Ҳижрий олтинчи йили Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалардан бир гуруҳини йиғдилар. Саҳобаларнинг вазифалари Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг мактубларини ажам халқларининг подшоҳларига етказишдан иборат эди. Мазкур вазифа ўта муҳим бўлиб, саҳобалар борадиган шаҳар ҳақида ҳам, у ернинг подшоҳлари ҳақида ҳам ҳеч нарса билишмасди. Шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча саҳобаларини жамлаб, шу ҳақда хабардор этдилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, сиз буюрган ишни, албатта, бажарамиз. Бизни хоҳлаган жойингизга юборинг”, деб айтишди. Бу ишга саҳобалардан олти нафари сафарбар этилди. Улар ичида Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу) Форс шоҳи Кисронинг ҳузурига бориши белгиланди.

Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу) Форс диёрига етиб келгач, сарой аъёнларини мактуб олиб келгани ҳақида огоҳлантирди ва подшоҳ ҳузурига киришга изн сўради. Кисро аъёнларини ҳамда амалдорларни ҳузурига чақириб, сўнг саҳобага кириш учун изн берди.

Кисро одамларидан бирига хатни топширишга буюрганда, Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу): “Йўқ, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бу хатни ўз қўлим билан топширишимни буюрганлар”, деди. Шунда Кисро: “Майли қўйинглар, ўзи берсин”, деб буюрди. Кисро котибни чақирди ва унга мактубни ўқишни буюрди. У ўқий бошлади: “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Форс шоҳи Кисрога. Ҳидоятга эргашганларга саломатлик бўлсин…” Кисро мактубдан фақат шу миқдорини эшитди-ю, ғазаб отига минди. Юзлари қизариб, бўйнидаги томирлари бўртиб чиқди. Сўнг котибнинг қўлидан мактубни юлиб олди ва уни йиртиб ташлади. Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу)ни ҳузуридан чиқариб юборди.

Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу) уловига миниб юртига қайтиб кетди. Ғазабидан тушган Кисро Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу)ни келтиришларини буюрди. Аммо у кишини қидириб топа олишмади...

* * *

Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу)нинг Рум шоҳи Қайсар билан учрашуви ҳижрий ўн тўққизинчи йили, Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврига тўғри келди.

Қайсар олдин ҳам мусулмонларнинг комил имонли, мустаҳкам эътиқодли эканлари ҳамда Аллоҳ ва Унинг расули учун ҳар нарсага тайёр туришлари ҳақида эшитган эди. Ўз диёрига фотиҳ мусулмонлари келганидан хабар топиб, одамларига: “Агар улардан бирортаси асир тушса, ҳузуримга олиб келинг!” деб буюрди. Асирлар орасида Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу) ҳам бор эди. Уни Қайсарнинг олдига олиб келишди.

Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу)га подшоҳ узоқ тикилиб турганидан сўнг: Сенга бир таклифим бор”, деди. “Динингдан қайт. Агар шундай қилсанг, сени озод этаман ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатаман”. Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу): “Ҳеч қачон! Бундан кўра ўлим мен учун минг марта яхшироқ”, деди. “Сен жуда ҳам шижоатли одамга ўхшайсан. Агар таклифимга кўнсанг, салтанатимнинг тенг ярми сеники бўлади… Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳга қасам, барча мулкингни, шунга қўшиб бутун арабларнинг бойлигини берсанг ҳам динимдан қайтмайман!” деди. “Ундай бўлса, сени ўлдираман”, деди Қайсар. “Хоҳлаганингни қил”, жавоб қилди саҳоба. Қайсар уни ёғочга боғлади, сўнг бир моҳир мерган чақиртириб, ўқ узишни буюрди. Биринчисида қўлининг яқин ерига, иккинчисида оёғининг яқин жойига ўқ узилди. Аммо саҳоба Қайсарнинг буйруғини бажармади.

Ўзининг қабиҳ ниятига ета олмаган золим шоҳ одамларига Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу)ни ечиб юборишни буюрди.

Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу) Румдан қайтиб келиб, Умар (розияллоҳу анҳу)га бўлган воқеани гапириб берди.

Аллоҳ таоло барча саҳобалардан, хусусан, Абдуллоҳ ибн Ҳузофа (розияллоҳу анҳу)дан рози бўлсин.

 

Манбалар асосида Сайдуллоҳ ТОҲИРОВ тайёрлади