Абу Суфён Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бир оилада катта бўлган тенгдош, амакиларининг ўғли ва эмикдош эди. Ваҳий келгунига қадар Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг яқин дўст ва суянчиқ бўлган. Бу қардошлик сабабли Исломни биринчилардан қабул қилиши керак эди. Бироқ бунинг акси бўлиб чиқди. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даъватни бошлаган кунларидан у зотга душман бўлиб олди.

Кеч бўлса-да Исломни қабул қилди. Бу ҳақда ўзи бундай ҳикоя қилади:

"Мусулмонлар Маккага кириб келаётган эди. Мен аёлим ва болаларимга: "Бу ердан тезроқ қочиш керак, ҳозир Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ерга келаётганини эшитиб қолдим", дедим. Аёлим эса менга: "Исломни қабул қилиш вақти келмадимикан, сен бир вақтлар Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг яқин дўсти эдинг-ку", деди. Бундан таъсирланиб қулим Мазкурга от ва егулик тайёрлашни буюрдим.

Ўғлим Жаъфарни олиб Макка ва Мадина ўртасидаги Абвага йўл олдим. У ерга боргач, мени биров таниб қолмасин деб юзимни беркитдим. Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига бориб юзимни очдим. У зот ўша заҳоти мендан юз ўгириб олдилар. Мен қайта-қайта юзларига қарайвердим. Исломни қабул қилиш учун келган бўлсам-да, бу ҳолатни кўрган мусулмонлар ҳам мендан юз ўгирди. Абу Бакрга (розийаллоҳу анҳу) қарасам, у киши ҳам мендан хафа. Умар ибн Хаттоб ундан баттар жаҳли чиққан. Шунда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдимга бир ансорни юбордилар. У мусулмонларга етказган зарарларимни юзимга солди. Амаким Аббосга кўзим тушди.

– Амаки, Муҳаммад билан гаплашинг, мен Исломни қабул қиляпман, у зотни кўндиринг, мени кечирсинлар, – дедим. У киши:

– Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сенга қарамаяптилар ҳам, мен нима қилай? – деди. Қариндошим Али ибн Абу Толибга ҳам илтимос қилдим. Лекин у ҳам менга ёрдам бера олмади.

Мусулмонлар Маккадан тўрт чақирим узоқликдаги Жаҳфада тўхтаганларида ўғлим билан Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чодирлари олдида туриб олдим. Қанча ҳаракат қилсам ҳам, менга қарамадилар. Шунда:

– Мени кечирадими ёки йўқми, ўғлимни олиб бошим оққан томонга кетаман, – дедим. Бу сўзларни Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) етказишибди. Шундан сўнг чодирдан чиққанларида менга бир назар ташладилар. У зотнинг жилмайишларини жуда-жуда хоҳлардим. Ўжарлик қилиб кетларидан қолмадим.

Амаким Аббос Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

– Қара, динимиз йўлида ўзини аямасдан курашяпти, кечирақол уни, – деди. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

– Мен уни кечирдим, менга олдин қилган ёмонликларини Аллоҳ ҳам кечирди, – дедилар".

Шундан кейин Абу Суфён (розийаллоҳу анҳу) умрини Қуръон тиловат қилиш, Ислом аҳкомларини ўрганиш ва намоз ўқишга бағишлади. У бир гал масжидга кириб кетаётганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ойша онамизга (розийаллоҳу анҳо): "Танидингми, амакимнинг ўғли Абу Суфёндир", деб айтдилар.

 

Азиз ҲАКИМОВ тайёрлади.