Улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар Маккада, ҳазрат Умар хонадонида дунёга келди. Куняси – Абу Абдураҳмон. Отаси имонга келгач, у ҳам кичик ёшида мусулмон бўлди. Болалигиданоқ Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан кўп вақт бирга бўлгани сабаб у зотдан энг кўп ҳадис ривоят қилган ва илм ўрганган саҳобалардан саналади.

 

* * *

Абдуллоҳ ибн Умар илмнинг барча соҳалари, жумладан, тафсир бўйича ҳам пешқадам эди. Шунингдек, ҳадис ҳофизлари орасида ҳам етакчи ўринда турувчи Абдуллоҳ ибн Умар унутиш ва адашишдан қўрқиб, эшитган ҳадисларини доим ёзиб борар, зарурат бўлмагунича ҳадис ривоят қилмасди. Бизгача етиб келган ҳадис китобларида у зотдан ривоят қилинган икки минг олти юз ўттизта ҳадис бор. Улардан бир юз олтмиш саккизтасини Имом Бухорий ва Имом Муслим биргаликда ривоят қилган бўлса, алоҳида ҳолда Имом Бухорий саксон бир, Имом Муслим ўттиз бир, Аҳмад ибн Ҳанбал икки минг ўн тўққизта ҳадис ривоят қилган. Қолганларини бошқа муҳаддислар тўпламларига киритишган.

Ибн Умар ҳалол-ҳаром мавзуидаги ҳадисларни энг кўп ривоят қилган саҳобадир.

У киши фиқҳ соҳасида ҳам шуҳрат қозонган бўлиб, Мадинанинг кўпгина фақиҳлари бу улуғ саҳобадан таълим олишган. Аҳси суннатнинг тўрт улуғ олимидан бири – Имом Молик мазҳабининг асосини Абдуллоҳ ибн Умарнинг фатволари ташкил этади.

* * *

У жўмард, ҳалим одам бўлиб, қул ва жорияларини ибодат қилаётган ҳолда кўрса, озод қилиш одати бор эди. Бундан айрим қуллар фойдаланаётгани айтилганида: «Хайр учун алданишдан яхшиси борми?» деб жавоб қилди. Улуғ тобеинлардан Имом Нофеъ ҳам Ибн Умар озод қилган қуллардан эди.

Ибн Умар бир киши золим Ҳажжожга қарши гапираётганини эшитиб, сўради: «Гапларингни Ҳажжож шу ерда бўлса ҳам айта олармидинг?» «Йўқ», деган жавобни эшитиб, айтди: «Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замонларида буни мунофиқлик ҳисоблардик».

Бир қатор суҳбатларда бундай дегани ривоят қилинади: «Эй Одам болалари, жисмингиз билан дунёда, қалбингиз билан охиратда бўлинг. Ҳикмат ўнта нарсада: тўққизтаси сукутда, биттаси кам гапиришда. Кишининг кимлиги дўстлашган одамларига қараб аниқланади. Ўзидан юқориларга ҳасад, пастдагиларга зулм қиладиган илм аҳлидан саналмайди. Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қилган байъатимни бугунгача бузмадим ва ўзгартирмадим. Фитна ва тортишувга тарафдор бўлган киши билан бирга бўлмадим. Ҳеч бир мусулмоннинг тинчини бузмадим. Аллоҳ учун севинг, У Зот учун дўстлашинг, душманлигингиз ҳам шундай бўлсин. Аллоҳ таоло муҳаббатига шу йўл билан эришилади. Бирорта одам биродаридан кўпроқ пул ёки бойликка эга бўлиш ҳақида ўйламаган замонларни кўрдик. Энди эса, олтин-кумуш жуда қимматли санала бошланди. Аллоҳдан қўрқиб, бир томчи кўзёш тўкиш мен учун минг олтин садақа беришдан севимлироқ. Киши имкони борича яхшилик қилиши, ҳамиша ширинсўз ва очиқ юзли бўлиши лозим».

* * *

У зот нопок ва шубҳали нарсалардан сақланар, дунё муҳаббатидан узоқ, ҳар ишда жуда диққатли эди. Кечки овқатни ҳеч қачон шериксиз емас, оч қолмасдан овқатланмас, жуда оз ерди. Ироқдан зиёратига келган бир дўсти у кишига дори бериб, ҳазмга ёрдам қилишини айтди. «Унда буни бошқа бирортасига бериб юбор, – дедилар Ибн Умар. – Чунки мен шу пайтгача бирор марта қорним тўйгунича овқат емадим, бундан кейин ҳам бу дори менга керак бўлмайди».

* * *

Макка фатҳи куни Ибн Умар чопқир от миниб олган эди. Йигирма беш ёшлардаги навқирон йигит бу ҳолатида жуда ҳайбатли кўринарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни: «Абдуллоҳ! Мана, Абдуллоҳ!» деб мақтадилар завқ билан. Маккага Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туяда, Ибн Умар от устида ёнма-ён кириб боришди.

Абдуллоҳ ибн Умар Ҳунайнда катта қаҳрамонлик кўрсатди. Тоиф қамалида қўшиннинг манглай қисмидан жой олди. Мутъа ва Ярмукда қатнашди. Хулафойи рошидин даврларидаги сафарларда иштирок этди. Шунга қарамай, у зот кўпроқ илм оламида шуҳрат қозонди. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) айтади: «Ибн Умар юриш-туриш ва ҳаракатларида Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жуда ўхшарди». Тафсир, фиқҳ, ҳадис ва бошқа илмларда пешқадам эди. Фатво борасида жуда ҳассос бўлиб, Имом Моликнинг хабар беришича, Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўнг ҳаж мавсуми ва бошқа пайтларда инсонларга олтмиш йил фатво берди.

* * *

Бир куни Абдуллоҳ ибн Умарга минг дирҳам пул ва чакмон ҳадя қилишди. Аммо эртаси куни дўстларидан бири у кишининг бозордан қарзга ем олаётганини кўрди. Ибн Умарнинг уйидагилардан сўради: «Дўстимизга пул ва либос ташлаб кетишмаганмиди?» «Ҳа, шундай, – деб жавоб беришди. – Ўша куниёқ чакмонни елкаларига ташлаб, пулни олиб, бозорга кетдилар. Қайтганларида ҳеч нимасиз эдилар, муҳтожларга тарқатибдилар».

* * *

Абдуллоҳ ибн Умар ҳижрий етмиш тўртинчи йилида саксон тўрт ёки саксон беш ёшида вафот этган ва Муҳассаб деган жойга дафн этилган.

Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

 

Шоакмал ШОАКБАР ўғли тайёрлади.