Тўлиқ исми: Сафия бинти Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай. Милодий 570 йили туғилди. Онаси: Ҳола бинти Ваҳб ибн Абдуманоф ибн Зуҳра ибн Килоб. Ҳазрат Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг (розияллоҳу анҳу) она бир опаси. Отаси Абдулмутталиб вафот этганида 9 ёшда эди. Акаларидан бири уни қарамоғига олган. Саҳиҳ ривоятларга кўра, бу Абу Толиб бўлган. Чунки у оғалари орасида сингилларига яхши қаровчи ва тўғри тарбия берувчи эди. Жоҳилият замонида Абу Суфён ибн Ҳарбнинг акаси Ҳорис ибн Ҳарбга турмушга чиққан. Фижор урушида эри ҳалок бўлганидан сўнг Аввом ибн Хувайлидга эрга тегди. Ушбу турмушидан Шаиб, Зубайр ва Абдулкаъба исмли фарзандлар кўрди.

Исломни қабул цилиши: Сафия ўғли Зубайр ва укаси Ҳамза ибн Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳум) билан бир вақтда Исломга кирди. Ривоятларда келишича ўғли Шаиб ҳам Исломни қабул қилган.

Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) байъат берган аёлларнинг ичида Сафия (розияллоҳу анҳо) ҳам бор эди. Бу воқеа онамизнинг ҳаётида ёрқин из қолдирди. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даъватларини ёйиш йўлида жонбозлик кўрсатди. Кейинчалик ўғли Зубайр билан Мадинага сафар қилди.

Фазилатлари: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Сафия онамизни (розияллоҳу анҳо) жуда яхши кўрганлар, эъзозлаганлар. У зот (алайҳиссалом) оила аҳлларига васият қилаётганларида унинг исмини алоҳида тилга олиб, бундай деганлар: “Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима! Эй Абдулмутталибнинг қизи Сафия! Эй Абумутталиб болалари! Сизга Аллоҳдан келадиган бирор нарсани қайтаришга қодир эмасман. Мол-мулкимдан нимани хоҳласангиз, сўранг”.

Сафия (розияллоҳу анҳо) қурайшлик аёлларнинг эътиборлиси, жасури ва олимаси эди. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир нечта ҳадис ривоят қилди. Шеър айтишда ўзига хос маҳоратга эга бўлиб, отаси Абдулмутталиб ва Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) бағишланган марсиялари ҳозиргача етиб келган. Шунингдек, у Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) жаннат башоратини берган ўн саҳобанинг бири Зубайр ибн Аввомнинг (розияллоҳу анҳу) онасидир.

Бардошли аёл: Уҳуд куни ҳазрат Ҳамза (розияллоҳу анҳу) ўлдирилди. Ўша куни Сафия (розияллоҳу анҳо) мусибат келганида инсон қандай сабр қилиши кераклигини амалда кўрсатди. Акасининг жасади ёнига кетаётганида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уни ўғли Зубайр ибн Аввом (розияллоҳу анҳу) орқали тўхтатишга уриндилар ва: “Онангни қайтар. Акасининг жасадини кўрмасин”, дедилар. Зубайр ибн Аввом (розияллоҳу анҳу) онасининг олдига келиб: “Эй онажон, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайхи ва саллам) сизни қайтсин, деб буюрдилар”, деди. Сафия (розияллоҳу анҳо): “Нима учун? Акамнинг ўлдирилгани ҳақида эшитдим. Бунга сабр қиламан ва савоб умидида бўламан”, деди. Зубайр ибн Аввом (розияллоҳу анҳу) онасининг сўзини етказганида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Унинг йўлини тўсманг”, дедилар. Сафия (розияллоҳу анҳо) акаси учун истиржо ва истиғфор айтиб, чиройли сабр қилди.

Талабчан она: Сафия (розияллоҳу анҳо) фарзанд тарбиясида ҳам намунали оналардан бўлди. Кичиклигида отасидан етим қолган ўғли Зубайрни меҳр ва талабчанлик билан тарбия қилди. Одамлар: “Болани қийнаб юбординг”, деб танбеҳ беришса, “Унинг тоғдек мустаҳкам йигит бўлишини истайман”, дерди. Онанинг орзуси ушалди. Ўғли Зубайр (розияллоҳу анҳу) 15-16 ёшида Исломни қабул қилиб, шариат илмларини ўрганди. Моҳир саркарда, жамоат арбоби ва саховатпеша инсон бўлиб етишди. “Расулуллоҳнинг ҳаворийси” деган номга мушарраф бўлди. Сафия (розияллоҳу анҳо) эса “Ҳаворийнинг онаси” унвонига эришди.

Вафоти: Сафия (розияллоҳу анҳо) ҳижратнинг 20-йили (милодий 641) Умар ибн Хаттоб замонасида 73 ёшда дунёдан ўтди. Жаноза намозини Умар ибн Хаттоб ўқиб берди. Бақиъ қабристонига дафн қилинди.

Абдулазиз ҲАМДАМОВ,

“Усмон ибн Мазъун” жоме масжиди имом ноиби