Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) Эронда туғилган. Асл исми “Рузбеҳ”дир. “Мобаҳ ибн Юзхешон” деганлар ҳам бор. Куняси: Абу Абдуллоҳ. Форслардан биринчи бўлиб Исломни қабул қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хизмат қилиб, ҳадислар ривоят этди. Матонати, ақл-заковати, ибодатда мустаҳкамлиги, донишмандлиги билан ажралиб турарди.

Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) ҳақ динни излаб ўз ота уйини тарк этди. Олдин насроний динини, кейинроқ эса Мадинага келиб Исломни қабул қилди. У зот (розияллоҳу анҳу) бундай ҳикоя қилади: “Ўшанда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Қубога келганларини эшитдим. Эртаси куни егулигимдан олиб у зот (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига бордим ва: “Эшитишимга қараганда солиҳ киши экансиз. Сиз билан ғариб-ҳожатманд саҳобаларингиз ҳам бор экан. Менда садақа бор. Бу шаҳарда унга энг ҳақли киши сиз деб билдим. Мана олинг”, дедим.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) озуқани олиб, саҳобаларига: “Енглар”, дедилар. Шунда мен ўзимга ўзим: “Мана шу устозим зикр қилган унинг ўзига хос сифатидир”, дедим. Кейин ортимга қайтиб кетдим. Бу орада Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Мадинага кетдилар. Ўзимда бор нарсани тўпладимда яна у зот (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига келдим ва: “Сизнинг садақа емаслигингизни кўрдим. Мана бу ҳадя”, деб айтдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам саҳобалар ҳам ундан олиб едилар”. Шу онда: “Мана бу иккинчи хос хислат”, деб ишонч ҳосил қилдим.

Кейинги сафар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг олдиларига келганимда у зот (алайҳиссалом) саҳобалари орасида жанозага эргашиб кетаётган эканлар. Эгнимда икки қават чопоним бор эди. Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)да пайғамбарлик муҳрини кўриш учун у зот (алайҳиссалом)нинг ортларидан кузата бошладим. Кетларидан ҳеч қолмаётганимни билгач, пайғамбарликларининг исботини кўрмоқчи эканимни англадилар ва ридоларини елкаларидан ташладилар. Мен муҳрга қараб, уни танидим. Сўнг ўзимни у зот (алайҳиссалом)нинг бағрига отдим, қучоқлаб йиғладим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга нима бўлди?” деб сўрадилар. Мен бошимдан ўтказганларим ҳақида сўзлаб бердим...

* * *

Али ибн Толиб (розияллоҳу анҳу) Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)ни “Луқмони ҳаким” дерди. Абу Бухтарий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу)га: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобалари ҳақида хабар беринг”, деб айтишди. Али (розияллоҳу анҳу): “Қайси бирлари ҳақида сўраяпсизлар?” деди. “Салмон ҳақида?” деб сўрашди. Жавоб берди: “Илмнинг аввали ҳам, охири ҳам берилди. У илмда тубсиз уммон кабидир. У биздан, аҳли байтдан” (Имом Табароний).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Салмон билан Абу Дардо (розияллоҳу анҳумо)ни дўст тутинтирган эдилар. Бир куни Салмон Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)ни зиёрат қилгани уйига борди. Умму Дардо (розияллоҳу анҳо)ни эскирган кийимда кўриб: “Сенга нима бўлди?” деб сўради. Умму Дардо (розияллоҳу анҳо): “Дўстингиз Абу Дардонинг дунё билан ҳеч иши йўқ”, деб жавоб берди. Абу Дардо келганда Салмон унга таом тайёрлаб берди ва: “Мана бундан ол”, деб айтди. Абу Дардо: “Мен (нафл) рўза тутганман”, деганда Салмон: “Сен емагунингча, мен ҳам емайман”, деб туриб олди, сўнг у таомдан еди. Кечаси Абу Дардо намоз ўқишни бошлади. Салмон: “Ухла”, деб, уни ухлашга мажбур қилди. Туннинг иккинчи ярмида яна намозга турди. Бунда ҳам Салмон уни ухлашга мажбурлади. Туннинг учинчи қисми кирганда Салмон: “Ана энди тур”, дея иккалалари намоз ўқишди. Сўнг Салмон Форсий Абу Дардо (розияллоҳу анҳумо)га бундай насиҳат берди: “Раббингни сенда ҳақи бор, нафсингни сенда ҳақи бор, оила аҳлингни сенда ҳақи бор. Сен ҳар бир ҳақ эгасининг ҳақини бергин”.

Эртаси куни Абу Дардо бўлиб ўтганлар ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га гапириб берди. У зот (алайҳиссалом): “Салмон тўғри айтибди”, дея унинг қилганларини тасдиқладилар (Имом Бухорий, Имом Муслим).

 

* * *

Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) ўлим тўшагида эканида унинг ҳузурига кирди. Салмон (розияллоҳу анҳу) йиғлаётган экан. У кишидан: Эй Абу Абдуллоҳ, нега йиғлаяпсиз? Ахир, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) сиздан рози ҳолда вафот этган бўлсалар”, деди. Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу): “Ўлимдан қўрқиб, дунёга муҳаббат қўйганимдан йиғлаётганим йўқ. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам ) бизга: “Ҳар бирингизнинг дунёдан насибаси, мусофирнинг юки каби бўлсин”, дея тавсия берганлар. Мени қаранг, ёнимдаги нарсаларни? деганида, Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) ёнига қараб, тоғора ва обдастадан бошқа нарса топмади. Шундан сўнг Салмондан: Эй Абу Абдуллоҳ, мени бир нарсага буюргинки, унга амал қилай”, деб айтди. Салмон: “Эй Саъд, ҳукм чиқараётганингда, нарсани тақсимлаётганингда ва ишни бошлашингда Аллоҳга тақво қилгин”, деди (Ибн Можа).

Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)нинг хотини бундай ривоят қилади: “Салмон вафоти куни болохонада эди. Мени чақирди ва: “Эшикларни очиб қўй. Бугун менинг зиёратчиларим келади. Қайси эшикдан кириб келишларини билмайман”, деб айтди. Сўнг мушк олиб келишни буюрди. Келтирганимда: “Буни идишга солиб, сув билан аралаштир, кейин тўшагим атрофига сепиб чиқ”, деди. Шундан сўнг у кишига қарасам, жони узилган экан. Гўёки ухлаб ётган кишига ўхшарди” (Абу Наъим).

Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) ҳазрат Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) замонида вафот этди. Аллоҳ ундан рози бўлсин.

 

Манбалар асосида ТИИ 4-курс талабаси Мухторжон АКРОМОВ тайёрлади.