Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу).... Шу номли буюк саҳоба бундан 14 аср муқаддам яшаб ўтган бўлса-да, у зотга бўлган ҳурмат-эҳтироми мусулмонлар қалбларидан ўчмаган. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматига севимли у муборак сиймо ёди ҳамиша эҳтиром билан эсланади.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) дуоларининг баракоти билан исломни қабул қилган, тириклигида жаннат башоратини олган саҳоба Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулуззо ибн Каъб ибн Нуай ибн Фиҳр. Тўртинчи бобоси Каъб ибн Луайда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) насаблари билан туташади. Фил йилидан ўн уч йил ўтиб туғилди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом)га нубувват келганида ёши йигирма еттида эди. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)дан сўнг ўн йил, олти ой, тўрт кун мусулмонларга раҳбарлик қилди.

***

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) аввалда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва саҳобаларга адовати кучли шахслардан бири бўлган. Аллоҳ таоло унинг қалбига Ўз дини ва расулининг муҳаббатини солгач, одил, динпарвар инсонга айланди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг энг яқин кишиларидан бири бўлди. У зот (алайҳиссалом)ни ўз жонидек ҳимоя қилди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уни: “Абу Хафс” (қизи Ҳафсага нисбатан айтилган) ва: “Форуқ” (ҳақ билан ботилни ажратувчи) деб атай бошладилар. Мўъминларга раҳбарлик қилган даврида эса “Мўминларнинг амири” номини олди. Унинг Абдуллоҳ исмли ўғли бўлиб, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг феълларига энг кўп эргашган саҳобалардан. Хафса, Фотима, Осим ва бошқа фарзандлари ҳам бўлган.

***

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳоблари орасида ўтирганларида: “Абу Бакр қандай ҳам яхши инсон, Умар қандай ҳам яхши инсон” (Имом Термизий), дея марҳамат қилдилар. Бошқа бир куни Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) масжидга кириб: “Абу Бакр қаерда? Олдимга келсин. Умар қаерда? Олдимга келсин”, деб айтдилар. Олдиларига келганларида эса, иккисининг ҳам қўлидан тутиб: “Қиёмат кунида худди шундай қайта тириламиз”, дедилар (Ибн Асокир).

Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига кириш учун рухсат сўради. Ўша вақтда Қурайш аёллари Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳузурларида гапира туриб овозларини у зот (алайҳиссалом)нинг овозларидан баланд кўтармоқда эдилар. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)га киришга рухсат берилганида тезда парда ортига яшириниб олдилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) унга кириш учун рухсат бердилар. Умар кирганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кулаётган эдилар. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳ сизни суюнтирсин, ё Расулуллоҳ”, деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): Ана уларнинг ҳузуримда қилган ишлари мени ажаблантирди. Сенинг овозингни эшитишлари биланоқ яшириниб олишди”, дедилар. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, ҳайбатланишларига сиз ҳақлироқсиз”, деди ва аёлларга: “Эй ўз жонининг душманлари, мендан ҳайбатланасизлар-у, Аллоҳнинг расулидан ҳайбатланмайсизми?” деб айтдилар. Аёллар унга жавобан: “Ахир сен қаттиқ қўлсан-да”, дедилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) кулдилар ва: “Биласанми эй Ибн Хаттоб, жоним измида бўлган Зотга қасам, агар шайтон сенга водийда дуч келиб қолса, бошқа водийга ўтиб кетади”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

 

Манбалар асосида Тошкент шаҳридаги “Ҳазрат Умар” жоме масжиди имом-хатиби Хусанбой ШЕРМАТОВ тайёрлади.