Тўлиқ исми Саъд ибн Молик ибн Синон ибн Убайд, куняси Абу Саид Худрий. Од Адий ибн Нажжор қабиласидан. Отаси Молик Мадинада Ислом ёйила бошлаган паллаларда мусулмон бўлган эди.

Абу Саид Мадинадаги Масжиди Набавий қурилишида қатнашди. Ҳали ёш бўлгани учун Бадр сафарига бормаган бўлса-да, ўн уч ёшида Уҳудда отаси билан иштирок этди. Отаси Молик шаҳид бўлди. Шундан кейин оилани боқиш Абу Саиднинг зиммасига тушди. Оилада танглик юзага келгач, хонадон аёллари: «Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бор, у кишидан сен ҳам бир нарсалар сўра, ҳамма сўраяпти-ку», дейишди. Абу Саид олдинига бу гапларга қулоқ солмаса-да, аҳвол оғирлашгач, мажбур бўлиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига йўл олди ва у зот хутба ўқиётганлари устидан чиқди: «Одамлардан беҳожат бўлган ва номусини ҳимоя этганларни Аллоҳ оламлардан беҳожат қилади». Бу сўзларни эшитиб, индамасдан ортига қайтди.

Кейин юз берган воқеалар ҳақида Абу Саиднинг ўзи бундай ҳикоя қилади: «Расули акрамдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳеч нима сўрамай қайтганимдан сўнг, Аллоҳ таоло бизга ризқимизни етказди. Ишларимиз шу қадар юришдики, ансор орасида биздан бой киши йўқ эди».

Абу Саид Бани Мустаълиқ ва Хандақ жангида, Ҳудайбия, Хайбар, Макка фатҳи, Табук муҳорабасида – жами ўн икки ғазотда иштирок этди. Ҳазрат Умар ва ҳазрат Усмон даврларида Мадинада фатво берувчилардан бири бўлди, ҳазрат Али даврида бўлган Наҳравон жангида қатнашди.

Абу Саид Худрий Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар қайсиси мингдан ортиқ ҳадис ривоят қилган Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ибн Молик, ҳазрат Ойша, Абдуллоҳ ибн Аббос, Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий билан бирга “муксирун” (энг кўп ҳадис ривоят қилган) номи берилган етти саҳобийнинг биридир. Улар айтган ҳадислар ўн олти мингдан зиёд бўлиб, шундан бир минг бир юз етмиштасини Абу Саид ривоят қилган. Булардан қирқ учтаси Бухорий ва Муслимда, йигирма олтитаси фақат Бухорийда, элликтаси фақат Муслимда, қолганлари бошқа ҳадис китобларида келтирилган. Бу саҳобийнинг ривоятларини Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Аббос, Анас ибн Молик, Ибн Умар, Абу Қатода, Абу Туфайл, Саид ибн Мусайяб, Ториқ ибн Шиҳоб, Ато, Мужоҳид нақл қилишган. Абу Саид Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшитганларини фақат эҳтиёж бўлганида, суннат янглиш татбиқ этилаётганини кўрганидагина ривоят қилар эди. Абу Саид Худрий камбағалларга, бева-бечораларга ёрдам қилар, уларни уйига олиб келиб, бошпана берар ва тарбия қиларди. Лайс, Сулаймон ибн Амр шулар жумласидандир.

Асҳобнинг фақиҳ олимларидан бўлган Абу Саиднинг Абдураҳмон, Ҳамза ва Саид исмли фарзандлари бўлган. Абу Саид Худрий ҳижрий 74 йили саксон бир ёшда вафот этди.

Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

 

Манбалар асосида Содиқ НОСИР тайёрлади.