Зайнаб бинти Муҳаммад (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўнғич фарзандлари бўлиб, ўттиз ёшларида, рисолат келишидан ўн йил олдин туғилди. Онаси Ҳадича бинти Хувайлид (розияллоҳу анҳо).

Турмуш қуриши: Ҳазрат Ҳадича (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайнабни  Абул Ос ибн Робеъга турмушга беришларини сўради. Пай­ғамбаримиз (алайҳиссалом) завжаларига эътироз билдирмасдан розилик бердилар. Ёшларнинг никоҳ тўйи пай­ғамбарлик келишидан олдин бўлиб ўтди.

Пайғамбаримизга (алай­ҳиссалом) рисолат келгач, ҳазрат Ҳадича ҳамда барча қизлари (розияллоҳу анҳунна) Исломни қабул қилишди. Шу жумладан, Зайнаб бинти Муҳаммад ҳам (розияллоҳу анҳо) Исломга кирди. Аммо эри кирмади. Абул Ос ибн Робеъ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан қалин дўст эди. Қурайш мушриклари ундан Зайнабнинг жавобини беришини талаб қилишди. Абул Ос бундай қилишдан бош торт­ди. Лекин кейинчалик у Исломни қабул қилди.

Ҳазрат Зайнаб (розияллоҳу анҳо) бундай ҳикоя қилади: "Мен Мадинага отамнинг олдига бориш учун тайёргарлик қилаётгандим. Ёнимга Ҳинд бинти Утба келиб: "Эй Муҳаммаднинг қизи, Мадинага кетмоқчи экансан", деди. Мен: "Ундай қилмоқчимасман", дедим. У: "Эй амакимнинг қизи, боравер. Агар бу сафарингда сенга мато ёки пул керак бўлса, мен бераман. Сенга ҳеч қандай адоватим йўқ", деди. Зайнаб (розияллоҳу анҳо) айтади: "Аллоҳга қасам, у бу гапни айтади, деб ҳеч ҳам ўйламагандим. Унга ишонмаганим учун буни хоҳлаётганимни билдирмадим ва таклифини раъд қилиб, тайёргарликни давом эттирдим".

Сўнгра Кинона ибн Робеъ бир туяни етаклаб келди, Зайнаб (розияллоҳу анҳо) унга миниб олди. Кинона камонини олиб, йўлбошчилик қилиш учун тонгда йўлга чиқди. Бундан қурайшликлар хабар топиб, уни йўлидан қайтариш учун йўлга чиқишди ва Зу Туво деган ерда етиб олишди. Зайнабнинг (розияллоҳу анҳо) олдига биринчи бўлиб Ҳиббор ибн Асвад ва Нофеъ ибн Абдулқайс Фиҳрий етиб келди. Ўшанда  Зайнаб (розияллоҳу анҳо) ҳомиладор бўлиб, бундан мушрикларнинг хабари йўқ эди. Ҳиббор найза отиб уни чўчитиб юборди. Мадинага борганда ҳомиласи тушди.

Вафоти: Ҳазрат Зайнабнинг (розияллоҳу анҳо) ҳомиласи тушгач, қон тўхтамади ва ҳижратнинг саккизинчи йили Мадинада вафот этди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайғуда қизларини қабрга қўйдилар. Кейин: "Мен Зайнабнинг  жисми заиф эканлигини эсладим. Аллоҳдан қабрини кенгайтиришини ва ғамини енгиллатишини сўрадим. Бас, Аллоҳ таоло сўраганимни берди", дедилар.

 

ФАЙЗО тайёрлади.