Тўлиқ исми: Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу). Куняси: Абу Абдурраҳмон. Онасининг исми Зайнаб бинти Мазъун. Ўн ёшида отаси билан Мадинага кўчиб келди. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)илм олиб, ҳадис ривоят қилди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)"Абдуллоҳ қандай ҳам яхши йигит. Агар кечалари намоз ўқиганда, яхшилигини янада зиёда қилган бўлар эди", дедилар. Абдуллоҳ ибн Умар (розиялллоҳу анҳу)мана шу кундан бошлаб, то вафотига қадар тунги намозларини тарк қилмади.

Пайғамбарга (алайҳиссалом)эргашиши: Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қилган амалларини айнан ўзлари каби бажаришга қизиқарди. Намоз ўқиган ерларида намоз ўқир, у зот каби дуо қиларди. Ҳатто майда тафсилотларгача эсларди. Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) туялари Маккада ҳеч қандай сабабсиз бир ерда икки марта айланиб кейин тўхтади. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) туядан тушиб, икки ракат намоз ўқидилар. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) Макканинг ўша ерида туясини атайлаб икки марта айлантирар, сўнг чўктириб, икки ракат намоз ўқирди.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бир дарахт тагида дам олардилар. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ўша дарахт олдига тез-тез бориб турар ва қуриб қолмасин деб, сув қуйиб турарди. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо): "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) изларига Ибн Умардек (розияллоҳу анҳу) ҳеч ким эргашолмаган", деб айтган.

Зуҳди: Маймун ибн Меҳрон (розияллоҳу анҳу) айтади: "Ибн Умарнинг уйига кирдим. Унинг уйидаги кўрпа-тўшакларни, шолча ва жиҳозларнинг барчаси қанча туришини қиёслаб кўриб, юз дирҳамдан ошмаслигига ишонч ҳосил қилдим". Бу ҳол унинг фақирлигидан эмас, балки бой эканидан, бахиллигидан эмас, балки жуда сахий бўлганидан даракдир.

Кунларнинг бирида унга ироқлик дўсти бир халтачани ҳадя қилди. Ибн Умар: "Бу нима?" деб сўради. Дўсти: "Бу жуда яхши дори, уни Ироқдан олиб келдим", деди. Ибн Умар: "Бу нимадан даволайди?" деб сўради. У: "Таомни ҳазм қилдиради", деб жавоб берди. Абдуллоҳ ибн Умар табассум қилиб: "Таомни ҳазм қилади? Мен, мана, қирқ йилдан бери тўйиб таом емайман", деб халтачани қайтиб берди.

Сахийлиги: Сахийлик, зуҳд Абдуллоҳ ибн Умарни ҳеч тарк этмасди. У ниҳоятда кўп эҳсон қиларди. Бу саҳийлик уни фақир кишилар қаторига қўшиб қўйиши мумкинлигидан сира қўрқмасди. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) маошининг бир тийинини ҳам ўзига олиб қолмай, мискин, фақир ва муҳтожларга тақсим қиларди. Эшигига оқиб келган мол-давлатни муҳтожларга тарқатиб юборарди. Кўпинча бой-бадавлат кишиларга зиёфат бераётган фарзандларига: "Тўқларни чақириб, очларни ташлаб қўясизлар", дерди.

Ҳадис ривоят қилиши: Замондошлари айтишларича, ҳеч бир саҳоба Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳадисини камайтириб ёки кўпайтириб ривоят қилишдан Ибн Умарчалик қўрқмаган. Шунингдек, у фатво беришда ҳам эҳтиёткор бўлди. Бир куни олдига бир киши фатво сўраб келди. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу): "Мен билмайман", деди. Ҳалиги одам орқасига ўгирилиб бир неча қадам ташлаб улгурмасиданоқ, Ибн Умар (розияллоҳу анҳу): "Ибн Умардан билмайдиган нарсаси ҳақида сўрашди. У "билмайман" деб жавоб берди", деди.

Вафоти: Ҳаётининг сўнгги кунларида Абдуллоҳ ибн Умарнинг (розияллоҳу анҳу) кўзлари кўрмай қолди. Ҳижратнинг етмиш тўртинчи йили саксон тўрт ёшида оламдан ўтди.

 

Шукруллоҳ АБДУРАСИЛОВ,

"Кўкалдош" мадрасаси талабаси