Саҳобанинг тўлиқ исми Абу Туфайл (Абу Мунзир) Убай ибн Каъб ибн Қайс ибн Убайд ибн Зайд ибн Муовия ибн Амр ибн Молик ибн Нажжор Ансорий Хазражийдир. У зот Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳузурларидаги ваҳий ёзувчи котибларидан бири бўлган. Манбаларда Убай ибн Каъб ваҳийни ёзишдан олдин ҳам, кейин ҳам Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) ўқиб берар, у зот тинглаб, агар хато бўлмаса, ёзишга рухсат берардилар, дейилади.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Убай ибн Каъбни “Мусулмонлар саййиди” деб номлаган. Ушбу саҳоба икки Ақаба байъатида ҳам қатнашган, Бадр ва ундан кейинги барча ғазотларда иштирок этган.

Убай ибн Каъбдан (розияллоҳу анҳу) 164 та ҳадис ривоят қилинган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у зотдан Қуръон қироатини ўтказганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Убай ибн Каъбга: “Аллоҳ таоло менга сен қироат қилиб беришингни айтди”, дедилар. “Аллоҳ менинг исмимни зикр қилдими?”, деди у. У зот: “Ҳа”, дедилар. Шунда Убай ибн Каъб йиғлаб юборди” (Имом Муслим ва Термизий ривояти).

Саҳобанинг Исломга муҳаббати кучли ва мустаҳкам ақида соҳиби бўлиб, Расулуллоҳнинг биронта суҳбатини ҳам қолдирмас эди. Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу) айтади: “Мен бир ҳамён топиб олдим. Унинг ичида юз динорча пули бор эди. Уни кўтариб, Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бордим. У зот топиб олган нарсангни бир йил эълон қил, дедилар. Мен бир йил эълон қилиб, уни танийдиган кишини топа олмадим. Кейин яна борган эдим, У зот: “Яна бир йил эълон қил”, дедилар. Сўнгра учинчи марта борганимда, У зот: “Ўша ҳамён идишини, ичидаги маблағини ва боғичини таништир, агар шунда ҳам эгаси келмаса, ўзинг ишлатасан”, дедилар.

Убай ибн Каъб ҳар саккиз кунда Қуръони каримни хатм қилиб турган ва оятларнинг нозик нуқталаригача яхши тушунган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Умматларим ичида уларга энг меҳрибонроғи Абу Бакр, Аллоҳнинг динида кучлироғи Умар, ҳаё қилишда комилроғи Усмон, ҳукм чиқаришда пешқадамроғи Али ва энг кўп тиловат қилувчироғи Убай ибн Каъбдир” (Руҳул баён).

Бир куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Убайдан: “Сен қайси оятни тиловат қилишни кўпроқ яхши кўрасан?” деб, сўраганларида, “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мамнун бўлиб: “Эй Мунзирнинг отаси, сенга илм олишни Аллоҳ осон қилсин”, дея дуо қилдилар.

Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу) қайси оят ва ҳадисдан нима ирода қилинганини бошқалардан кўра яхши тушунар эди. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан кейин бошқа саҳобалар Убай ибн Каъбдан (розияллоҳу анҳу) дин ишларида маслаҳат сўрар, у зот Қуръон ва суннатга асосланиб жавоб қайтарарди. Саҳоба (розияллоҳу анҳу) ҳижрий 22 йили, баъзи ривоятларда 30 йилда вафот этгани айтилган. Унинг вафоти Мадина аҳлини қаттиқ изтиробга солган. Каттаю кичик барча кишилар: “Мусулмонларнинг саййиди вафот этди”, дея афсус қилишган.

 

Зарифа МАҲКАМ қизи тайёрлади.