(розияллоҳу анҳо)

Тўлиқ исми: Зайнаб бинти Абу Салама Абдуллоҳ ибн Абдул Асад ибн Ҳилол ибн Амр ибн Махзум, Махзумия.

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарбияларини олган (ўгай қизлари). Онаси: Умму Салама бинти Абу Умаййа (розияллоҳу анҳо).

Ривоят қилинади: Ҳабашистонда туғилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хонадонларига келганида гўдак эди. Ибн Саъд (раҳимаҳуллоҳ) айтади: Асмо бинти Абу Бакр уни эмизган. Шунинг учун Зайнаб Зубайр ибн Аввом болаларининг холаси.

Асл исми Барра бинти Абу Салама ибн Абдул Асад бўлган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) исмини “Зайнаб” қўйганлар. Мадина аёлларининг фазилатлиси эди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уни яхши кўриб: “Зайнаб қаерда? Зайнаб нима қилди?” деб чақирар эдилар.

Ҳадис ривоят қилиши: Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) 7 та ҳадис ривоят қилган. Шунингдек, Ойша ва Умму Ҳабибалардан (розияллоҳу анҳунна) ҳам ҳадис ривоят қилган. Зайнаб бинти Абу Саламадан (розияллоҳу анҳо) ўғли Абу Убайда ибн Абдуллоҳ ибн Замъа, Муҳаммад ибн Ато, Арок ибн Молик, Хумайд ибн Нофеъ, Урва ибн Зубайр, Абу Салама ибн Абдураҳмон, Зайнул Обидийн Али ибн Ҳусайн ва бошқалар (розияллоҳу анҳум) ҳадис ривоят қилишган.

Фазилати: Зайнаб бинти Абу Салама (розияллоҳу анҳо) холасининг ўғли саҳоба Абдуллоҳ ибн Замаъ ибн Асвадга (розияллоҳу анҳу) турмушга чиқди. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарбияларини олгани сабаб кейинчалик Мадина аёлларининг фақиҳаси бўлиб етишди. Абу Рифоа Соиғ айтади: “Мадиналик фақиҳ аёлни эслайдиган бўлсам, Зайнаб бинти Абу Саламани эслардим. Зайнаб бинти Абу Салама бундай ҳикоя қилганди: “Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таҳорат олаётган эдилар. Онам: У зотнинг олдиларига кир, деб айтдилар. Кирганимда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юзимга сув сачратиб: “Орқангга қайт”, деб айтдилар. Мен Зайнабни қариганида кўрдим. Юзига биронта ажин тушмаган эди” (Имом Табароний “Кабир” китобида келтирган).

Ҳижратнинг саксонинчи йиллари оламдан ўтди.

 

Ихтибор ҚОДИРОВА

Сами Анвар Жаҳиннинг “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) атрофидаги аёллар” китоби асосида тайёрлади.