Тўлиқ исми: Билол ибн Рабоҳа Таймий .­ Куняси: Абу Абдуллоҳ. Бошқа бир ривоятда: Абу Абдураҳмон.  Исломни биринчи қабул қилганлардан. Азобга бардош қилиб, “Аҳад, Аҳад” деб туриши билан шуҳрат қозонди. Овози ёқимли бўлган. Ислом келиб, азон жорий бўлгач, Расулуллоҳ  уни муаззин этиб тайинлаганлар.

Ҳижратдан тахминан 43–44 йил олдин туғилди. Отаси Рабоҳа, онаси Ҳамомадир. Ҳазрат Билолнинг  оиласи Қурайш бошлиқларидан Умайя ибн Халафнинг қўл остида эди.

Сифати: Ҳазрат Билол  қора танлик, озғин, калта бўйли, қалин сочли киши бўлган. Ўзи ҳақидаги мақтов сўзларни эшитишни ёқтирмасди. Бундай пайтда бошини эгиб, ерга қарар ва йиғлаб бундай дерди: “Мен бир хабашман. Кеча қул эдим”.

Кунлардан бирида ўзи ва укаси учун опа-сингилларга совчи бўлди ва: “Мен Билолман. Бу эса укам. Икки хабашиймиз. Залолатда эдик, Аллоҳ тўғри йўлга бошлади. Қул эдик, Аллоҳ бизни озод қилди. Агар бизга қизингизни берсангиз, Аллоҳга ҳамд бўлсин. Бермасангиз, Аллоҳ улуғдир”, деб айтди.

Расуллуллоҳ  дедилар: «Жаннатга кирдим. Ёнгинамда оёқ товушини эшитдим. Шунда мен: “Эй Жаброил, бу кимнинг оёқ товуши?” деб сўрадим. Жаброил : “Билол ёнингизда юрибди”, деб жавоб берди. Кейин Расулуллоҳ : “Эй Билол, Исломда қилган энг яхши амалинг қайси?” деб сўрадилар. Ҳазрат Билол  жавоб берди: “Қачон таҳорат олсам, албатта,  ортидан намоз ўқийман”» (Ибн Асокир).

Пайғамбаримиз  айтадилар: Мендан олдин ўтган ҳар бир Набийга еттита хос киши берилди. Менга эса ўн тўртта, улар: “Абу Бакр, Умар, Али, Ҳамза, Жаъфар, Ҳасан ва Ҳусайн, Миқдод, Ҳузайфа, Салмон, Аммор, Билол, ибн Масъуд ва Мусъаб ибн Умайр” дедилар  (Имом Термизий, Ҳоким).

Ҳазрат Билолга  одамлар уни ҳазрат Абу Бакрдан  устун қўяётганларининг хабари келди. Шунда у: “Қандай қилиб мени Абу Бакрдан устун қўясиз. Ахир мен унинг яхшилик­ларидан бир яхшиликман, холос”, деди.

Анас  айтади: «Набий : “Жаннат уч кишига муштоқ. Улар: Али, Аммор ҳамда Билол”, дедилар» (Имом Термизий).

Ҳадис ривоят қилиши: Ҳазрат Билол  Расулуллоҳдан  ҳадис ривоят қилган. У кишидан: Абу Бакр, Умар, Усома ибн Зайд, Каъб ибн Ужра, Абу Зиёд, Ибн Умар, Баро ибн Озиб, Сунабиҳий, Абу Усмон Наҳдий, Абу Идрис Ҳавлоний, Абу Абдураҳмон ибн Абу Лайло, Ториқ ибн Шиҳоб ва бошқалар  ривоят қилишди.

Маккада: Аллоҳ таоло Маккани нубувват нури билан ёритиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад  орқали инсониятни тавҳидга чақиргач, ҳазрат Билол  бу йўлда пешқадамлардан бўлди. Ундан олдин Хадича онамиз, Абу Бакр, Али, Аммор ибн Ёсир, унинг онаси Сумайя, Суҳайб Румий ва Миқдод ибн Асвадлар имон келтиришган эди.

Мушриклар зулмидан энг кўп азият чеккан саҳоба ҳам ҳазрат Билолдир . Абу Бакр, Али ва бошқа саҳобаларнинг ҳимоячилари – яқинлари бор эди, аммо мусулмон қуллар сабр­дан ва Аллоҳга илтижодан бўлак йўл тополмасдилар. Мушриклар одамларни қўрқитиш учун қулларни қаттиқ азоблашарди. Шунча азоб етмаганидай, Қурайш катталари янги-янги жазо усулларини қўллашарди. Қуёш кўтарилиб, саҳро қумлари чўғга айланган бир пайтда ҳимоясиз бечораларга темир зирҳ кийгизишар, қуёшнинг оловли тиғлари остида азоблаб, эски динларига қайтишга буюришарди. Бундай қаттиқ қийноққа чидолмаганлар хожалари айтганини қилишга мажбур бўлишарди. Ҳазрат  Билол  эса барига чидади.

Жазирама кунларнинг бирида Умайя ва унинг ҳамтовоқлари ҳазрат Билолни  қайноқ қумга ётқизиб, устига катта ҳарсанг тош қўйишди ва Исломдан қайтишга мажбурлашди. Ҳазрат Билолнинг  тилида фақат: “Аҳад... Аҳад...” сўзи бўлди. Бундан  ғазабланган мушрик­лар унинг устига бошқа тошларни ҳам уя бошлашди. Шунда ҳам ҳазрат Билол : “Аҳад... Аҳад...” дейишдан тўхтамади. Баъзида у зотни уловга бойлаб, Макка кўчаларида судрашарди.

Мана шундай азобли кунларнинг бирида Абу Бакр Сиддиқ  Умайя ибн Халафга Билолни сотиб олишини таклиф қилди. Умайя ҳазрат Абу Бакрга  сотиб олмаслиги учун юқори нарх айтди. Лекин ҳазрат Абу Бакр  айтилган баҳога эътирозсиз рози бўлди – Билолни  тўқсон тилла эвазига сотиб олди. Шунда Умайя: «Агар олишдан бош тортганингда бир уқияга бўлса ҳам сотардим,» деди. Ҳазрат Абу Бакр  унга: “Юз тиллога сотсанг ҳам олардим», деб жавоб берди.

Мадинада: Ҳазрат Билол Мадинага кўчди. У ерда ҳамма вақт – кеча-кундуз, намозда ҳам, ғазотда ҳам Пайғамбаримизнинг  ёнларида бўлди, сояларидан ҳам яқинроқ кишига айланди.

Расулуллоҳ  Мадинада илк масжидни қурдирганларидан сўнг, азон жорий этилди. Илк муаззин эса ҳазрат Билол  бўлди. Бадр ва бошқа катта-кичик юришларда қатнашди. Расулуллоҳга  умрларининг охиригача муаззинлик қилди. Набий  унинг овозини яхши кўрдилар.

* * *

Шомда: Расулуллоҳ  дафн этилганларидан сўнг, намоз вақти киргач, ҳазрат Билол  азон чақирди ва “Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ”, деганида кўзларидан ёш оқди, овози томоғига тиқилди. Бу ҳолни кўрган мусулмонлар ҳам ўзларини йиғидан тўхтата олишмади. Ҳазрат Билол  уч кун азон айтди ва ҳар гал: “Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ”, деганида йиғлайверди, бошқаларни ҳам йиғлатди. Шундан сўнг Абу Бакрга  мурожаат қилиб, Шомга кетиш учун изн сўради. Мадинада Расулуллоҳсиз  яшолмаган ҳазрат Билол  Дамашққа йўл олди. Азон айтмай қўйди.

Орадан бир муддат ўтгач, ҳазрат Умар  Шомга келиб, ҳазрат Билол  билан учрашди. Шу муносабат билан ҳазрат Билол  яна азон айтди. Қалбни жунбишга келтирадиган нолали овоздан ҳазрат Умар  ва саҳобалар йиғлаб юборишди. Азон асносида Мадинаи Мунавварада Расулуллоҳ  билан бирга кечган осуда ҳаётга қайтгандай бўлишди.

* * *

Вафоти: Билол  Шомга кетгач, Мадинага қайтмади. Бир куни Расулуллоҳ  тушига кириб: “Эй Билол, мени соғинмадингми? Мени кўргани келмайсанми?” дедилар. Ҳазрат Билол  тун бўйи йиғлади ва тонг-саҳар йўлга чиқди. Мадинада Пайғамбаримизнинг  қабрларини зиёрат қилгач яна Шомга қайтди ва умрининг охиригача ўша ерда яшади.

Ҳазрат Билол  ҳижратнинг йигирманчи йили Шомда ўзи истаганидек Аллоҳ йўлида посбонлик қилиб, вафот этди. Дамашқда дафн қилинди. Қабри ўша ерда.

 

ТИИ талабаси

Шаҳло БИЛОЛИДДИН қизи тайёрлади.