоҳнинг  ҳузурларига бориб, тушимни айтиб бердим. У зот: “Бу унинг яхши амалларидир”, дедилар.

* * *

Вафоти: Ойша  айтади: “Расулуллоҳ Усмон ибн Мазъун  вафот этганида юзидан ўпар, кўзёшлари унинг юзига томарди”.

Ибн Асир  айтади: “Усмон ибн Мазъун  ҳижратнинг иккинчи йили Мадинада вафот этган биринчи муҳожирдир. Бақиъ қабристонига ҳам биринчи бўлиб қўйилган”.

 

Ўткирбек ҲАКИМОВ,

“Усмон ибн Мазъун” жоме-масжиди имом-хатиби