Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Ғофил ибн Ҳабиб Абу Абдураҳмон Ҳузалий Маккий. Паст бўйли, озғиндан келган, болдирлари ингичка эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хурмо олиш учун дарахтга чиқаётганда саҳобалар унинг болдирларини кўриб, кулишади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Нега куляпсизлар? Қиёмат куни тарозуда Абдуллоҳнинг болдирлари Ухуд тоғидан кўра оғирроқ бўлади”, дея марҳамат қиладилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд бундай ҳикоя қилади: “Уқба ибн Муъайтнинг қўйларини боқардим. Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) олдимдан ўтиб қолишди. Мендан: “Эй болакай, сут борми?” деб сўрадилар. “Бор, лекин омонат”, деб айтдим. “У ҳолда ҳали сут бермаган қўйинг борми?” дедилар. Мен бир қўй келтирдим. Силаган эдилар, елинидан сут келди. Бир идишга соғиб, ўзлари ичдилар ва Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)га ҳам бердилар.

У зот (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига бориб: “Ё Расулуллоҳ, мени дуо қилинг”, деб айтдим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бошимни силадиларда: “Аллоҳ сенга раҳматини насиб қилсин. Сен билувчи боласан”, дедилар”.

Шу кундан бошлаб Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан айрилмади. Ҳатто Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу): Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)ни (кўп уйларига кириб юрганидан) у зот (алайҳиссалом)нинг аҳлларидан деб ўйлардим”, деб айтган.

Қосим ибн Абдураҳмон (розияллоҳу анҳу) бундай ҳикоя қилади: “Ибн Масъуд Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг оёқ кийимларини тўғрилаб қўярди. Сўнг у зот (алайҳиссалом)нинг ёнларида ҳассани олиб юрарди.

Саъд (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: “Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларида тахминан олти киши эдик. Мушриклар: “Уларни ёнингдан ҳайда. Олдимизда ҳаддиларидан ошишмасин”, деган талаб қўйишди. Мен билан Ибн Масъуд ва бошқалар бор эди. Ўшанда Аллоҳ таоло: “Эртаю кеч (доимо) Парвардигорларининг “юзи”ни истаб, Унга дуо (ибодат) қилаётганларни (ҳузурингиздан) ҳайдаманг! (Анъом, 52) оятини нозил қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дердилар: “Мендан олдин ўтган ҳар бир пайғамбарга еттитага яқин ёрдамчи берилган. Менга эса ўн тўртта берилди: “Ҳамза, Жаъфар, Али, Ҳасан, Ҳусайн, Абу Бакр, Умар, Миқдод, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Зар, Ҳузайфа, Салмон, Аммор ва Билол”.

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг оғизларидан етмишта сурани ўрганди. У Қуръонга муҳаббат қўйганди. Ҳатто Маккада биринчи бўлиб Қуъони каримни очиқ тиловат қилган киши бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Қуръони каримни янги нозил бўлганидек эшитишни истаса, Ибн Умму Абд – Абдуллоҳ ибн Масъудни тингласин”, деб марҳамат қилганлар.

Иброҳим Нахаий (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)га: “Менга тиловат қилиб бер”, деб айтдилар. Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “У сизга нозил бўлган бўлса, мен ўқиб берайми?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен бошқадан эшитишни хуш кўраман”, дедилар. Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) Нисо сурасининг бошидан бошлаб ушбу оятгача ўқиди: “Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва Сизни (эй Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?!” (Нисо, 41). Шу вақтда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бўлди, етарли”, дедилар ва йиғладилар”.

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ҳақида: “Дарҳақиқат, у динда фақиҳ ва суннатни яхши билувчидир”, деб айтган.

Бир куни Абдуллоҳ ибн Амрнинг ҳузурида Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳумо) эсланди. Шунда Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу): “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Қуръонни тўрт кишидан ўрганинглар: Ибн Масъуд, Солим Абу Ҳузайфа, Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал”, деб айтганларидан бери у кишини яхши кўришдан ҳеч тўхтамайман”, деди (Бухорий, Муслим, Термизий).

Абу Атия (розияллоҳу анҳу) айтади: “Масруқ билан Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)нинг ҳузурига кириб, бундай дедик: “Эй мўминларнинг онаси, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг саҳобаларидан икки киши бор. Бири ифторни ҳам, намозни ҳам тезлатади. Бошқаси эса ифторни ҳам, намозни ҳам кечиктиради”. Ойша (розияллоҳу анҳо): “Улардан қай бири намоз ва ифторни шошилтиради?” деб сўради. Биз: “Абдуллоҳ ибн Масъуд”, деб айтдик. Шунда Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо): “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай қилардилар, деб жавоб берди”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) бундай дерди: “Ким билса, гапирсин. Билмаса, Аллоҳ билувчидир, деб айтсин. Аллоҳ таоло Пайғамбари (алайҳиссалом)га бундай деган: (Эй Муҳаммад! Уларга) айтинг: “Мен (пайғамбарлигим учун) сизлардан ҳақ сўрамайман ва мен (пайғамбарликни ўзимча) даъво қилувчилардан ҳам эмасман”» (Сод, 86).

Хатоларнинг энг каттаси ёлғон, мўминни сўкиш фосиқлик, уни ўлдириш эса куфрдир. Уни ўлдириш ҳаром бўлганидек, молини ноҳақ олиб қўйиш ҳам ҳаромдир. Ким кечирса, Аллоҳ ҳам уни кечиради. Ким ғазабини енгса, Аллоҳ уни мукофотлайди. Ким бировнинг гуноҳини беркитса, Аллоҳ ҳам унинг гуноҳини беркитади. Ким мусибатга сабр қилса, Аллоҳ таоло ундан сўнг яхшилик келтиради. Олим, ўқувчи ёки эшитувчи бўл. Тўртинчи одам бўлма, ҳалок бўласан.

 

* * *

Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳижратнинг 32-йили олтмиш ёшдан ошганда Мадинада вафот этди. Унинг жанозасини Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) ўқиди. Бақи қабристонига дафн этилди.

 

Сайдуллоҳ ИСМОИЛОВ,

Асака шаҳри “Аҳмадали Махдум” жоме масжиди имом-хатиби