Тўлиқ исми: Диҳя ибн Халифа ибн Фарва ибн Фазола Калбий Қузоъий.

Аллоҳ таоло набийлар ва расулларга ваҳий элтиш вазифасини юклаган буюк фаришта Жаброил (алайҳиссалом) Пайғамбаримиз ҳузурига Диҳя Калбийнинг (розияллоҳу анҳу) суратида келар эди.

Исломни қабул қилиши: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Диҳянинг Исломга киришини жуда хоҳлардилар. Чунки унинг етти юзга яқин қариндоши бўлиб, яқинлари орасида таъсири кучли эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ, Диҳя Калбийнинг мусулмон бўлишини насиб эт”, деб дуо қилдилар. Бир куни Диҳя Исломни қабул қилиш ҳақида ўйлаб қолди. Аллоҳ таоло пайғамбарига бу ҳақда хушхабар бериш учун бомдод намозидан кейин: “Эй Муҳаммад, ҳозир сенинг ҳузурингга Диҳя киради”, деб ваҳий қилди. Баъзи саҳобалар жоҳилият даврида Диҳя билан чиқишмай юрганларидан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) хабардор эдилар. Саҳобаларнинг унга совуқ муомала қилиб қўйишларидан ва Диҳянинг Исломдан юз ўгиришидан хавотирландилар. Диҳя масжидга кириб келди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ўринларидан туриб, ридоларини ечиб, ерга тўшадилар ва уни ўтиришга таклиф этдилар. Диҳя Калбий Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) эҳтиромларидан тўлқинланиб, йиғлаб юборди ва ридони ердан кўтариб, ўпди. Юз-кўзларига суртди.

Фазилатлари: Ибн Саъднинг (раҳматуллоҳи алайҳ) айтишича, Диҳя Бадр жангидан олдин Исломни қабул қилган. Лекин унда иштирок эта олмаган. Шаъбий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: Диҳя Калбий бундай хотирлаган: “Мен Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жундан тўқилган чопон ва бир жуфт кавуш ҳадя қилдим, уларни йиртилиб кетгунича кийдилар”.

Яҳё ибн Салама отасидан, у киши Диҳя Калбийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) мени мактуб билан Қайсарга элчи қилиб юбордилар. Сарой эшигига етиб келганимда: “Мен Аллоҳ элчисининг элчисиман”, дедим. Улар бу сўздан даҳшатга тушди. Бир киши Қайсар ҳузурига кириб рухсат сўради. Шундан сўнг мени ичкарига киритишди. Мактубни Рум қайсарига узатдим. Мактуб бошида: “Аллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан Рум подшоси Қайсарга” деган ёзув бор эди. Саройда ўтирган Қайсарнинг амакиваччаси бундан ғазабланиб: “Нима учун мактубни сенинг номинг билан бошламабди, шу сабаб сен уни бугун ўқима”, деди. Қайсар атрофидаги одамларга чиқиб кетишларини буюрди ва ўзи руҳонийни чақирди. Руҳоний мактубни ўқигач: “Аллоҳга қасам, бу бизга Исо ва Мусо башорат қилган Аллоҳнинг элчисидир”, деди. Қайсар: “Нима қилиш керак деб ўйлайсан?” деб ундан сўради. Руҳоний: “Унга эргашмоғимиз керак”, деди. Шунда Қайсар: “Сен айтаётган нарсани яхши тушуниб турибман. Лекин унга эргашолмайман. Ундай қилсам, салтанатимдан айриламан. Румликлар мени ўлдиради”, деди” (Имом Бухорий, Имом Муслим).

Жаброил (алайҳиссалом) унинг суратида: Исмоил Истанбулийнинг “Руҳул Баён” тафсир китобида қуйидаги маълумотлар келтирилади: “Жаброилнинг (алайҳиссалом) Диҳя Калбий (розияллоҳу анҳу) суратида ваҳий олиб келиши Диҳя Исломга киришидан олдин ҳам содир бўлган”.

Умму Салама онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир одам билан гаплашиб ўтирардилар. Ҳалиги киши туриб кетгач, у зот (алайҳиссалом) мендан: “Эй Умму Салама, бу киши кимлигини биласанми?” деб сўрадилар. Шунда мен: “Бу Диҳя Калбий”, дедим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ўртамизда бўлиб ўтган воқеани саҳобаларга айтиб бермагунларича келган киши Жаброил (алайҳиссалом) эканини билмаган эдим”.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаброил менинг олдимга Диҳянинг суратида келади. Диҳя жуда чиройли ва хушсурат одам”, деб айтардилар”.

Абу Муҳаммад ибн Қутайба (розияллоҳу анҳу) айтади: Диҳя Калбий (розияллоҳу анҳу) Мадинадаги саҳобийларнинг энг гўзал ва хушсурати бўлганига шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам Жаброил (алайҳиссалом) унинг суратига кириб, ваҳий олиб келардилар”.

Олимлардан бири айтади: “Диҳя ўз замонасининг энг хушсурат кишиси бўлган. Жаброил (алайҳиссалом) бу саҳоба суратида Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) олдиларига келишининг ҳам ўзига яраша ҳикмати бор эди. Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) азобнинг хабари ёки танбеҳ оятлари нозил бўлган пайтда элчининг истарали юзи у зотга (алайҳиссалом) таскин берарди”.

* * *

Саҳиҳ ривоятда келади. Хайбар жанги кунида асирлар ичидан Сафийя онамиз Диҳя Калбийга (розияллоҳу анҳу) улуш бўлиб тушди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Диҳядан Сафийя онамизни (розияллоҳу анҳо) сотиб олиб, озод қилдилар, сўнг уйландилар.

* * *

Ярмук жангида қатнашганидан сўнг Дамашқ шаҳрининг жанубида жойлашган Мизза деган кичик қишлоқда яшади. Ўша ерда ҳазрат Муовия (розияллоҳу анҳу) замонида дунёдан ўтди.

 

Сурайё ИБРОҲИМОВА тайёрлади.